Бугун Суперлигада сўнгги тур. Сюрпризлар кўрамизми?

Бугун Суперлига расман якунига етади. Одатда чемпионтнинг охирги тур ўйинлари бир кунда ва бир вақтда бошланади. Бу сафар ҳам худди шундай: барча 7 та жуфтлик 30 ноябрь куни соат 15:00 да старт олади. Бугун барча клубларнинг турнир жадвалида қайси ўринни эгаллаши ва мавсумни қандай якунлаши аниқланади. Хўш, охирги турда сюрпризлар кўрамизми?

15:00. “Локомотив” – “Нефтчи”

“Локомотив” учун ҳар қачонгидан кўра муҳим ўйин. “Темирйўлчилар” “Нефтчи”ни ютиши керак. Лекин жамоа барибир Суперлигада қолиш учун плей-оффда ўйнайди. Бундан бошқа йўли йўқ. Аммо “Локо”ни тўғридан-тўғри про лигага тушиб кетиш хавфи ҳам йўқ эмас. Бу шундай ҳолатда содир бўлиши мумкинки, унинг учун “Металлург” Қаршида “Насаф”ни ютиши, “Локомотив” эса “Нефтчи”га ютқазиб қўйиши керак. Айнан ушбу сценарийда “Темирйўлчилар” лигани тарк этади. Бироқ “Локо” асло бунга йўл қўймаслик учун ҳам фарғоналикларни енгишга бор кучини сафрлайди. Мабодо, “Металлург” ютқазса “Локомотив” ҳар қандай натижа қайд этса ҳам плей-оффда ўйнайди. “Нефтчи” учинчи ўрин учун охиригача курашади. Бу жуда қизиқ баҳсга айланади.

15:00. “Насаф” – “Металлург”

Чемпионлик қўлга киритилгач, “Насаф”нинг натижалари кескин пасайиб кетди. Чемпионатда ҳам, ОЧЛда ҳам Рўзиқул Бердиев жамоаси мағлубиятга учраб келмоқда. “Аждарлар” ҳеч бўлмаганда мавсумнинг сўнгги ўйинида ўз майдонида мухлисларини ғалаба билан қувонтириб қўймоқчи. Лекин аслида ғалаба “Насаф”дан кўра “Металлург”га жуда зарур. Бу бекободликлар учун ҳаёт-мамот жангига айланади. 20 очко билан охирги ўринда бораётган ушбу жамоа қандай бўлмасин 3 очкони қўлга киритиши ва “Локомотив”ни очко йўқотишига умид қилмоқда. Айнан шундай сценарий юз берсагина жамоа плей-оффга илашиб қолиши мумкин. Акс ҳолда “Металлург”ни келаси йили про лигада кўрамиз.

15:00. “Сурхон” – “Олимпик”

“Сурхон” қандай натижа қайд этса ҳам 7-ўриндан пастга тушиб кетмайди ва юқорига ҳам чиқиб кетмайди. “Олимпик” эса ғалаба учун курашишдан бошқа чораси йўқ. Денис Коростиченко жамоаси имкони қадар Суперлигада тўғридан-тўғри жон сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмоқда. Гарчи натижа ва эҳтиёткорлик биринчи ўринда бўлса-да, катта эҳтимол билан бу тўқнашувда очиқ футбол кўрадигандекмиз.

15:00. “Бунёдкор” – “Пахтакор”

Мавсумни медалларсиз якунлаши аниқ бўлиб улгурган “Пахтакор” охирги турда Тошкент дербисида “Бунёдкор”га қарши майдонга тушади. “Қалдирғочлар” лигада тўғридан-тўғри қолиши учун яхши имкониятга эга ва барчаси ўз қўлида.

15:00. “Динамо” – “Сўғдиёна”

Иван Бошкович жамоаси учун ҳал қилувчи ўйин. Охирги турда шундай вазият бўлиши мумкинки, “Сўғдиёна” иккинчи ўрин билан чемпионатни тугатиши ёки медалсиз қолиб кетиши ҳам мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жиззахликлар Самарқанддан уч очко билан қайтиш учун бор имкониятини ишга солади. Вадим Абрамов жамоасини енгиш осон эмас, албатта. “Динамо” ҳам охирги турда ўз ишқибозларини ғалаба билан хурсанд қилган ҳолда мавсумни якунламоқчи. Жуда қизиқарли учрашув бўлади.

15:00. “Навбаҳор” – “Андижон”

Бу икки клуб ва улар иштирокида ўтадиган водий дербисига ортиқча анонс шарт эмас. Октябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Кубогидаги драмани ҳали ҳеч ким унутгани йўқ ва бу ўзбек футболи тарихидаги энг зўр финал бўлиб қолади. Энди ушбу клублар чемпионатнинг охирги турида Наманганда яна бир бор рўбаро келадилар. “Навбаҳор”да чемпионатни ҳатто иккинчи ўринда якунлаш имконияти мавжуд. Худди Кубок финалидек уларда яна босим кўпроққа ўхшаяпти.

15:00. ОКМК – “Қизилқум”

Турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турган ОКМК қандай бўлмасин эгаллаб турган ўрнини сақлаб қолмоқчи ва улар бу йўлда ўз уйида “Қизилқум”ни енгиши шарт. Агар Миржалол Қосимов жамоаси очко йўқотса кумуш медалдан мосуво бўлиши ҳеч гап эмас. “Қизилқум” мавсум давомида турлича таассурот қолдириб келди. Қосимов жамоасида имконият кўпроқ.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!