Бокс бўйича Собиқ Иттифоқ чемпионатидаги ғирромликлар ёхуд Сидней Олимпиадаси "ҳангомалар"и...
Ўзбек бокс оламида Матчоновлар сулоласининг ҳам ўз ўрни бор. Жумладан, Ҳоким Матчонов Собиқ Иттифоқ вақтида ажойиб натижалар қайд этиб, ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида совринли ўринлар эгаси сифатида доимо терма жамоага чақирилган. Ҳоким акани жияни Жасур Матчонов ҳам ҳаваскор боксда жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Осиё ўйинларида совриндор бўлган. Биз Ҳоким Матчонов билан боғланиб, спортчилик хотиралари ва ўзбек бокси ҳақида суҳбат қурдик. Қуйида, ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Sports.uz маълумотномаси
Ҳоким Сагдуллаевич Матчонов 1961 йил 20 июль куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 11 ёшидан бокс билан шуғулланган. Ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида Собиқ Иттифоқи чемпионатлари, Ёшлар Спартакиадаси совриндори ва Ўзбекистон чемпиони. Маълумоти олий. 1983 йил Тошкент автомобиль йўллари институтини, 1990 йил Тошкент давлат юридик универститетини тамомлаган. 1999 йил Халқаро бизнес мактабида таҳсил олган. Иқтисод фанлари номзоди. Ўзбекистон Халқаро экспедиторлар ассоциацияси асосчиси ва раиси. Оилали 3 нафар фарзанди бор.
- Ассалому алайкум. Сиз билан суҳбат қуриш ниятида эдик?
- Ваалейкум ассалом. Эътибор учун раҳмат.
- Матчоновларни боксчилар сулоласи, деб аташади. Бу сиз ва жиянингиз Жасур туфайлими ёки оиланинг бошқа вакиллари ҳам ушбу спорт тури билан ҳамнафас эдими?
- Боксчилар эмас, балки спортчилар сулоласи десак, тўғри бўлади. Чунки, катта акамиз Хайрулло Матчонов “Пахтакор”нинг ўринбосарлар таркибида тўп сурган ва бизнинг боксчи бўлиб камол топишимизда асосий сабабчи бўлган. Маткарим Матчонов Тошкентдаги “Уч қаҳрамон” мавзолейида ётганларнинг бири, у акамиз кураш билан шуғулланган. Ўзбекистон чемпиони, бир қатор турнирлар ғолиби бўлган. Иккинчи акам Матёқуб Матчонов баскетболчи. Тошкент театр ва рассомчилик институти жамоаси сардори бўлган. Мен ва укам Матназар боксчи эдик. Укам ҳам ушбу яккакураш бўйича спорт устаси, Ўзбекистон чемпиони. Умуман айтганда, оилада 6 ўғил бўлсак, барчамиз спорт одами бўлганмиз.
- Бокс оламига кириб келишингиз тарихи қандай бўлган?
- Мен Тошкентда боксчилар маҳалласида улғайганман. Ён қўшнимиз Элдор ака Эгамбердиев ўз вақтида ажойиб боксчи бўлган. Мисол учун, Ўзбекистон чемпиони, Собиқ Иттифоқ ҳарбийлари ўртасидаги турнир чемпионлигига эришган. Маҳалламиздан Озод ака Шапиров енгил вазнда яхши натижалар қайд этган. Озод ака маҳалла болаларини боксга қизиқтирган. Бир куни мени қўлимдан етаклаб, “Эски Жува” даҳасидаги “Спартак” стадионида фаолият юритадиган бокс тўгарагига олиб борди ва мураббий Ҳамидулло Газиев қўлига топширди. 11 ёшимдан бошлаб, ушбу мураббий қўл остида шуғуллана бошлаганман.
- Лекин эришган муваффақиятларингизда Алексей Диннинг ўрни катта, тўғрими?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, дастлаб Ҳамидулла Газиев устозлик қилди. Кейинчалик ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов, Валентин Зеленин ва Алексей Динни қўл остида вояга етдик. Ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша поғонаси бўлади. Шу имкониятига қараб максимум даражада тарбия беради. Ундан юқориси эса, бошқа “класс”даги рейтинги юқори мураббийлардан олинади. Рейтинги юқори мураббий деганда, йиллар давомида тўплаган тажрибаси инобатга олинади. Масалан, Марат Қурбоновнинг ҳарбий хизматдан келгандан сўнг, илк ўқувчиларидан бўлганман. Марат ака йиллар давомида тўплаган тажрибаси эвазига 2000 йиллардан кейин етук мураббий даражасига кўтарила олди. Мана Олимпиадаларда ва чемпионатларда эришилаётган натижалар ҳам буни кўрсатиб турибди. Ҳамидулло ака бошланғич тушунчаларни жуда яхши берарди. Яъни, болалар ва ўсмирлар билан жуда яхши ишларди. Лекин чўққига олиб чиқиш профессионалларнинг иши эди. Ўша вақтда бу даражадаги мураббий Алексей Дин эди. Бу мураббий Ўзбекистонда ва Собиқ Иттифоқда хизмат кўрсатган боксчиларни тарбиялаган инсон. Мисол учун, Владимир Шин, Феликс Пак, ака-ука Муллаевлар, Абдулло Қодирохуновни айтиш мумкин. Умуман олганда, Ўзбекистондаги энг кўзга кўринган боксчилар Алексей Давидович қўл остидан чиққанди. Дин Собиқ Иттифоқда обрўли, ҳаммага сўзи ўтадиган мураббий эди.
Дарҳақиқат, муваффақиятларимда Алексей Диннинг ўрни беқиёс! Бу мураббий менда барқарорлик ва ўзини назорат қилиш каби хусусиятларни мукаммал даражага олиб келган. У жуда талабчан ва интизомни биринчи ўринга қўярди. Аслида, ушбу мураббийим ҳақида соатлаб гапиришим мумкин. Бу инсонни ўзи ҳақида катта бир интервью қилса бўлади. Афсуски, Алексей Давидович икки йил аввал оламдан ўтди. Лекин унинг боксимизга қолдирган мероси жуда улкандир. Санаб ўтган мураббийларим ўзбек бокси ривожига улкан хисса қўшган, муболаға бўлмаса, тараққий этишига сабаб бўлган.
- Илк муваффақиятингизни қандай хотиралар билан эслайсиз?
- Очиғи, ёдимда йўқ. Чунки ўсмир ва ёшлар ўртасида ҳам жуда кўп ютуқларга эриша олгандим.
- Умуман олганда, Собиқ Иттифоқ чемпионатида неча маротаба иштирок этгансиз ва натижалар қандай бўлган?
- Иттифоқ чемпионатида ўсмирлар, ёшлар тоифасидан қатнаша бошлаганман. Бу ёш тоифаларида учинчи ўринни қўлга киритганман. Ёшлар Спартакиадасида ҳам бронза медали соҳибига айлангандим. Катталар ўртасидаги чемпионатда икки маротаба учинчи ўринни эгалладим. Ўша вақт мамлакат чемпионати жуда кучли ва рақобатга бой тарзда ўтарди. Шунингдек, ғирромликлар ҳам учраб турарди. Ҳаттоки, менга очиқдан-очиқ Москвага келиб, ўқишингни шу ерда давом эттирасан ва Собиқ Иттифоқ чемпиони бўласан! Тошкентда қолсанг чемпионликни унут, дея шарт ҳам қўйишганди.
- "Спартак" клубида сиз билан бирга машғулотларни бошлаган дўстларингиздан ким етук боксчи бўла олди?
- Менинг тенгқурларимдан фаолиятини бокс билан боғлаб, яхши натижалар қайд этганлар бўлмади. Лекин маҳоратли ва меҳнаткаш болалар кўп эди. Улар кейинчалик бошқа соҳаларда муваффақият қозонишди. Ҳамидилло акани биздан юқори бўлган гуруҳдаги шогирдларидан, Илғор Эгамбердиев ва Аълохон Икромов ажойиб натижалар қайд этиб, Ўзбекистон чемпиони бўлган. Бизнинг вақтимизда институтга киргандан сўнг, боксни ташлаб кетганлар кўп эди. Сабаби, ўзининг дастлабки клубига, гуруҳига бўлган содиқлик, садоқат тушунчаси сингиб кетган эди. Институтга кириб, бошқа группаларга ва тўгаракларга бориш хиёнат саналарди. Айнан, ушбу омил туфайли кўп маҳоратли йигитлар боксни тарк этганди. Мен Тошкент автомобиль йўллари институтида ўқиганман ва аъло баҳолар билан якунлагандим. Ўша вақт Ленин стипендиясини олганман. Айнан юқорида айтиб ўтган ҳолатларга мен чек қўйганман. Яъни муваффақиятга эришиш учун янада яхшироқ жойларда машғулотлар ўташ лозим эканлигини исботлаганман.
- Бир вақтда ҳам спорт билан шуғулланиш, терма жамоадаги ойлаб бўладиган ўқув-машғулот йиғинлари билан бир қаторда олийгоҳда аъло баҳоларга ўқишни ўзи бўлмаса керак?
- Тўғри, лекин уддаласа бўлади. Мен йиғинларда ҳам доим китобларимни кўтариб юрардим ва жуда кўп ўқирдим. Қолаверса, ўша вақт ўқитувчилар ҳам терма жамоа аъзоларини, натижа кўрсатадиган спортчиларга қўлдан келганча ёрдам бериб, қўллаб-қувватларди. Ҳурмат қилишарди. Шундай эътибор учун ҳам яхши ўқишга ҳаракат қилардик. Терма жамоада бирга бўлган дўстларим доимо китоб кўтариб юрганим туфайли “ақлли”, деб ҳазиллашар эди. Терма жамоа йиғинидан бир ҳафтага жавоб беришар, ушбу муддат ичида мен Тошкентга келиб, барча фанлардан имтиҳон топшириб улгуришим керак бўларди. Ўшанда бир қизиқ воқеа бўлганди:
Икки ой ўқув-машғулот йиғинидан қайтиб, сессияларни топширишим керак эди. Дастлабки 4 та фанни аъло баҳога топширдим. Бешинчи фанга келганда, янглишмасам иқтисодиёт эди. Менга тушган саволларга умуман тушунмадим. Ваҳоланки, бу борадаги барча китобларни ўқиб чиққандим. Саволлар чалғитувчи қилиб тузилган экан. Хуллас, ўқиганларимни домлага айтдим. Якунда, қайси китобни мутолаа қилганимни сўради ва бу мавзу кейинги семестрда ўтилиши, ҳозир бунга келмаганимизни айтди. Бу сафаргисига паст баҳо, кейинги семестрга эса, аъло баҳога топширдингиз деганди. Шунақа қизиқарли воқеалар ҳам учраб турарди.
- 81 кг вазн тоифасида ҳаракат қилгансиз. Ўша вақт бу вазнда Ўзбекистонда Владимир Шин, Ринат Тришев жанг қиларди. Айнан ушбу чармқўлқоп усталари билан бўлган соғлом рақобат муваффақиятларингизда қисман бўлса ҳам роль ўйнаган, деб ўйлайсизми?
- Албатта, ўша вақтлар Собиқ Иттифоқ чемпионатида -81 кг вазн тоифаси ўзбекистонликларники эди. Сабаби, бу вазнда уч нафар кучли боксчилар Ўзбекистондан эди. Сеул Олимпиадасидан аввал, Собиқ Иттифоқ чемпионатида Ринат Тришев биринчи ўринни олганди. Саралаш мусобақаларида эса, мен ғолиб бўлганман. Ҳар икки мусобақада Владимир Шин бетоб бўлиб қолганлиги учун қатнашмаганди. Лекин Олимпиадага Владимир Шин борди. Сабаби, фаолиятининг охирги йиллари бўлган ва унинг учун бу сўнгги имконият эди. Шунингдек, ўша вақт Владимир Николаевич мен ва Ринат Тришевдан кўра, тайёр ҳолатда ва тажрибали эди.
- Ўзаро муносабат қандай эди?
- Биласизми, боксда яъни, рингда дўстлик бўлмайди. Чунки, ғалаба қозониш учун чиқасан ва сен урмасанг, у сени уради ҳамда ғалабага эришади. Шунинг учун, боксда рақиблар эдик. Рингдан ташқарида эса, муносабатларимиз дўстона бўлган. Ринат Тришев қадрдон дўстим. Владимир Николаевич фаолиятини тугатиб, Ўзбекистон терма жамоасига мураббий бўлганида қўл остида машғулотлар олиб борганман. Умуман олганда, вазн тоифамда дуч келган барча рақибларим билан қадрдон бўлганман ва кўплари билан ҳозиргача алоқлар сақланиб қолган.
- Юқорида -81 кг вазн тоифаси ўзбекистонликларники бўлган, дея таъкидлаб ўтдингиз... Наҳотки, сизларга жиддий қаршилик кўрсатган бошқа боксчилар бўлмаган?
- Албатта, бўлган. Мисол учун, 1987-89 йиллар Собиқ Иттифоқ чемпиони, Европа чемпиони Виталий Качановский бор эди. Жуда кўп бўлган. Лекин биз уларни устидан ҳам ғалаба қозонганмиз.
- Профессионал боксда ҳам рингга кўтарилган экансиз. Рекордлар қанақа бўлган?
- Ҳа, ўша вақтлар бу йўналишдаги илк боксчилар қаторида бўлганмиз. Профессионал боксда 12 та жанг ўтказиб, 11 тасида ғалаба қозонганман. Ҳаваскорда эса. 242 бор рингга кўтарилиб, 218 тасида зафар қучгандим.
- Ўз вақтида Ўзбекистон профессионал бокс федерациясида ҳам ишлагансиз, профессионал бокс борасида етарлича билимга эканлигингизни инобатга олиб айтганда, ўзбек промоутерлик компаниялари ташкил этилиши ва уларни жаҳон даражасида бўлиши учун маблағдан ташқари яна қайси омиллар керак бўлади, деган фикрдасиз?
- Биринчи навбатда барчаси барибир маблағга бориб тақалади. Қолаверса, тўғри йўлга қўйилган тизим, мукаммал дастур керак. Реклама, телетрансляцияга боғлиқ шартномалар, бир сўз билан айтганда жуда кўп омиллар зарур. Мен ўзим Тошкентда ўз ҳисобимдан иккита жанг кечаси ташкил қилганман ва қайсидир маънода боксчиларимизни хориж промоутерлик клублари билан шартнома тузишига сабабчи бўла олганмиз, деб айта оламан. Ҳозирда, бошқа ишлар билан бандман. Бу йўналишни ўз одамлари бор ва аста-секин ўзбек профессионал боксида ҳам ривожланиш бўляпти.
- 1993 йилги Бухорода бўлган Ўзбекистон чемпионати ҳақида тўхталсак, ўшанда сиз деярли 30 ёшдан ошгансиз ва раҳбар лавозимида бўлгансиз. Лекин чемпионатда иштирок этиб, ғолиб бўлган экансиз?
- Тўғри, ўша вақт мен 32 ёшда эдим. Адашмасам, мустақилликдан сўнг, илк Ўзбекистон чемпионати эди. У даврда ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг асосий бўлимларидан бирида директор ўринбосари лавозимида ишлардим. Бухорога иш юзасидан бориб, чемпионатда иштирок этганман. Хизмат машинасида кастюм-шим, галстукда бориб, спорт кийимни кийиб, қатнашдим ва чемпион бўлдим. Бундан ишхонадагиларнинг хабари йўқ эди. Ана ўша йили Будапештда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида рингга кўтарилиш имкони пайдо бўлди. Мен 15 йил Собиқ Иттифоқ терма жамоасида юрган бўлсам ҳам ҳеч қачон бундай имконият бўлмаганди.
Шунинг учун, бу ажойиб вазиятдан фойдаланишни истагандим. Бухородан қайтиб келиб, ишга оид қилинган вазифаларни топширдим. Кейин вазир ўринбосари Абдуғофур Абдураҳмонов билан устозимиз ўша вақтдаги вазир Ўткир Султоновни олдига кириб, Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб, чемпион бўлганим ва жаҳон чемпионатида иштирок этиш имкониятим борлиги, рухсат берса, қатнашмоқчи эканлигимни айтдим. Ўткир акани ўзи ҳам яхши спортчи эди. Ёшимни сўради. 32 да эканлигини айтдим. Мусобақани қачон бўлишини сўради. Хуллас, ишда ҳам яхши ва масъулиятли вазифада эдим. Транспорт соҳаси, ўша вақтлар вазият оғирроқ эди. Қисқа қилиб айтганда, иш қолиб кетишини айтиб, рухсат бермади. Лекин имконият бор эди.
Яъни, спорт қўмитаси орқали хат қилдириб, бизга шу ходимингизни беринг, юртимиз шаънини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қила олади, деган мазмунда мурожаат тайёрламоқчи эдик. Бироқ, Бухородаги Ўзбекистон чемпионатини ёзиб олинган варианти бир ҳафтадан сўнг, эфирга узатилган ва буни Ўткир ака кўриб қолган. Мени финал жангимда шарҳловчи ютсам жаҳон чемпионатига боришим мумкинлигини айтган экан. Ўша куни бизни вазир ўз олдига чақирди ва рухсат бермасам ҳам чемпионатга борибсан, дея койиди. Биз бу ёзиб олинган турнир эканлигини тушунтирдик. Ўшанда ишни ёки спортни танлашимни сўради. Шундай қилиб, ишни танладим ва қўмитадан қилинаётган хат ҳам тўхтатилди. Шундай қилиб, жаҳон чемпионатига бора олмадим.
- Сидней Олимпиадасидаги Ўзбекистон бокс терма жамоаси сафида масъул шахслардан бири бўлганлигингиз ҳақида эшитганмиз. Умуман ушбу тарихий ва омадли Олимпиададан қандай таассуротлар қолган?
- Сидней Олимпиадаси ажойиб хотиралар билан ёдда қолди. Тарихий олтин медаль қўлга киритилди. Тўғриси, мен ҳеч қандай масъул шахс бўлмаганман. Шунчаки саёҳатчи сифатида борганман. Хатто, делегация таркибида ҳам йўқ эдим. Шунинг учун, боксчиларимиз билан Олимпия шаҳрида яшамаганман. Алоҳида бошқа меҳмонхонада истиқомат қилдим. Бироқ барча боксчилар билан алоҳида гаплашиб, уларга мотивация беришга ҳаракат қилганман. Ўз ёнимдан биринчи жангда ғалаба қозонса, 100 АҚШ доллари, иккинчи жангидага ғалабага 300 ва учинчи ғалабага 500 доллар мукофот ваъда қилиб, жангдан сўнг, уларга берганман.
Яна бир эътиборга молик жиҳати, оғир вазн тоифасида Рустам Саидов ярим финалда қозоғистонлик боксчига қарши жанг қилди ва нисбатан устунлик қилди. Лекин ғалаба қозоқ боксчисига берилди. Мен апелляция бердим. Бу ўша вақтдаги AIBA президенти Анвар Чаудрига қисқа қилиб айтганда маъқул тушмаган. Лекин инобатга олиниб, кўрилиб чиқилиш арафасида эди. Бу ўзбек бокс делегациясига раҳбарлик қилаётган баъзи инсонларга ёқмаган ва кимларгадир телефон қилиб, устимдан шикоят қилишган. Ўша одамлар менга телефон қилиб, ҳакамлар қолган жангларда адолатсизлик қилиши мумкинлиги ва бу ишларга аралашмаслигимни айтишганди. Якунда, апелляция қайтариб олинган, ушбу боксчимиз бронза билан чекланган. Қозоқ боксчиси эса, кумуш медални қўлга киритган.
- Суҳбатимиз якунида, ёш боксчиларимизга қандай маслаҳат ёки тилаклар билдира оласиз?
- Ўзбекистон буюк мамлакат. Истъдодлар кўп, яхши бокс мактаби шаклланган. Шундай экан, ўзбек боксчилари келажакда Олимпия ўйинларида 4-5 тадан олтин медалларни қўлга киритишга қодирлар ва бунга ишонаман. Бир сўз билан айтганда уларга доимо, омад ёр бўлишини тилаб қоламан!
Фикрлар