Бразилиялик форвард, кореялик посбон ва Эвер Банега! “Аш-Шабаб” сафида қандай легионерлар тўп тепади?

Хабарингиз бор, 19 февраль санасида “Насаф” ОЧЛ плей-офф босқичида Саудия Арабистонинг “Аш-Шабаб” клуби билан куч синашади. Ушбу баҳс олдидан ишқибозларни қизиқтирган энг муҳим маълумотларни тақдим этишда давом этамиз. SPORTS.uz нишонида “Шабаб” легионерлари! Ҳа айтганча, рақиб таркибида 8 та легионер тўп суради, аммо ОЧЛда уларни фақатгина 3+1 кўринишидагина қайдномага киритиш мумкин.

Карлос Жуниор – "найзанинг учи"

Carlos-1024x614

Чинакам бразилиялик форвардлардан фарқ қилувчи ўйин услубига эга Карлос Жуниордан бошлаймиз. У техник томондан кучли эмас, финтларни ҳам қалаштириб ташламайди. Бироқ яратилган вазиятлардан унумли фойдаланиш эвазига бу камчиликларни (балки камчилик ҳам эмасдир, аммо бразилияликларнинг чиройли футбол намойиш этишига ўрганиб қолганмиз) беркитиб юборади. Бошқа легионерлардан фарқли ўлароқ, прессингда фаол ва тўпни сақлаб қолишни хуш кўради. Чаққон, аммо тезкор эмас. Иккинчи қаватдаги курашда жуда фаол. У “Насаф”га бош оғриғи туғдириши мумкин бўлган рақиб сафидаги энг хавфли футболчи. Катта эҳтимол билан айнан у “аждарлар”га қарши ўйинда қайдномада кўриниш беради.

Ким Сёнг Гю – "супермен"

ким

Эътиборлиси шундаки, осиёлик легионерлар учун бериладиган битта квотадан риёдликлар ОЧЛдаги клублар орасида энг унумли фойдаланганларидан бири десак, адашмаган бўламиз. 32 ёшли посбон бугунги “Шабаб”нинг асосий етакчиларидан бири. У ажойиб реакцияга эга бўлибгина қолмай, оёқ билан ҳам яхши ўйнай олади. Сёнг Гю сўзсиз “Насаф” билан ўйинда таркибда бўлади.

Криховяк – марказий ҳимоя ва таянч зонаси учун универсал

Кир

Польшалик футболчини “Севилья” ва ПСЖдаги ўйинлари билан яхши эслаб қолган бўлсангиз ажаб эмас. Таянч зонаси ва ҳимояда бирдек топ даражада ҳаракат қилишни уддалаб келаётган польяк ҳали-ҳамон юқори даражани сақлаб қолмоқда. Саудия Арабистони биринчилигида у тўп учун кураш борасида энг яхши статистика эгаларидан бири. Шунингдек, кучли зарба ва керак бўлганда узун пасларни ижро этиши ҳам мумкин.

Эвер Банега – дирижёр

банега

“Аш-Шабаб” асосий урғуни тўп назорати ва биринчи рақам остида ҳаракат қилишга қаратади. Бу факторлар қай даражада фойда бериши катта эҳтимол билан айнан аргентиналик плеймейкерга боғлиқ. Сўнгги паслардаги класс ва стандартларнинг аъло даражадаги ижроси Банегани “Шабаб” учун алмаштириб бўлмас ўйинчига айлантириб бўлди. У жамоаси учун оғир кечаётган беллашувларда интеллекти ва майдонни кўра олиш қобилиятини ишга солиши мумкин. Содда қилиб айтганда, “Аш-Шабаб” ўйинидаги дирижёр!

Лаго Сантос – Ҳусниддин Алиқулов

LAgo santos

Бразилиялик ҳимоячи бугунги риёдликларнинг мудофаа чизиғидаги энг муҳим ижрочиларидан бири. 188 см бўйга эга ҳимоячи “Насаф” учун Ҳусниддин Алиқулов қай даражада муҳим бўлса, ўз клубига ҳам шу қадар керакли футболчи ҳисобланади. У тезкор эмас, биринчи пасни ҳам аъло даражада ижро этмайди. Шунга қарамай, тўп учун иккинчи қаватда жуда фаол. Шунингдек, яккакурашларда ҳам жисмоний имкониятидан унумли фойдалана олади. Бир сўз билан айтганда, Морена жамоаси мудофаа чизиғининг асосий вакили. Шунга қарамай, у “Насаф”га қарши ўйинда майдонга тушмаслиги мумкин.

Сабаби, Криховяк қайдномага киритилса, у Банега ёки Карлос Жуниорни четга сурилишга мажбур қилишига ишониш қийин. Ҳар ҳолда, араб футболи фалсафасига кўра, яхши ҳимояланган эмас, кўпроқ гол урган жамоа якунда ғалаба қозонади. Демак, Висенте Морено Лаго Сантос ва Криховякдан бирини танлашга мажбур бўлади. Балки иккисини ҳам танламас. 

aaron-boupendza-joins-al-shabab-saudi-arabia

Эътиборлиси шундаки, “Шабаб” таркибида шунингдек яқин-яқингача “Сельта” шарафини ҳимоя қилиб келган ҳужумчи – Санти Мина, габонлик Аарон Боупендза (марказий ҳужумчи), Кристиан Куанка (вингер), англиялик Мо Адамс (ярим ҳимоячи) сингари футболчилар ҳам легионер мақомида тўп суради. Саудия Арабистони чемпионатидаги квоталарнинг сони ОЧЛникига қараганда кўпроқ бўлгани боис, Висенте Морено ҳужумда Куанко-Карлос-Мина учлигига мурожаат этаётган эди. Шунингдек, Аарон Боупендза ҳам сюрпириз тарқасида қайдномадан ўрин эгаллаши ҳеч гап эмас. Унинг трансфер қиймати 8 миллион евро этиб баҳоланган. Фаолиятининг катта қисмини Франциянинг “Бордо” клуби сафида ўтгазган форвард ҳам Моренонинг “Насаф” учун тузган режасидан ўрин эгаллаши эҳтимоли юроқи. Умуман олганда, “Аш-Шабаб”да легионерлар масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ. Майдондаги барча позицияларни хорижлик футболчилар кучайтиришга қодир. Барчаси, “аждарлар” билан ўйинда Висенте Морено улардан қай бирининг хизматидан фойдаланишига боғлиқ.

Я . У

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!