
Бугун Суперлигада 22-тур бошланади. Бизни бу турда нималар кутмоқда?
Бугун Суперлигамизда 22-тур баҳсларига старт берилади. 18-21 сентябрь кунлари давомида бир-биридан қизиқарли учрашувларни кузатишимизга шубҳа йўқ.
18 сентябрь
18:30. “Сурхон” - “Машъал”
22-тур Термиздаги ўйин билан бошланади. “Сурхон” ва “Машъал” ғалаба учун курашиши аниқ. Балки муборакликлар сафарда дуранг қайд этса ҳам бу улар учун ёмон натижа ҳисобланмаслигини биламиз. Майдон эгалари мухлислари қаршисида фақат уч очко учун курашади. Битта гол учрашув тақдирини ҳал қилиши ҳам мумкин.
19 сентябрь
18:30. ОКМК - “Бунёдкор”
Жамоаларни бир очко ажратиб турибди. Иккаласи ҳам совринли ўринлар учун курашишмоқда. Бу клублар қизиқарли ва ҳужумкор футбол кўрсатишади. Бу баҳсда фаворитни ажратиш ҳам қийин. ОКМК ўтган турда Жиззахда йирик ҳисобда имкониятни бой берганини биласиз. Бу турнинг марказий учрашувларидан бири саналади.
19:00. “Шўртан” - “Пахтакор”
11 очко билан яққол аутсайдер бўлиб турган “Шўртан” 3-ўриндаги “Пахтакор”ни қабул қилади. Таркиб ва ўйин бўйича “Шерлар” рақибидан кучли, бу шубҳасиз. Шундоқ ҳам турдан-турга Суперлигада қолиш имкониятини йўқотиб бораётган ғузорликларнинг “Пахтакор”га кучи етиши шубҳа остига олинмоқда.
20 сентябрь
17:00. “Хоразм” - “Қўқон-1912”
13 ва 14-ўринда бораётган “Хоразм” ҳамда “Қўқон-1912” клублари ўртасида ўтадиган учрашувда жамоаларнинг имкониятлари тенг баҳоланяпти. Ким биринчи гол урса ўша жамоа ютиб кетиши ҳам мумкин.
18:00. “Бухоро” - “Навбаҳор”
“Бухоро” клубига Александр Хомяков бош мураббий этиб тайинланди. У янги жамоаси устози сифатидаги дебютини “Навбаҳор”га қарши ўтказади. “Бухоро” 17 очко билан 15-ўринда турибди. Табиийки, жамоани лигада сақлаб қолиш асосий вазифа ҳисобланади. Хомяков шу мақсадда таклиф қилинган. “Навбаҳор”га қарши баҳс мезбонлар учун ҳар томонлама муҳим ҳисобланади.
19:15. “Нефтчи” - “Динамо”
Турнинг яна бир марказий ўйини Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтади. “Нефтчи” - “Динамо” баҳсига қизиқиш жуда катта. Чемпионлик учун курашаётган фарғоналиклар ўтган турда “Пахтакор”га имкониятни бой берди. “Динамо”ни эса ўтган турда “Андижон”га қарши учрашуви қолдирилган. Улар охирги марта расмий ўйинини 20 август куни ўтказган. Вадим Абрамов шогирдларини ўйин тонусида сақлаб туришга ҳаракат қиляпти. Буни қанчалик уддалаганини “Нефтчи”га қарши беллашувда кўрамиз.
21 сентябрь
17:00. “Андижон” - “Сўғдиёна”
ОЧЛ 2 мусобақасидаги иштирокини бошлаган “Андижон” чемпионат доирасида бу сафар Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилади. Бу ҳам қизиқарли ва муҳим беллашувлардан бири. Максим Шацких шогирдларини “Бобур арена”да қандай қўллашини ҳамма яхши билади. Ҳозирча имкониятлар бир хил, қолганини учрашув давомида кўрамиз.
19:15. “Қизилқум” - “Насаф”
ОЧЛ Элитдаги иштирокини мағлубият билан бошлган “Насаф” клуби чемпионат доирасида Навоийда “Қизилқум”га қарши майдонга тушади. Ушбу қарама-қаршилик билан 22-турга якун ясалади. Суперлигада пешқадам бўлиб турган Рўзиқул Бердиев жамоаси “Қизилқум”даги ўйинда ҳам имкониятлари бироз юқорироқ баҳоланмоқда. Бироқ навоийликлар ҳам гарчи ўтган турда ютқазган бўлса-да, ундан аввалги 9 та баҳсда мағлуб бўлгани йўқ. Бу жуфтлик иштирокидаги беллашув ҳам қизиқарли ўтса керак.
Comments