"Бобур арена"да Каннаваро учун махсус баннер ёхуд "Бургутлар" ва "Аждарлар" тўқнашуви ҳақида

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон Кубоги “Н” гуруҳи 2-тур доирасида ўтказилган “Андижон” ҳамда “Насаф” қарама-қаршилиги кутилганидек шиддатли, тажовузкор ва ҳужумкор руҳда кечди.

Ўйиндан олдин ЎзПФЛ томонидан апрель ойининг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилган “Андижон” бош мураббийи Ислом Аҳмедовга Лиганинг махсус статуэткасини клуб бош директори Зиёдбек Машрапов тақдим қилди.

Ўйинни фаол бошлаган “Бургутлар” бирин-кетин рақиб дарвозаси олдида голли вазиятларни ярата бошлади. Айниқса, Драган Черан 11-дақиқада дарвозабон билан деярли бирга-бир ҳолатда қолганди. Лекин якунда “Насаф” посбони жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди. Ўйиннинг 17-дақиқасига келганда “Ултьрас Бургут” баннер кўтарди. Унда Азиз Турғунбоевни миллий терма жамоада кўришни хоҳлаймиз, деган ёзув бор эди. Турғунбоев 17-рақамда тўп суриши боис, мухлислар ҳам ўйиннинг айнан шу дақиқасида ушбу баннерни намойиш қилдилар ва бу терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро учун эди.

Эътиборлиси, 25-дақиқада мезбонлар ҳисобни очишди ва айнан Азиз Турғунбоевнинг сайъ-ҳаракатлари ва унинг пасидан сўнг Мартин Боаке боши билан “Насаф” дарвозасини ишғол қилди.

“Насаф” доимо ўз ўйини билан барчанинг эътиборини тортган ва табиийки, “Андижон” қандай рақибга қарши ўйнаётганини яхши тушуниб турганди. Шу сабабли Ислом Аҳмедов жамоаси ҳар бир позицияда, майдоннинг ҳар бир қарич ерида рақибга жиддий қаршилик кўрсатди. Аммо иккинчи бўлим бошларида меҳмонлар Бобир Абдуҳолиқовнинг голи эвазига ҳисобни тенглаштирдилар. Шунга қарамай, “Бургутлар” янада катта куч билан ҳужумга ташландилар. Кетма-кет хавфли вазиятлар яратилди. “Андижон” голга жуда яқин эди. Дониёр Абдуманнопов, Бекзод Сулаймонов, Имеда Ашортиа ва яна бошқа футболчиларнинг зарбаларини дарвозабон қайтарган пайтлари ҳам бўлди ёки якуний зарбага бироз аниқлик етишмаган ҳолатлар ҳам учради. Бироқ “Андижон” кўрсатган ўйин мухлисларга манзур бўлди. Гарчи ўйин 1:1 билан якунига етган бўлса-да, ишқибозлар қарсаклар билан кузатиб қўйишди.

Энди "Бургутлар"ни олдинда 26 май куни сафарда биринчи лига вакили – “Хавоканд” жамоасига қарши ўйин кутмоқда. Ҳозирда гуруҳда “Насаф” билан “Андижон” 4 очко билан етакчилик қилишмоқда.

“Андижон” – “Насаф” – 1:1 (1:0).

21 май. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 11172 томошабин.

Ҳакамлар: Ғайрат Жўраев, Расулжон Фозилов, Максим Нехочин.

Захира ҳаками: Асадбек Қосимжонов

Назоратчи: Султон Зайлобиддинов

Комиссар: Саид Шохруҳ.

“Андижон”: Элдор Адҳамов, Одил Абдумажидов, Неманья Чаласан, Маҳмуд Махамаджонов, Усмонали Исмоналиев, Александр Андроникашвили (Дамир Темиров, 75), Бекзод Сулаймонов (Дониёр Абдуманнопов, 64), Муҳаммадкарим Тоиров, Азиз Турғунбоев (Имеда Ашортиа, 64), Драган Черан (Хумоюнмирзо Иминов, 59), Мартин Боаке (Пўлатхўжа Холдорхонов, 59).

“Насаф”: Самандар Муртабаев, Акром Комилов (Яшнарбек Бердираҳмонов, 46), Ғолиб Ғайбуллаев, Мурод Раҳматов (Кингслей Сокари, 90+6), Зафармурод Абдираҳматов (Зафар Саъдуллаев, 82), Диёр Абдуназаров, Дилшод Муртазаев, Ойбек Рустамов, Шароф Муҳитдинов, Юсуф Отубанжо (Қувончбек Хушвақтов, 46), Бобир Абдуҳолиқов (Даврон Усмонов, 90+6).

Голлар: Мартин Боаке, 25 – 1:0. Бобир Абдухолиқов, 56 – 1:1.

Огоҳлантиришлар: Бобир Абдуҳолиқов, 82. Рўзиқул Бердиев, 90+2 (“Насаф” бош мураббийи).

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!