Бугун старт оладиган Осиё кубоги ҳақида энг муҳим маълумотлар кетма-кетлиги!

Бугун Ўзбекистон яшил майдонларида 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги старт олади. Унда вакилларимиз "A" гуруҳидан жой олган бўлиб, плей-офф учун Сурия, Ироқ ва Индонезияга қарши баҳс олиб боради. Мазкур мусобақа бошланиши олдидан SPORTS.uz сайти ўқувчилар эътиборига турнир ҳақидаги энг муҳим маълумотларни тақдим этади. 

ўзбь_1

Мусобақа формати ҳақида.

Осиё кубоги U-20 мусобақаси 1959 йилдан буён ўтказиб келинади. Илк маротаба турнирни Осиё ёшлар чемпионати U-19 дея ном олган. Тушуниб турганингиздек, унда ёш чегараси 19 этиб белгиланган. Айнан шу йилги биринчиликда мусобақа номи "Осиё кубоги U-20"га ўзгарди.

1959 йилдан 1978 йилга қадар кубок баҳслари ҳар йили ўтказиб келинган. 1980 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бўлиб ўтадиган форматга ўтилди. Шунингдек, айнан ўша йили илк маротаба саралаш босқичи ўтказилди. 

Ҳозирги турнирда 4 та гуруҳ мавжуд бўлиб, биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар плей-оффга йўл олади. Қайд этиш лозим, 4 та жамоа 2023 йили Индонезияда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги мундиалга йўлланмани қўлга киритади.

2008 йилдан бошлаб мусобақада 3-ўрин учун баҳс ўтказилмай келинмоқда. Унгача доимий тарзда бронза медали учун беллашув бўлиб ўтган.

ўзбек

Турнирда чемпион бўлган жамоалар.

Мусобақада энг кўп ғолибликни Жанубий Корея терма жамоаси қўлга киритган. Терма 12 маротаба тенгсиз, деб топилган. Иккинчи ўринда Мьянма жамоаси бормоқда. Ҳеч ким тахмин ҳам қилмаган бу мамлакат 7 марта ёшлар ўртасидаги Осиё кубогида ғалаба қозонган. Исроил ҳисобида 6 та кубок бор. 

Гуруҳдаги рақибларимиздан Ироқ 5 марта етакчилик мартабасига эга чиққан. Сурия ва Индонезия эса биттадан ғолибликни қўлга киритган. 

Кутилганидек, энг кўп медалларга Жанубий Корея термаси эга чиққан. Кореяликлар оз эмас, кўп эмас, нақ 25 маротаба медалларга сазовор бўлган: 12 та олтин, 5 та кумуш ва 8 та бронза. Мьянма ҳисобида 7 олтин, 1 кумуш ҳамда 3 бронза медал мавжуд.

афс_1

Ўзбекистон ёшларининг натижаси қандай кўриниш олган?

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мусобақада 2002 йилдан буён иштирок этиб келмоқда. Илк қатнашишидаёқ вакилларимиз ярим финалга қадар етиб борган ва 4-ўринни қўлга киритган. 

Энг яхши кўрсаткичимиз 2008 йилга тўғри келади. Ўшанда ҳамюртларимиз финалгача етиб бориш вазифасини уддалаган. Бироқ ҳал қилувчи паллада Бирлашган Араб Амирликларидан ташриф буюрган тенгқурларига имкониятни бой бериб қўйган. Бундан ташқари, ёшлар термамиз 2012 ва 2014 йилда ярим финалда ўз юришини тўхтатган. 2012 йилда Жанубий Корея вакилларимизни финалдан мосуво қилган бўлса, 2014 йилда Шимолий Корея билан ўйинда омад биздан юз ўгирган.

 

Бошланажак турнирда Равшан Ҳайдаров жамоасига муваффақиятлар тилаб қоламиз. Биз йигитларга ишонамиз ва уларни бор кучимиз билан қўллаб-қувватлаймиз!!!

 

Шоҳрух Зоиров тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!