"Бобур арена"да голлар шоуси ёхуд мухлислар завқ олган ўйин ҳақида

  • 17 октября, 23:24
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Суперлиганинг 25-туридан ўрин олган “Андижон” - “Шўртан” қарама-қаршилиги турнинг энг яхши, жозибали ўйинларидан бирига айланмоқда. Чунки мухлислар очиқ футбол, ҳужумкор, қизиқарли ва албатта голларга бой ўйин гувоҳига айландилар.

Tecno

Учрашув мезбонлар учун жуда яхши бошланганди. 5-дақиқада Бектемир Абдуманноновнинг қанотдан узатган пасини Отабек Жўрақўзиев голга айлантирган ҳолда голлар шоусини бошлаб берди. Эътиборлиси, Жўрақўзиев “Андижон”даги ўзининг голлари ҳисобини очишга муваффақ бўлди. 17-дақиқада “Шўртан” дарвозасига иккинчи гол киритилди. Унинг амалга ошишида айниқса яна Бектемир Абдуманноновнинг заргарона узатмасини алоҳида эътироф лозим. У Усмонали Исмоналиевни қулай имкониятга чиқарди ва бундан ушбу футболчи усталик билан фойдаланиб қолди. 

Лигада жон сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан курашаётган “Шўртан”ни йўқотадиган нарсаси қолмаганди ва улар ҳам бор эътиборини ҳужумга қаратишди. Мезбонларнинг иккинчи голидан уч дақиқа ўтгач, ғузорликлар ҳисобни қисқартиришди. 2:1 дан кейин “Андижон”да ҳисобни 3:1 га айлантириш учун ажойиб имконият бўлганди. Бироқ Дамир Темиров пенальтидан фойдалана олмади, унинг зарбасини дарвозабон қайтарди.

Футбол шуниси билан қизиқки, унда исталган вазиятда ўйин суръати ўзгариб кетиши мумкин. “Шўртан” 2:0 ҳисобида ортда қолаётиб, биринчи бўлимга 2:2 билан чиқиб кетди. Темировнинг пенальтидан фойдалана олмаган вазиятидан 7 дақиқа ўтгач, меҳмонлар ҳисобни тенглаштирдилар.

Иккинчи бўлимда “Андижон” албатта вазиятни ўзгартира олишига барчада ишонч юқори эди. Чунки “Бургутлар”га ҳам ғалаба жуда зарур эди. Танаффусда мураббийдан керакли кўрсатмаларни олишган футболчилар танаффусдан кейин яна таблодаги ҳисобни ўзгартира олдилар. Аввалига қанотдан узатилган тўпни Усмонали Исмоналиев рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. У “Андижон” сафида илк дублини расмийлаштирди. Яна ҳужумларни кучайтирган майдон эгалари тўртинчи голни ҳам киритишди. Отабек Жўрақўзиев дарвозабон билан бирга-бир чиқиб уни алдаб ўтган чоғида посбон йиқитди. Бош ҳакам ВАРни кўргач пенальти белгилади. Бу сафар Дониёр Абдуманнопов зарбада адашмади ва ўз ҳисобига навбатдаги голни ёзиб қўйди. Учрашувдаги охирги гол эса “Шўртан” томонидан киритилди.

“Андижон” футболчилари муносиб равишда уч очкони қўлга киритишди ва мухлисларини қувонтирди. Шунингдек, иқтидорли ҳимоячи Абдулвоҳид Ғуломов яна майдонга қайтди ва Темировдан сўнг сардорлик боғичини қабул қилиб олди. “Бобур арена”даги голлар шоусида мухлислар футболдан завқ олдилар, десак муболаға бўлмайди. Яна кўплаб ҳужумлар ва имкониятлар яратилди. Асосийси, “Андижон” 3 очкони қўлга киритди.

Энди Максим Шацких шогидлари 22 октябрь куни ўз майдонида ОЧЛ 2 доирасида Баҳрайннинг “Ал-Халдия” клубини қабул қилади. Барча мухлисларни  стадионда кутамиз.

“Андижон” - “Шўртан” - 4:3 (2:2).

17 октябрь. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 5281 томошабин.

Ҳакамлар: Иброҳим Исмоилов, Максим Нехочин, Расулжон Фозилов.

Захира ҳаками: Музаффар Якубов

ВАР: Ғайрат Жўраев

АВАР: Шохруҳ Аъзамов

Назоратчи: Марат Исмоилов

Комиссар: Даврон Иброҳимов

“Андижон”: Эржан Токотаев, Суннатуллоҳ Ҳамиджонов (Абдураҳмон Комилов, 53), Абдулвоҳид Ғуломов, Шахзод Азмиддинов, Кристиан Новак, Муҳаммадкарим Тоиров, Дамир Темиров (Шохжаҳон Ёрқинбоев, 78), Усмонали Исмоналиев (Абдураҳмон Абдуллаев, 88), Бектемир Абдуманнонов, Отабек Жўрақўзиев (Саидумархон Саиднуруллаев, 78), Дониёр Абдуманнопов.

“Шўртан”: Шохруҳ Эшбўтаев, Шохжаҳон Султонмуродов (Улуғбек Худойбердиев, 42), Одил Абдумажидов, Миржалол Жумаев (Жўрабек Маннонов, 42), Азизбек Пирмуҳаммедов, Ислом Кенжабоев (Фарруҳ Мухторов, 78), Абубакр Ризо Турдиалиев, Дониёр Нарзуллаев (Аброр Тошқўзиев, 86), Муҳаммадазиз Иброҳимов (Жасур Ҳакимов, 86), Пўлатхўжа Холдорхонов, Темур Мамасидиқов.

Голлар: Отабек Жўрақўзиев, 5 - 1:0. Усмонали Исмоналиев, 17 - 2:0. Пўлатхўжа Холдорхонов, 20 - 2:1. Дониёр Нарзуллаев, 34 - 2:2. Усмонали Исмоналиев, 54 - 3:2. Дониёр Абдуманнопов, 61-пен. - 4:2. Пўлатхўжа Холдорхонов, 63 - 4:3.

Амалга оширилмаган пенальти: Дамир Темиров, 27 (дарвозабон).

Огоҳлантиришлар: Эржан Токотаев, 90+2. Абдулвоҳид Ғуломов, 90+4. Шахзод Азмиддинов, 90+5. Абдураҳмон Комилов, 90+9 - Пўлатхўжа Холдорхонов, 21. Дониёр Нарзуллаев, 31. Аброр Тошқўзиев, 90+5.

 

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию