"Бўғма илон"га айланаётган "Сўғдиёна"нинг ОФК Кубогидаги имкониятлари қандай? Бақоев жамоаси ўйинини таҳлил қиламиз!

Жиззахнинг "Суғдиёна" клуби халқаро майдондаги биринчи учрашувида иштирок этди. Қирғизистоннинг "Нефтчи"си билан бўлган ўйин барчада икки хил таассурот қолдирди. Тўғри, бир қарашда 2:0 ҳисобидаги ғалаба ишончли кўриниши мумкин, аммо кишини ўйлантириб қўйган воқеалар гувоҳ бўлганимиз рост.

Мақола адолатли бўлиши учун уни икки қисмга бўлишимиз шарт. Ортда қолган 90 дақиқа давомида жамоамизнинг кучли ва кучсиз томонларини қисман билиб олдик. Хўш, жиззахликлар қайси аспектларда кучлироқ? Катта ўйинларда қайси омиллар панд бериши мумкин?

Ҳаммаси жойида: Тартибли ҳимоя чизиғи

Қўчқор-Ота жамоаси биринчи бўлимнинг илк 30 дақиқасида Улуғбек Бақоев шогирдларидан фаолроқ бўлишга уринди ва буни қайсидир маънода уддалади ҳам. Қанотлар ва марказ тўлиқлигича рақиб томонига ўтди. Натижада, илк хавфли вазиятни қирғизистонликлар яратди. Эътиборлиси шундаки, халқаро майдондаги дебюти бўлишига қарамай, "Сўғдиёна" сочилиб кетгани йўқ. Марказий ҳимоячиларнинг позиция танлашдаги маҳорати, қанот ҳимоячиларининг ўз зонасини яхши қўриқлагани учун гол ўтказиб юбормадик. Олдиндагиларнинг иши юришмаган бир пайтда мудофаадагилар муаммони ёпиб кетди. Натижада, жамоа ўйинни ўнглаб олгунига қадар катта талафот кўрилмади. Тайм сўнгига яқинлашгач, биринчи гол киритилди. Кейин барчаси ўз ўрнига тушиб кетди. Бунга қадар воқеалар ривожи умуман бошқача кўриниш олиши мумкин эди.

gk34ogk34okg

Ишлаш керак: Ҳужумдаги креативлик

Эътибор берган бўлсангиз, "Суғдиёна" ҳужум уюштириш борасида кўплаб муаммоларга дуч келди. Ўйин давомида урилган иккита гол ҳам стандарт вазиятдан киритилганини инобатга олсак, Бақоев шогирдлари ўйиннинг ўзида рақиб дарвозасини ишғол этишни уддалай олгани йўқ. Боз устига, марказий ярим ҳимоячиларнинг бирортаси креатив қарорлар қабул қилиш борасида даражада (рақиб жамоани ранжитмаган ҳолатда) биздан пастроқ бўлган жамоага қарши учрашувда жуда оқсади. Ноиложликдан узун пасларга мурожаат этилди. Замонавий футбол аллақачон комбинацион ўйинга ўтган бир пайтда, бу қадар содда ҳужум уюштирилиши сал қолса рақибга қўл келиши мумкин эди. Ўша иккита стандартни инобатга олмаса, бошқа бирор бир эпизодда "бўрилар" тоза ҳужум билан рақиб дарвозаси олдида хафв туғдиришни уддалай олмади. Асосан қанот ярим ҳимоячиларининг фаоллиги эвазига ҳужумлар ташкил этилди. Норхонов ва унинг ўрнига кейинроқ ўйинга қўшилган Насимов бирорта бирга-бир имкониятга чиқиб бора олмади. Асосан иккинчи қаватдан келадиган узатмаларни қабул қилиш билан овора бўлиб қолди.

Ҳаммаси жойида: Яхши дарвозабон - ярим жамоа!

Дарҳақиқат, ишончли посбони бор клуб исталган вазиятдан чиқиб кетиши мумкин. "Нефтчи"га қарши баҳсда ҳам Милан Митрович ўз статусига мос ҳаракат қилди ва Суперлигадаги даражасини яна бир бор намойиш этиб берди. Юқорироқда ҳимоячиларни яхши ўйнагани борасида фикр билдирилгани боис, кипернинг меҳнатини бир четга суриб қўйишга ҳаққимиз йўқ. Митрович шу қадар ишончли посбонга айланди-ки, ҳатто унинг зўр ўтказган ўйинларини томошабинлар одатий қабул қилишни бошлади. Қирғистонликлар ташкил этган хужумларнинг аксариятида сербиялик посбон яхши жой танлагани, тўпга чиқишда хатосиз ишлагани якунда 3 очко учун замин яратди. Ҳисоб 2:0 кўринишига келганидан сўнг қўчқор-оталикларда тоза голга тортадиган 2-3 имконият бўлди. "Суғдиёна" дарвозабони кўрсатган ишончли ўйин футболчиларга ўзини майдонда "комфорт"да ҳис қилиши учун керакли атмосферани яратиб берди.

п34ошп34шоп34шоп

Ишлаш керак: Жамоавий ўйиндаги муаммолар

Ғалаба доим ёқимли, аммо совуқ мия билан ўйлаб кўрса, унинг турлари жуда кўп. Яқиндагина ОФК Кубогида иштирок этган "Насаф" ва "Суғдиёна"ни солиштиришнинг ўзи кифоя. Қаршиликлар жуда замонавий ўйин услубидан фойдалангани учун қўшниларимиз ҳеч нарса қила олмаган, вакилларимиз Марказий Осиёда тенгиз эканлигини исботлаган эди. Афсуски, биринчи ўйинни томоша қилар эканман, "Суғдиёна" "аждарлар" сингари икки бош баланд ўйин кўрсата олмагани кишини бироз хафа қилди. Тан олиш лозим, бундай услубда футбол ўйнаш ҳар доим ҳам наф беравермайди. Бугун-ку, "Нефтчи" аъзолари сафида жиззахликларнинг кучли прессингини индивудал маҳорат эвазига ёриб ўтишга қодир футболчи топилмади, аммо плей-оффда 2-3 Осиё даражасида топ саналган легионерларга суянадиган клублар билан ўйинда ҳаммаси бошқача тус олиши мумкин. Кучли техника ёки "пушка" зарбаси бор йигитлар "бўрилар"нинг барча режаларини барбод қилиб ташлаши ҳеч гап эмас.

Ҳаммаси жойида: Ҳаяжон ва дебют

Нима бўлган тақдирда ҳам "Суғдиёна" сафида бирорта миллий терма жамоа аъзоси йўқ эканлигини унутмаслик лозим. Тўғри, бу "бўрилар" маҳорат бобида кучсиз дегани эмас. Шунчаки, халқаро ўйинлар тажрибаси йўқлиги панд бериб қўйган бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, ўйинларнинг ораси яқин. Улуғбек Бақоев барчаси 2-3 турда ҳал бўлишини ҳис қилган ҳолда, жамоасининг бор кучини марказий ўйинларга ташлашни режа қилгандек. Боз устига, кучли ҳаяжон сезилиб турди. Биринчи голдан сўнг йигитлар бироз ўзига келган бўлса, ҳисобдаги фарқ иккитага етгач, анча дадил ҳаракатлар гувоҳига айландик. Қувонарлиси шундаки, "Суғдиёна" ўйин картинасини захирадаги йигитлар бузиб қўймайди. Улар ўйинга қўшилгач, жамоанинг қўшимча кучлари темпни тушириб юбормаяпти. Барча жамоанинг ўз услуби бор. Шунчаки, "Насаф" аждардек бир нафасда рақибини ҳовурини босиб қўйишига ўрганиб қолгандекмиз. "Суғдиёна" бўғма илондек ҳамла қиляпти. Улар рақибига ўйнаш имконини бериб, типирчилашини хотиржам томоша қилаётгандек.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!