
Ашортиа: "Мен учун Зейтуллаев қўл остида ўйнаш жуда қулай"
"Бунёдкор" Суперлиганинг 25-турида "Навбаҳор" меҳмони бўлиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйинда иккала голни ҳам Имеда Ашортиа уришга муваффақ бўлди. Ҳужумчи ушбу учрашувдан кейин Sports.uz сайтига кичик интервью берди.
- Авваламбор, иккита голингиз ва “Навбаҳор”га қарши ўйиндаги ғалаба билан табриклайман. Биринчи мавсумингиз учун ажойиб статистика қайд этмоқдасиз, жамоанинг энг яхши тўпурарларидан бирисиз, яъни мослашиш жараёни сизда яхши кечди. Бунга қандай эришдингиз?
- Раҳмат. Агар сиз гол урсангиз ёки ассистентлик қилсангиз, бу ҳар доим яхши, айниқса ҳужумчи бўлсангиз. Аммо менимча, энг муҳими - жамоа натижаси. Шунинг учун, жамоамга голларим ёки ассистларим билан ёрдам бера олсам, хурсанд бўламан.
Маълумот учун, Ашортиа Суперлигадаги дебють мавсумида 7 марта рақиблари дарвозасини ишғол қилиб, 2 та ассист ҳам амалга оширди.
- Бундай мавсумдан сўнг албатта яхши таклифлар бўлади. Сизни кейинги мавсумда “Бундёдкор”да кўришимиз мумкинми?
- Менимча, ҳозир таклифлар ҳақида гапиришнинг вақти эмас. Менинг асосий эътиборим жамоа ва футболчи сифатида мавсумни яхши якунлаш. Шундан кейингина мен янги мавсум ҳақида ўйлайман.
"Transfermarkt" маълумотларига кўра, грузиялик ҳужумчининг "қалдирғочлар" билан амалдаги шартномаси шу йилнинг сўнггида ўз ниҳоясига етади.
- “Бунёдкор” жорий мавсум турнир жадвалида ўзидан юқори ўриндаги жамоаларга етарлича муаммо туғдира олди. Аммо “Бунёдкор” ўз дарвозасидан 4-5 та гол ўтказиб юбориб, мағлуб бўлган ўйинлар ҳам бўлган. Бу мавсумда жамоага нима этишмаяпти?
- Биласизми, ким рақиб бўлишидан қатъи назар, ҳар учрашувга бир хил тайёргарлик кўрамиз. лекин футболда ҳамма нарсани бошқара олмайсиз. ҳар бир ўйин қийин. Барча ўйинларни бир хил даражада ўйнаш жуда қийин.
- “Бунёдкор” яқин йилларда чемпионлик учун кураша оладиган жамоа бўлишига кўпчилик ишонмоқда. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
- Менимча, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Агар "Бунёдкор" ривожланса, нега йўқ.
- Зейтуллаев қўл остида ўйнаган футболчи сифатида унинг салоҳияти бундан ҳам юқори, дея оласизми? Сизнингча, биз уни келажакда Европада кўрамизми?
- Унинг қўл остидаги биринчи мавсумим ва мен учун унинг жамоасида ўйнаш жуда қулай. менимча жаноб Зейтуллаевнинг мураббий сифатида жуда яхши салоҳиятга эга. Келажакда унга муваффақият тилайман.
Комментарии