Бугун Жиззахда марказий ўйин. "Сўғдиёна" - "Навбаҳор" баҳсидан олдинги маълумотлар

Ўзбекистон Coca Cola Суперлигасининг 18-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” сафарда “Сўғдиёна” (Жиззах) меҳмони бўлади.

Мазкур клублар Ўзбекистон чемпионатларининг  Cуперлига (олий лига)сида ўзаро 53 марта учрашишган. Ушбу ўйинларнинг 25 тасида “Навбаҳор”  ғалаба қозонган бўлса, “Сўғдиёна” 21 та баҳсда зафар қучган, 7 та ўйинда эса дуранг қайд этилган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 89-62, “Навбаҳор”фойдасига.

Наманганликлар ўзаро ўйинларда 82 очкони қўлга киритишган бўлса, жиззахликлар ҳисобида 70 очко мавжуд.

“Сўғдиёна” – “Навбаҳор” клублари ўртасидаги ўзаро учрашувлардаги энг йирик ҳисоб 1996 йили қайд этилган. Ўша йили “лочинлар” Наманганда жиззахликлар дарвозасига 7 та жавобсиз тўп киритишганди.

Сермаҳсуллик борасида эса 2000 ва 2014 йиллардаги учрашувлар тарихда қолган.

Эътиборлиси, ўша ўйинларда дарвозаларга тўққизтадан гол урилган.

2000 йили Наманганда бўлиб ўтган учрашувда мезбонлар 6:3 ҳисобида зафар қучишган бўлса, 2014 йили Жиззахда ўтказилган баҳсда “Сўғдиёна” 5:4 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Жиззахда шу пайтгача бўлиб ўтган 26 баҳснинг 19 тасида мезбонлар ғалаба қозониб, 3 та учрашувда дурангга имзо чекишган ҳамда 4 та баҳсда мағлубиятга учрашган.

Ушбу жамоаларнинг 1-даврада Наманганда бўлиб ўтган баҳсида жиззахликлар Шоҳруз Норхонов ва Дониёр Абдуманноповнинг голлари эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Ўша ўйинда “Навбаҳор”нинг ягона голига сербиялик ҳужумчи Зоран Марушич муаллифлик қилганди.

Эслатиб ўтамиз, “Сўғдиёна” – “Навбаҳор” ўйини 10 сентябрь куни Жиззахдаги “Сўғдиёна” марказий стадионида соат 20:00 да старт олади.

 “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!