Бу ўйин қизиқарли воқеаларга бой бўлади! Лопессиз "Сурхон", ғалабасиз Абрамов энди нима қилади? ёхуд Суперлигада супер ўйинлар

Суперлигада бугун 18-тур старт олади. Жўжани кузда санаймиз, деган нақл роса ўз сўзини айтадиган фурсат келди. Бу турда шундай ўйинлар борки, бу асло сизни бефарқ қолдирмайди.

8 сентябрь (пайшанба)

“Бунёдкор” – “Нефтчи”

Чемпионатда имкон қадар мавқеларини тиклашга уринаётган икки жамоа бугун майдонда тўқнашади. “Бунёдкор” ҳам, “Нефтчи” ҳам мағлубиятли сериялардан кейин ўтган турда ниҳоят ғалаба қозондилар. “Бунёдкор” Самарқандда “Динамо”ни ютиб қайтди. “Нефтчи” эса “Қизилқум” устидан ғалабага эришди. Бош мураббийларнинг олдига жиддий талаб қўйилган. Шунинг учун Виктор Карпенко ва Виталий Левченкода хато қилишга ва очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Бир-бирига тенг рақиблар десак адашмаймиз. Бу вазиятда мураббийларнинг тактик схемаларига ҳам кўп нарса боғлиқ.

бунёдкор4

“Қизилқум” – “Олимпик”

Яхши ўйин бўлади. “Қизилқум” Ўзбекистон Coca-Cola Кубоги чорак финалида “Сўғдиёна”га пенальтилар сериясида ютқазиб мусобақадан чиқиб кетди. Шу боис энди ҳеч нимани ўйламасдан фақат чемпионатга жиддий эътибор қаратаверади. Совринли ўринлар учун курашаётган навоийликлар учун ҳар бир баҳс финалдек. Аммо чақилмас ёнғоқ каби рақибларига катта муаммолар туғдириб келаётган Суперлиганинг ёш дебютанти – “Олимпик”ни қаршилигини енгиш ҳам осон бўлмаяпти. Бу ерда тажрибали футболчилар иқтидорли ёшларга қарши ўйнайдилар. Натижага келсак, буни ўйиндан кейин биламиз.

9 сентябрь (жума)

“Қўқон-1912” – АГМК

Кетма-кет 6 та турдан бери эринмасдан дуранг ўйнаб келаётган қўқонликлар яна бу натижасини такрорлайдими ёки АГМКни енгиб дуранглари сериясига барҳам берадими? Даврон Файзиев ҳам “Қўқон-1912” бош мураббийига айланганидан буён дурангли серияни такрорлаб келмоқда. Ҳозирча унга ҳам ғалаба қозониш насиб қилгани йўқ. Аммо қачондир бунга чек ҳам қўйиш керак. Рақиб аксига олиб анойи эмас-да! АГМК Кубокда юришини давом эттиряпти ва чемпионатда ҳам совринли ўринлар учун курашишни мақсад қилганини барча билади. Миржалол Қосимов анча-мунчага таслим бўладиганлардан эмас. Демак, Даврон Файзиев ғалаба қозониш учун жиддийроқ тактика ўйлаб топиши керак. Акс ҳолда...

қўқон1

“Пахтакор” – “Металлург”

Ҳар ўйиндан кейин ҳакамлардан ва яна бошқа масалалар бўйича нолиётган Максим Шацких борасида мухлисларда ўзига яраша тасаввур шаклланиб боряпти. Унинг бошчилигида “Пахтакор” Ўзбекистон Кубогини чорак финалдаёқ тарк этди. Бор умиди энди фақат чемпионатдан. Агар “Металлург” сюрприз кўрсатиб “Пахтакор”ни ютиб қўядиган бўлса борми, Шацких айб менда деб жавобгарликни бўйнига олишга қурби етармикин? Лекин у ҳам вазиятни яхши тушуняпти ва “Пахтакор”ни ғалаба учун тайёрлаши табиий. Бу Тошкент дербиси ҳисобланади. Балки ўйин голларга бой бўлмаслиги ҳам мумкин. Чунки бекободликлар аввало ҳимояни мустаҳкамлаш ҳақида ўйлайдилар. Бу эса “Пахтакор”га қўшимча қийинчилик туғдирса керак.

ааааааааааапахта_2

10 сентябрь (шанба)

“Сурхон” – “Насаф”

Испаниялик Анхель Лопес “Сурхон”ни тарк этгач, ўрнига ҳали расман ҳеч ким тайинлангани йўқ. У ерда мураббий ўзгариши жамоага таъсир кўрсатиши мумкин, айниқса, “Насаф”дек рақибга қарши ўйин олдидан бундай ўзгариш бўлиши футболчиларга ҳам руҳий жиҳатдан оғир бўлиши табиий. Тан олиш керак, “Насаф” ўйин бўйича ҳам, таркиб жиҳатидан ҳам “Сурхон”дан кучли. Лопессиз “Сурхон” қандай ўйин кўрсатишини кузатиш янада қизиқ. Аммо унутмаслик керакки, термизликлар анчадан бери ғалаба қозона олмаяптилар. “Насаф” билан баҳсда балки дуранг ҳам мезбонлар учун яхши натижа бўлиши катта эҳтимол.

“Локомотив” – “Динамо”

Вадим Абрамов собиқ клубига қарши ўйнайди. Сервер Жепаровни “Локомотив” устози сифатида учинчи ўйини. У дастлабки иккита ўйинини “Насаф”га қарши ўтказишига тўғри келиб қолди. Чемпионат ва Кубок доирасида бир дуранг ва бир мағлубият қайд этди. Абрамов эса “Динамо”га келганидан бери фақат ютқазяпти. “Динамо” учун дуранг ҳам мағлубиятга тенг. 7 очко билан охирги ўринга “михланиб” қолган самарқандликлар ютишга мажбур. Жепаров ҳам “Локомотив” устози сифатида тезроқ илк ғалабасини қўлга киритмоқчи. Демак, бу қизиқарли ўйин бўлади. Ўтказиб юборманг.

динамо3_1

“Сўғдиёна” – “Навбаҳор”

18-турдаги жуфтликлар орасида марказий ўйин шубҳасиз Жиззахда бўлади. Мусобақа пешқадами “Навбаҳор” “Сўғдиёна”га қарши яна бир мураккаб ўйинни ўтказади. Биласиз, ҳозирда жиззахликлар ҳам жуда яхши ҳолатда. Айниқса, ОФК Кубоги ярим финалига йўл олди. Аммо “Навбаҳор” ҳам жуда жиддий. Самвел Бабаян кучли таркиби билан Жиззахда қандай “ҳунар” кўрсатади? Рости, бу шунчаки ўйин бўлмайди.  Бу қизиқарли воқеаларга бой бўлади!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!