"Бу нарса хаёлимга ҳам келмади, омадсиз трансфер десам адашмайман". Қувондиқ Рўзиев нимадан қувонди?

“Қўқон-1912” водий дербисида “Навбаҳор” билан тўқнаш келди. Майдонда қаттиқ жанг кечганини кўрган бўлсангиз керак. Мана шундай муҳим баҳсда жамоалар биттадан гол урди ва ҳақли дуранг бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Ушбу баҳсда қўқонликлар сафида Қувондиқ Рўзиев кутилганидек асосий таркибда тўп сурди. Билсангиз, у ўтган йили “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилганди. Ушбу ўйинчи Sports.uz сайти учун вақт ажратди.

“Жиддий ҳозирлик кўргандик”

- Учрашув биз учун катта аҳамиятга эга эди. Чунки турнир жадвалида ўзимизга муносиб бўлмаган ўринда юрибмиз. Бундан ташқари, водий дербиси ҳар доим қизғин курашлар остида кечади. Шу сабабли биз ўйинга жиддий ҳозирлик кўргандик. Ўйлайманки, ушбу учрашувда дуранг қайд этилган бўлса ҳам бундан мухлислар ютди. Негаки, 90 дақиқа ажойиб, шиддатли ва ҳужумкор футбол гувоҳи бўлдилар.

рузиев2

“Навбаҳор”га омад тилайман”

- Тўғриси, бу нарса хаёлимга ҳам келгани йўқ. Кимгадир ниманидир исботлаш ёки кўрсатиш учун майдонга тушмадим. Мен фақат жамоамнинг ғалабаси учун жонимни бериш учунгина майдонга тушгандим. Ўтган йили “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилгандим. Афсуски, буни омадсиз трансфер десам адашмаган бўламан. Балки айтсам баҳона бўлиб қолар, аммо ўшанда барча ўйинларни жароҳат билан укол ёрдамида ўтказганман. Лекин шу нарсалар ҳам мухлислар ва раҳбарларнинг ишончини оқлашимга халақит берди. Ўз ўйинимни кўрсата олмадим. Балки бундай босимга тайёр эмаслигим билиниб қолгандир. Нима бўлган тақдирда ҳам “Навбаҳор” жамоасига бу йилги чемпионатда омад тилайман. Клуб бу мавсумда ёмон шаклланмаган. Ажойиб таркибга эга. Иккинчи даврада ҳам зўр трансферларни амалга оширишди. Чемпионлик учун ушбу трансферлар орқали катта қадам ташлади, десам адашмаган бўламан. Жамоанинг захирасини ўзи ажойиб кўринишга эга. Захирадаги ҳар бир футболчи бошқа клубларда асосий таркиб ўйинчиси. Бу “Навбаҳор” учун катта ютуқ. Чунки чемпионатни 12-13 футболчи билан тугатиш қийин. Қўлингизда иккита тенг кучли таркиб бўлса нисбатан жамоага осонроқ бўлади. “Навбаҳор” мухлислари ҳам фаол тарзда қўллаб-қувватлаб туришибди. Клуб ўйлаган мақсадига эришиш учун бу йил катта қадам ташлади.

рузиев1

“Даврон ака Файзиевга қўлимиздан келганича ёрдам берамиз”

- Даврон ака Файзиев жамоани иккинчи давра бошидан қабул қилиб олди. Унгача клубда ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаб келаётганди. Шу сабабли Даврон ака Файзиевга мослашишимиз қийин бўлгани йўқ. Ёнимизда елкама-елка Бахтиёр ака Ашурматов билан 2,5 йилдан бери ишлаб келаётган мураббий эди. Ўйин услуби ёки таркиб бўйича катта ўзгаришлар бўлди, демаган бўлардим. Шохназар Норбековни қўшилгани бизга плюс бўлди. Буни статистика ҳам кўрсатиб турибди, 3 та ўйинда 3 та гол. Ҳужумда сермаҳсуллигимиз ошди. Тезлик қўшилди. Биринчи даврада бизга айнан шу нарсалар етишмаганди. Айтайлик охирги нуқтани қўядиган ёки вазиятдан унумли фойдаланиш коэффициенти бизда кам эди. Иккинчи даврада бу жиҳат бўйича Норбеков ҳисобига анча ўсишга эришдик. Тўғри, ҳар бир мураббийни ўйин услуби бор. Лекин Бахтиёр ака Ашурматов ҳам Қўқон жамоасида ажойиб бўлган икки йилни ўтказди. Чунки мавсум давомида жамоамиз тарихда иккинчи марта кучли бешталикка кирди. Клуб тарихига кира олдик. Бундан ташқари, Кубок ярим финалигача етиб бордик. Шунинг учун Ашурматов ёмон ишлади, демаган бўлардим. Шу фурсатдан фойдаланиб, Бахтиёр акага биз билан 2,5 йил елкама-елка ишлагани учун миннатдорчилик билдираман. Охирги пайтларда соғлиги билан боғлиқ яхшигина муаммолар бўлди. Шунга қарамай, жамоамизни ташлаб қўймади, охиригача курашди. Бу инсонга келгуси фаолиятида катта омад тилаб қоламан. Ҳозирча бу мавсумда ўзимизга ярашмаган ўринда турибмиз. Худо хоҳласа, чемпионат охиригача юқори ўринга кўтариламиз, деб умид қиламан. Бу йўлда Даврон ака Файзиевга барча футболчилар қўлимиздан келганича ёрдам берамиз.

рузиев

“Бундай ўйинлар чемпионатимизни безаб беради”

- Охирги бешта ўйинда фақат дуранг ўйнадик. Лекин ютқазганимиз ҳам йўқ. Иккинчи давранинг биринчи ўйинида “Нефтчи” билан учрашувда адашмасам 10-дақиқаларда майдонда бир киши кўп бўлиб қолдик. 2:1 ҳисобида ютаётганимизда озроқ бўшашдик. 3 очкони қўлдан чиқариб юбордик. “Олимпик” билан ҳам жанговар ўйин кўрсатдик. Лекин натижа нисбатан қониқарли бўлмади. Рақибга нисбатан яхшигина имкониятларимиз бор эди. Аммо фойдалана олмадик. “Навбаҳор” билан ўйиннинг дастлабки қисмини тажовузкор тарзда яхши бошладик. Яна имкониятларимиз бўлдию, фойдалана олмадик. Рақиб стандартдан максимум фойдаланадиган жамоа ҳисобланади. Буни яхши билардик. Даврон ака Файзиев ҳам бу борада кўп кўрсатмалар берганди. Афсуски, ўша стандартдан гол ўтказиб юбордик. Бу режамизни буткул бузди. Лекин йигитлар охирида характер кўрсатди, мухлислар фаол қўллаб-қувватлашди. Бизга 12-ўйинчи вазифасини аъло даражада бажаришди. Мухлислар далдаси билан бу вазиятдан чиқиб кета олдик. Тўғриси, дурангга мос ўйин бўлди. Юқорида таъкидлаганимдек, дуранг бўлса ҳам бундан мухлислар ютди. Ҳар томонлама яхши учрашув бўлди. Мана шундай учрашувлар чемпионатимизни безаб беради. Ажойиб муҳит яратиб беришгани учун иккала жамоа мухлисларига раҳмат.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!