"Бу олдимиздаги мақсадларга эришиш учун ўзига хос синов". Мундиалдаги имкониятимиз ва қуръа ҳақида Умарали Раҳмоналиев қандай фикрда?

Хабарингиз бор, яқинда Аргентина мамлакатида U20 жаҳон чемпионатига старт берилади. Куни кеча бўлажак мундиал учун қуръат ташлаш маросими ўтказилди. Ўзбекистон терма жамоамиз мазкур жаҳон чемпионатида Осиё чемпиони сифатида иштирок этади ва табиийки, эндиликда бизнинг U20 жамоамизга қизиқиш жуда катта.

Қуръа термамизни мезбон Аргентинага рўбаро қилганини яхши биласиз. Шунингдек, Янги Зелландия ҳамда Гватемала ҳам рақибимизга айланди. Ушбу тўртлик “А” гуруҳини тўлдиришди.

Аргентина – Ўзбекистон қарама-қаршилиги эса жаҳон чемпионати очилиш ўйинига айланади. Табиийки, бутун дунё нигоҳи ушбу беллашувга қаратилади. Бу орқали ўзбек футболи тарихида яна янги саҳифа очилади. Биз ишонамизки, ўзбек йигитлари нималарга қодирлигини бутун дунё аҳлига кўрсата олади. Чунки бунга потенциалимиз етарли.

Бу борада гап кетганда, биринчи навбатда терма жамоамиз сардори ва етакчиси, бугунги кунда Россиянинг “Рубин” клуби шарафини ҳимоя қилаётган Умарали Раҳмоналиев алоҳида тилга олинади. Терма жамоамизни Осиё чемпионлигини қўлга киритилишида ҳам ушбу футболчимизнинг меҳнати жуда катта бўлди. Жаҳон чемпионатида барча ўйинчиларимиз сингари Умарали ҳам ўзининг яна янги қирраларини кашф эта олишига умид билдирамиз.

раҳмоналиев1_1

Sports.uz журналисти жаҳон чемпионатига қуръа ташлангач, табиийки, Раҳмоналиев билан боғланди. Негаки, терма жамоамиз жой олган гуруҳ, аслида қуръадан олдин қайси термаларни кутгани ва умуман айтганда, мундиалдаги имкониятимиз юзасидан унинг фикрлари муҳим эди.

“Бизга тушган рақибларга келсак, ҳамма жамоа кучли. Улар бежизга жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишмаган, - дея гап бошлади, Умарали. - Шу сабабли ҳар бир рақибни ҳурмат қилган ҳолатда майдонда боримизни бериб, ватанимизга яхши натижалар билан қайтиб, мухлисларимизни яна хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Шуни алоҳида айтмоқчиманки, биз фақат ватан учун ўйнаймиз! Боримизни берамиз. У ёғи фақат Аллоҳдан. Биз қайси ўйин ва қанақа рақиб бўлишидан қатъий назар Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилиб, юртимиз байроғини янада кўкларга кўтариб, халқимизни қувонтиришга ҳаракат қиламиз.

Қуръадан олдин қайси терма жамоа бизга дуч келиши ҳақида фикр юритмагандим. Сабаби, бутун жамоамиз билан биргаликда олдимизга мақсад қўйганмиз. Қандай жамоа бизга рақиб бўлишидан қатъий назар мақсадимиз йўлида фақат олдинга интилиб, бор имкониятимизни ишга соламиз, бу аниқ. Терма жамоадаги ҳар бир футболчи рақиб ким бўлмасин, майдонга тушганида кўзи ёниб, охиригача курашиши аниқ. Натижа қандай бўлишини эса вақт кўрсатади.

узб201_1

Гуруҳ босқичида бизга қарши ўйнайдиган терма жамоаларга тўхталадиган бўлсак, Аргентина, Янги Зелландия ва Гватемала – ҳар бир рақибнинг ўзига яраша ўйинни ташкил қилиш жиҳатлари бор ва улар ҳар хил даражадаги жамоалардир. Ўйлайманки, уларга қарши ўз ўйинимизни ташкил қилиб, ҳаракатларимизни янада мустаҳкамлаб, ўзимизга ишонч билан ҳаракат қиладиган бўлсак, Худо хоҳласа, кўзлаган натижамизга эришамиз. Албатта, ўйинлар жуда ҳам қизиқарли ўтади. Янада эътиборлиси, бизнинг илк учрашувимиз мезбон Аргентина билан очилиш ўйинига тўғри келди. Бу бизга яна қандайдир даражага кўтарилишимиз ва олдимиздаги мақсадларга эришиш учун ўзига хос синов. Фақат бунга жиддий ёндашиб, пухта тайёргарлик билан етиб борадиган бўлсак, бу жамоалар билан бемалол рақобатлашсак бўлади. Шу ўринда жаҳон чемпионатида барча иштирокчи термаларга омад тилайман”, - деди Раҳмоналиев.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shahboz qarshi
24/04/2023 06:51
Assalomu alaykum azizlar.nima bo'lishidan qat'iy nazar vatan uchun,g'urur or-nomus mayli oxirida muxlislar uchun futbol o'ynanglar.har bir o'yinda boringlarni berib maydonga tashlab chiqib ketinglar.niyatim shu xisob qanaqa bo'lishidan qat'iy nazar