Бугун энг қизиқарли ва шиддатли бўлиши кутилаётган ўйинлар

Бугунги ўйинлар дастурида бир қатор қизиқарли учрашувлар ўрин олган. Шу қаторда, Европа Чемпионлар Лигаси ўйинлари ҳам бўлиб ўтади. Биз уларнинг орасидан энг қизиқарлиларини саралаб олдик.

 

"Ливерпуль" - "Зальцбург"

Европа Чемпионлар Лигасининг 2-турида Англиянинг "Ливерпуль" клуби ўз ўйинини ўтказади. Ер юзида миллионлаб ишқибозларга эга бўлган жамоанинг ҳар бир ўйинига катта қизиқиш билан қарашади.

Таркибида Муҳаммад Салоҳ каби футболчи бўлган клубнинг Африка қитъасида ҳам мухлислари бисёр.

Бугун ушбу жамоа Ч доирасида "Зальцбург" жамоасини қабул қилади. Тошкент вақти билан соат 00:00 да бўлиб ўтадиган беллашувни ўтказиб юборманг.

 

 

"Славия "Прага" - "Боруссия Дортмунд"

Чемпионлар Лигаси доирасидаги яна бир қизиқарли тўқнашув. Германиянинг "Боруссия" клуби ҳам "Ливерпуль" каби миллионлаб мухлисларнинг эътиборини қозонган. Айниқса жамоанинг ушбу мавсумда кўрсатаётган мазмунли футбол янада кўплаб қизиқишларга сабаб бўлмоқда. Таркибида Санчо каби ёш футболчига эга бўлган клуб асосан ушбу инглиз футболчи атрофида ўйинини қурмоқда. Бугун немислар "Славия Прага" меҳмони бўлишади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.

 

"Лилль" - "Челси"

Тарихдан маълумки лондонликларнинг мухлислари доимо сайёрамизда миллионлаб топилган. Бугунги кунда ўзининг собиқ футболчиси Фрэнк Лемпард қўл остида шуғулланаётган жамоанинг ёш таркиби қандай натижалар қайд этиши барчага бирдек қизиқ бўлади. Ҳар ҳолда, Лемпард Чемпионшип клубида ажойиб мавсумни ўтказди ва дарҳол "Челси"га ишга таклиф этилди. Бугун ушбу жамоанинг рақиби ҳам шунчаки совға бўладиган жамоа эмас. "Лилль" клуби ҳаттоки ПСЖ жамоасини бир неча бор мағлуб этишга улгурди ва Францияда парижликларга қаршилик кўрсата олаётган ягона жамоа ҳисобланади.

 

"Барселона" - "Интер"

Ла Лига ва А Сериянинг ўзаро учрашуви, десак муболаға бўлмайди. Бугунги куннинг энг муҳим беллашуви ушбу ўйинда кузатилади. Энг кўп мухлислар қизиқишига сабаб бўладиган учрашув. "Интер" жамоасини А Серия бошланишида қайд этаётган натижалари, кетма-кет ғалабалари шунчакими ёки "Ювентус"га рақобатлик қила олишадими, деган саволларга ҳар ким турлича жавоб бермоқда. Балки, бугунги баҳсда биз "Интер"ни фаворитлар қаторига кира олиши мумкинлиги борасида аниқ жавобларга эга бўла олармиз. Бир қанча учрашувларни жароҳати туфайли ўтказиб юборган Лео Месси каталонияликлар қайдномасига киритилгани ҳам ушбу баҳснинг қизиқарли ва жиддий эканлигидан далолат беради.

 

"Гремио" - "Фламенго"

Жанубий Америка қитъасининг Либертадорес Кубоги ярим финалидан ўрин олган икки Бразилия клубининг ўзаро беллашуви жуда қизиқарли кечиши тайин. Аслида шиддат борасида Европа Чемпионлар Лигасидан қолишмайдиган, аммо ишқибозлар қизиқиши бироз пастроқ бўлган мусобақага бутун Америкада катта қизиқиш билан қарашади. Яна бир қизиқ томони, ушбу жуфтликнинг гўлиби финалда Аргентина жамоаси билан рўбарў келиши аниқ. Сабаби, ярим финалнинг иккинчи жуфтлигида ушбу мамлакатнинг икки вакили "Ривер Плейт" ва Бока Хуниорс" ўзаро тўқнаш келишган.