Бразилия термаси дебютантига дарров суперклубдан иш чиқди
«Коринтианс» жамоасида марказий яримҳимоячи сифатида тўп суриб келаётган Брено Бидон, Бразилия терма жамоасида дебют қилгач, Европанинг икки етакчи клуби диққат марказига тушди.
Ижтимоий тармоқларда инсайдер Экрем Конур тарқатган маълумотларга кўра, 21 ёшли яримҳимоячини ўз сафига қўшиб олишга Лондоннинг «Арсенал» ва Туриннинг «Ювентус» клублари қизиқиш билдирмоқда.
Transfermarkt портали мутахассислари Бидоннинг бозор қийматини 25 миллион евро атрофида баҳоламоқда. Футболчининг «Коринтианс» билан амалдаги шартномаси 2029 йил декабр ойи охиригача мўлжалланган.
Жорий мавсумда Бразилия чемпионати доирасида Брено 25 та учрашувда майдонга тушди. У шу вақт ичида икки марта рақиб дарвозасини ишғол этди, бир голли узатма амалга оширди ва тўрт бор сариқ карточкага сазовор бўлди.

Фикрлар