
Бу турда пешқадам номи ўзгарадими ёхуд Суперлигада қайноқ интригалар
Бугун Суперлигада 26-турга старт берилади. Чемпионат охирлаб боргани сари чемпионлик учун курашдаги интрига кучайиб бормоқда. Бу турда пешқадам номи ўзгарармикин? Қолган баҳсларни ҳам албатта ҳисобдан чиқармаймиз.
23 октябрь
18:00. “Хоразм” - “Пахтакор”
“Пахтакор” клуби 29 октябрь куни Ўзбекистон Кубоги финалида майдонга тушади. Ўта муҳим учрашув олдидан “Шерлар” Урганчда “Хоразм”га қарши майдонга тушишади. Мезбонлар учун “Пахтакор” жуда ноқулай рақиб. Финал олдидан “Пахтакор” ўзини аяб ўйнаса керак, балки минимал ҳисобда устунликка эришиши мумкин. Айтайлик, натижа учун тўп суради. Ҳаким Фузайлов жамоасининг ўйини ҳам ёмон эмас. Аммо урганчликлар чорак асрдан буён ушбу рақибини енгга олмаяпти.
18:30. “Бухоро” - “Сўғдиёна”
Яқинда бу клублар Бухорода Кубок ярим финалида учрашишганди ва унда мезбонлар қўшимча вақтларда 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб финалга чиққан. “Сўғдиёна”да реванш олиш учун яна бир имконият пайдо бўлди. “Бухоро” финал олдидан яна бир муҳим баҳсни ўтказади. Боиси, улар турнир жадвалида 15-ўринда боришяпти ва уларга ғалаба зарур. Яхши ўйин гувоҳи бўлсак керак.
24 октябрь
19:00. “Қизилқум” - “Динамо”
Навоийда “Қизилқум” “Динамо”ни қабул қилади. Жадвалга назар ташласак, гўёки меҳмонларга ғалаба зарурроқдек кўринади. Боиси, самарқандликлар медаллар учун курашишмоқда. Аммо “Қизилқум” ўз майдонида доим жанг таклиф қилади. Шу нуқтаи назардан қараганда, учрашув муросасиз ўтишини тахмин қилса бўлади.
25 октябрь
16:30. “Шўртан” - “Нефтчи”
Ўйин олдидан деярли барча “Нефтчи”нинг ғалабасига шубҳа қилмаётган бўлса керак. Тан олиш керак, фарғоналиклар фаворит. Ном жиҳатидан ҳам, ўйин томонлама ҳам “Шўртан”дан устун. Жамоаларнинг мақсадлари турлича. Меҳмонлар чемпионлик учун курашишяпти. Мезбонлар эса гарчи лигада қолиш учун ўта мураккаб авҳолда бўлса ҳам охиригача курашишмоқчи. “Нефтчи” сюрприз натижа қайд этилишига йўл қўймаса керак.
19:00. “Қўқон-1912” - “Навбаҳор”
Бу турда водий дербиси бўлиб ўтади. Қўқонда мезбонлар “Навбаҳор”ни қабул қилади. Иккала жамоа ўтган турда мағлубиятга учради. Дерби доим дербига хос тарзда ўтган. “Қўқон-1912” ва “Навбаҳор”нинг кучлари мутлақо тенг. Руҳий тайёргарликка ҳам кўп нарса боғлиқ. Одатда, дербиларда тактик услублар эмас, футболчиларни шижоати, ғалаба учун интилиши кўп нарсани ҳал қилади.
26 октябрь.
16:30. ОКМК - “Насаф”
Турнинг марказий ўйини Олмалиқда бўлиб ўтади. Миржалол Қосимов шогирдлари Рўзиқул Бердиев жамоасига қарши ўйнайди. Бу учрашувга ортиқча таъриф шарт эмас. “Насаф” амалдаги чемпион сифатида чемпионлик камарини ҳимоя қиляпти. Пешқадамликни сақлаб қолиш қаршиликлар учун осон кечмаяпти. Агар “Нефтчи” Ғузорда ютса ва “Насаф” мағлуб бўлса пешқадам номи ўзгариб кетади. ОЧЛ элитда қаршиликлар кетма-кет учинчи мағлубиятини қабул қилиб олганини биласиз. ОКМК шубҳасиз жиддий рақиб. Ўйиннинг ҳарорати жуда баланд бўлади.
18:30. “Бунёдкор” - “Машъал”
Илёс Зейтуллаев жамоасининг бу сафарги рақиби Муборакнинг “Машъал” жамоаси. Ўтган турда муборакликлар ўз уйида йирик ҳисобда мағлуб бўлди. “Бунёдкор” эса Наманганда жавобсиз иккита гол уриб уч очкони қўлга киритди. “Бунёдкор” ўз уйида фаворит ва имкониятлари юқорироқ.
18:30. “Сурхон” - “Андижон”
Осиё Чемпионлар лигаси 2 да иштирок этаётган “Андижон” клуби учта ўйинда ҳам 0:0 ўйнади. Бу сафар уларни чемпионат доирасида Термизда “Сурхон”га қарши баҳс кутяпти. Ўйин олдидан иккала жамоани имкониятлари тенг. Биринчи даврада “Андижон” рақибини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратган. Термиздаги учрашув ҳам қизиқарли тус олиши тайин.
Фикрлар