Бундай натижа фақат "Андижон"да бор, холос ёхуд жамоа бир оёғи билан Суперлигадами?
“Андижон” учун сентябрь ойи қандай ўтди? Виктор Кумиков жамоаси ортда қолган ойда 4 та учрашувда майдонга тушди. Мазкур баҳсларда жамоа ғалаба, дуранг ва мағлубиятни бошидан кечирди.
Ёдингизда бўлса, “Бургутлар” сентябрь ойини Ўзбекистон Кубоги чорак финалдаги ўйин билан бошлаган бўлиб, 3-санада “Бобур Арена”да АГМКни қабул қилган жамоамиз 0:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Кейинги иккита ўйин 7 ва 10 сентябрга тўғри келганини яхши биласиз. Сафарда “Машъал” ва “Бухоро” майдонида кечган баҳсларда “Андижон” бир хил – 1:2 ҳисобларидаги ғалаба билан қайтишга муваффақ бўлди.
Шунингдек, сентябрь ойидаги охирги учрашув яна “Машъал”га қарши ўтказилганидан хабарингиз бор. Про лигада жамоалар иккига ажралганидан кейин ташланган қуръага кўра, “Бургутлар” Муборакдаги майдонда тўп сурди ва бу сафар 0:0 ҳисоби қайд этилди. Статистика шуни кўрсатяптики, “Андижон” сентябрда рақиблар дарвозасига 4 та гол урди ва ўз дарвозасидан 4 та тўп олиб чиқди. Айнан жамоанинг ўша бир ҳафта ичида 3 та муҳим ўйинни ўтказгани ва айниқса про лига доирасида кетма-кет сафардаги иккита баҳсдан 100 фоизли натижа билан қайтгани эътиборга молик.
Айни чоғда “Андижон” мусобақа жадвалида 44 очко билан якка пешқадамликни ўз қўлига олган. Яқин таъқибчиси ҳисобланган “Турон” 2-ўринда ва ушбу жамоадан 5 очкога олдинда, 3-поғонадаги “Бухоро”дан эса нақд 10 очко илгарилаб кетган.
4 та ўйинда жамоа таркибида кимлар тўлиқ ўйин ўтказди? Бу борада гап кетганда шуни айтиш жоизки, бир қанча футболчилар сентябрь ойида “Андижон” сафидаги баҳсларни бошидан охиригача ўтказишди. Булар – Абдувоҳид Ғуломов, Муҳаммадкарим Тоиров, Владимир Бубанья, Горон Милойко ва Илдар Маматказин.
Юқорида айтганимиздек, “Андижон” ўтган ойда 4 та гол урди. Шулардан иккитаси Суҳроб Бердиевнинг ҳисобига ёзилди. У “Машъал” ва “Бухоро”га қарши сафар учрашувларида муҳим голларни уриб жамоанинг ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Бундан ташқари, Илдар Маматказин ва Шаҳбоз Эркинов ҳам ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйди. Яна бир гап: киритилган 4 та голнинг иккитаси биринчи бўлимда, яна иккитаси иккинчи бўлимда урилгани эътиборга молик.
Яна бир факт: сентябрдаги учрашувларда "Андижон" дарвозасига 3 та пенальти белгиланди. “Машъал” – “Андижон” қарама-қаршилигида муборакликлар аъзоси Никита Павленко иккинчи бўлим бошида ҳакам томонидан белгиланган пенальтини голга айлантирганди. “Бухоро” майдонидаги учрашувда эса ҳакам бирданига икки марта дарвозамиз томон 11 метрли жарима нуқтасини кўрсатди. Бироқ “Бухоро” футболчилари – Обид Жўрабоев билан Ҳумоюнмирзо Иминов пенальтилардан фойдалана олишмаган. Жўрабоевнинг зарбаси тўсинга тегиб қайтган бўлса, Иминовнинг зарбасини дарвозабон Элдор Адҳамов қайтариб қолган. “Андижон” фойдасига эса фақат бир бор пенальти белгиланган. Яна ўша “Машъал”га қарши учрашувдаги пенальтини Шаҳбоз Эркинов бехато амалга оширди.
Ўтган ой мобайнида "Бургутлар"дан 10 нафар футболчига сариқ карточка кўрсатилди. Илдар Маматказин, Муҳаммадкарим Тоиров, Шаҳбоз Эркинов, Хуршид Ходжаев, Аҳмаджон Анваров, Суҳроб Бердиев, Владимир Бубанья, Абдувоҳид Ғуломов, Фарҳод Соҳибжонов ва Абдураҳмон Комилов бир мартадан ҳакам томонидан расман огоҳлантирилган.
Сентябрда "Андижон" клуби ўз майдонида битта ва сафарда уч марта ўйнади. Ўша Кубок доирасида АГМКга қарши учрашувни стадионга 6821 нафар мухлис кузатган. Албатта, сафардаги учрашувларда ҳам футболчиларни ишқибозлар ёлғизлатиб қўйишгани йўқ
Яна бир факт шундан иборатки, “Андижон” про лигада ҳозирча энг кам мағлубиятга учраган жамоа бўлиб турибди – 1 та. Яъни, 6 ойдан бери мағлубиятсиз сериясини қайд этиб келмоқда. Бундай натижа фақат “Андижон”да бор холос. Шу боис ҳам жамоа бугунги кунга келиб ҳақли равишда пешқадам. Олдинда 7 та тур қолди.
Октябрь ойида про лига пешқадамини қандай ўйинлар кутмоқда? 10 октябрь санасида “Бобур Арена”да “Бухоро” меҳмон бўлади. Орадан 6 кун ўтиб, Кумиков жамоаси сафарда “Хоразм”га қарши майдонга тушади. Ойнинг 24-санасида эса “Турон”ни қабул қилишади ва 28 октябрда “Машъал” билан ҳам "Бобур арена"да беллашади.
Фикрлар