Бугун “Насаф”га Суперлига-2023 кумуш медалларини топшириш ва янги футболчиларни таништириш маросими бўлиб ўтди

Бугун “Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов” номидаги Қашқадарё вилоят Академик-драма театрида “Насаф” жамоасига тантанали равишда Суперлига-2023 кумуш медаллари топширилди.

"Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов сўзга чиқиб, вилоят аҳлини ўтган мавсумда жамоа томонидан қўлга киритилган ютуқлар билан табриклади ва Қашқадарё халқи анчадан буён севимли жамоасининг Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритишни орзу қилаётгани ва жорий йилда ушбу орзуни ушалишига бор кучи билан ҳаракат қилишимиз кераклигини таъкидлаб ўтди. Жамоа олдидаги мақсад ва вазифаларни бажариш учун вилоят раҳбарияти ҳар қандай ёрдамни аямаслигини таъкидлаб ўтди.

Сўнгра клуб президенти, “Шўртан газ-кимё мажмуаси” бош директори Шуҳрат Асланов сўзга чиқиб, “Насаф” футбол клуби ўтган мавсумда катта ҳажмдаги ишни амалга оширганини ва жамоа бу билан тўхтаб қолмаслигини қайд этди. Жамоа совринлардан ташқари футболни аёллар, футзал, турли ёшдаги кичик терма жамоалар ҳамда Ўзбекистон Миллий терма жамоасига ҳам футболчиларни етказиб берадиган катта механизмга айланганини эътироф этди. Клуб президенти жамоанинг шу даражага етиши учун хизмат қилган барча ишчи-ходимлар, мухлислар, вилоят раҳбарияти ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Жамоа номидан сўзга чиққан бош мураббий Рўзиқул Бердиев йил давомида “Насаф”ни қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди ва янги мавсумда жамоа олдига қўйилаётган мақсад йўлида бирлашиб, вилоят аҳли узоқ кутган чемпионлик учун курашишга ваъда берди.

Шундан сўнг жамоага янги келиб қўшилган Виктор Да Силва, Зоран Марушич, Темур Чогадзе, Игор Голбан, Ислом Кенжабоев, Шароф Муҳитдинов, Бобир Абдихолиқов ва Зафар Сафаревлар мухлисларга таништирилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Нор Носиров
08/02/2024 15:09
БАЛЛИ НАСАФ Бобир Шароф Ислом Сизларга Офарин хуш келибсизлар уз уйларингга Кани йигитлар узларингни курсатиш вакти келди НАСАФ духини исботлаб беринглар укаларим биз сизлар бирга доим