Бугунги чемпионлик ўйинида Яхшибоевдан қаҳрамонлик кутишмоқда
Беларусь чемпионатининг олий лигасида 28-тур ўйинлари ўтказилмоқда. Бугун Солигорскда бўладиган “Шахтёр” ва БАТЭ ўртасидаги беллашув мавсумнинг энг муҳим ва марказий учрашуви мақомида ўтади. Бу ўйин амалда янги чемпион номига ойдинлик киритиши керак. Чунки чемпионат якунланишига учта учрашув қолган бир пайтда БАТЭ 53 очко билан биринчи ўринни эгаллаб турибди. Борисовликлардан бир очко кам жамғарган “Шахтёр”ни ўз майдонидаги ўйинда фақат ғалаба қониқтиради.
Чемпионатнинг охирги икки учрашувида ғалаба қозониш БАТЭга ҳам, “Шахтёр”га ҳам муаммо туғириши керак эмас.
“Шахтёр” Беларусь футболининг етакчи клублари қаторида эътироф этилса-да, фақат бир марта чемпион бўлган. Ягона чемпионлигини 15 йил аввал нишонлаган солигорскликлар ғалаба нашидасини роса соғинган ва бу галги бош соврин масаласини ижобий ҳал қилиш “Шахтёр” футболчиларининг қўлида.
БАТЭ чемпионлик бўйича Беларусь рекордчиси. Борисовликлар жами 15 марта мамлакат чемпиони бўлган. Тўрт бора Беларусь кубогини боши узра кўтарган. Етти маротаба Суперкубок соҳибига айланган.
Ҳар икки клуб Европакубоклардаги муваффақиятсизлигидан кейин бош мураббийни алмаштирди. “Шахтёр” бошқарувини қўлга олган украиналик мутахассис Роман Григорчук фаолиятини Латвиянинг “Динабург” жамоасида бошлаган. Ушбу мамлакатнинг “Вентспилс” жамоасини уч марта чемпион қилган.
Кейинчалик Украина, Озарбайжон ва Қозоғистон клубларини муваффақиятли бошқарган. Унинг қўл остидаги жамоалар мунтазам совринли ўринлар учун курашган ва Европа Лигаси мусобақаларида қатнашган.
Ҳозир БАТЭ бош мураббийи вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаётган Александр Лисовский муҳим ва катта учрашувларда жамоани бошқариш тажрибасига эга эмас. У кутилмаганда ишни ташлаб кетган Кирилл Альшевкийдан қолган жамоани мавсум охиригача етказиб қўйиши керак.
Чемпионлик учрашуви доирасида икки жамоа тўпурарлари тўқнашуви ҳам кўпчиликнинг эътиборида турибди. Борисовликларнинг тажрибали ҳужумчиси Максим Скавиш иккинчи даврадаги голли сериялари эвазига 17 та тўп билан биринчи ўринга чиқиб олди.
“Шахтёр” тўпурари Жасур Яхшибоев рақобатчисини олдинга ўтказиб юборганига қарамай, “Белшина”га қарши охирги ўйинда учта тўп киритиб, Скавишга максимал даражада яқинлашиб олди. Ҳозирча ҳамюртимиз ҳисобида 16 та гол бор.
Бугун чемпионлик масаласини ҳал қилишга бел боғлаган жамоаларнинг мақсади амалга ошиши кўп жиҳатдан ғалабани таъминловчи голларни уриши керак бўлган Жасур Яхшибоев ва Максим Скавишнинг маҳоратига ва ўйинига ҳам боғлиқ бўлади.
“Шахтёр” ва БАТЭ ўртасидаги ҳал қилувчи баҳс Тошкент вақти билан 21:00да бошлади.
Фикрлар