Бунақа пулга ҳайдалиш ҳам алам қилмайди
Саудия Арабистони футболи раҳбарлари миллий терма жамоанинг италиялик бош мураббийи Роберто Манчинини истеъфога чиқарадиган бўлган.
La Gazzetta dello Sport газетасининг ёзишича, истеъфо Саудия Арабистони қироли тасдиқлаганидан кейин расман эълон қилинади.
59 ёшли мутахассис Саудия Арабистони терма жамоасини 2023 йилнинг ёзида қабул қилиб олган. Лекин кейинги пайтда натижаларнинг пасайиб кетгани ва бош мураббийнинг жамоа ўйинчилари билан қарашлари тўғри келмаётгани унинг истеъфосига сабаб бўлди.
2026 йилги жаҳон чемпионатининг Осиё саралаш турнирида саудияликлар Баҳрайнни мағлуб этолмаганидан кейин раҳбарияти Манчинининг хизматидан воз кечишга қарор қилди.
Calcio e Finаnza нашрининг маълум қилишича, италиялик мутахассис Саудиядан қуруқ кетмайди. Федерация 2026 йилгача тузилган шартномани муддатидан аввал бекор қилгани учун европалик мураббийга 25-30 миллион евро миқдорида компенсация тўлаши талаб этилади.
Фикрлар