"Бундай ўйинимиз билан ОФК Кубоги финалигача боришимизга ишонишяпти". Қисқа вақт ичида жамоасини чемпионликка етаклаган Ислом Аҳмедов билан суҳбат

Тажрибали мутахассис, ҳамюртимиз Ислом Аҳмедов куни кеча ўз жамоаси – “Абдиш-Ота” бош мураббийи сифатида Қирғизистон чемпионлигини ютганлиги ҳақида Sports.uz сайти орқали хабар бериб ўтгандек.

Табиийки, уни ажойиб муваффақият билан табрикладик ва мураббий сайтимиз учун интервью берди.

- Ислом ака, чемпионлик муборак бўлсин. Ҳиссиётлар қандай?

- Табрик учун катта раҳмат. Ўтган йили ҳам жамоа чемпион бўлган. Бу йил ОФК ўйинларига тайёргарлик кўрганди. Шунга қараб селекция бўлган. Чемпионатда вазият унчалик енгил бўлмаганди. Бу йил даъвогарлар кўпайиб кетди. “Алай”, “Дордой”, “Олға Бишкек”, “Мурас Юнайтед” – мана шу тўртта жамоа чемпионликка даъвогарлик қилган. Улар охиригача курашишди. Мени келишимнинг сабабига келсак, “Абдиш-Ота”дан таклиф кутилмаганда бўлди. 17 сентябрь куни ОФК ўйинларига уч кун қолганида жамоа бош мураббийи нидерландиялик мутахассис кутилмаганда раҳбариятга кетаётганини айтган. Жамоа билан учрашмасдан, хайрлашмасдан кетиб қолди. Клуб қийин аҳволга тушиб қолди. Бир ой ичида 5 та ўйин ва “Абдиш-Ота” ютолмаётганди. 16 сентябрда Қирғизистон Кубоги финалида “Мурас Юнайтед”га мағлуб бўлишганди. Шундан кейин хорижлик мураббий ўз хоҳиши билан кетди. 17 сентябрь куни кечки пайт менга таклиф тушди. Улар қисқа вақт ичида янги бош мураббий қидиришга тушишди ва мендан ёрдам беришимни илтимос қилишди. 18 сентябрда иш бошладим. Шу вақтдан бугунгача ОФК Кубоги гуруҳ босқичида учта ўйин ўйнадик. Дастлаб Бишкекда “Олтин Аср”ни 3:0 ҳисобида ютдик. Кейин Ашхободда “Мерв”га қарши 1:1 ўйнадик. Учинчи беллашувда Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида “Равшан”ни 1:0 ҳисобида ютиб келдик. Чемпионатда 6 та учрашувда ютдик ва 1 та баҳсда дуранг бўлди. Чемпионат тугашига бир тур қолганида чемпионликни қўлга киритдик. Жамоани қабул қилиб олганимда 3-ўринда эди. Сизга ОФК ва чемпионатдаги ўйинларимиз тақвимини юбордим, кўрсангиз жуда қийин. Қисқа кунлар оралиғида ўйинларимизни ўтказиб келдик. Охирги ойда 13 кун ичида 5 та учрашувда майдонга тушдик. Футболчиларимдан жуда миннатдорман. Нимага деганда, қийин графикка чидаш, ҳар учрашувда майдонга ғалаба учун тушиш – бу руҳий томондан қийин. Лекин жамоамиз буни уддалади. Агар чемпионатда бирор учрашувда дуранг ўйнасак ёки ютқазсак чемпионлик учун имкониятимизни йўқотардик. Шу боис ҳар бир баҳс биз учун жуда муҳим эди. Футболчиларни маҳорати, уларнинг характери ва ўйин бўйича энг яхши томонларини кўрсатишди. Энди барча эътиборимизни ОФК Кубогига қаратамиз. Йигитлар бироз дам олади ва бизда 5 кун вақт бўлади. 9 ноябрь куни “Равшан” жамоаси билан ўз уйимизда ўйнаймиз. 30 ноябрь куни Ашхободда “Олтин Аср” билан ва охирги баҳс 14 декабрь куни Бишкекда Туркманистоннинг “Мерв” жамоаси билан баҳс олиб борамиз. Гуруҳда ҳозирча 7 очко билан 1-ўриндамиз. Гуруҳдан чиқмоқчи бўлсак, ҳамма учрашувларда натижа кўрсатишимиз керак. Раҳбарият олдимизга айнан гуруҳдан чиқиш вазифасини қўйган.

ислом аҳмедов4

- Қисқа вақт ичида жамоангизни чемпионликка еткалаб келдингиз. Сир бўлмаса, у ерда нимани ўзгартира олдингиз? Чунки бундай қисқа вақт ичида клубни чемпионликка олиб келиш қийин...

- Бу ерда қанақа сир бўлиши мумкин? Биринчидан яхши селекция олиб борилган. Қирғизистоннинг энг яхши ва истеъдодли футболчилари йиғилган. Уларда ўзига ишонч йўқолганди. Тақвимга қарасак, кўпроқ машғулотлар ўтказишга ҳам вақт йўқ эди. Қисқа муддат ичида ўйиндан-ўйинга тайёрланиб келишди. 18 сентябрдан бошлаб бугунги кунгача бир жамоа бўлиб курашдик. ФИФА кунларида 10 нафар футболчимиз терма жамоа ихтиёрига кетишади. Уларни ўша кунларда кўра олмайман ва клубда қолган ўйинчилар билан машғулот ўтказаман. “Мерв” билан ўйнаганимиздан кейин эртаси куни Қирғизистон футбол федерациясидан хабар келди. 11 нафар футболчиларимиз терма жамоага чақирилган. Жамоамиздаги туркманистонлик легионер эса Туркманистон терма жамоаси аъзоси. ОФК Кубогидаги ўйинмиздан кейин 12 та футболчимиз кетади ва икки ҳафта мобайнида асосий ўйинчиларимизни кўра олмаймиз. Шунақа қийин вазиятда йигитлардаги ишончни қайтариш муҳим эди. Улар мен хоҳлаган футболни кўрсатишга маҳорати ва ақли етарли. Жисмоний томондан ҳам тайёргарлиги яхши. Ўйин пайтида уларга ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Руҳий тарафдан ўзига ишониб ўйнашяпти. Жамоамизда ўйин сурати бор. Четдан қараяпман, улар футбол ўйнаб маза қилишяпти. Энг кераклиги мана шундай пайтда жамоа ичида муҳит яхши бўлиши керак. Бу нарса бизда бор. Бундан ташқари, биз тактика устида ҳам кўп ва хўп ишладик. Асосан тактика устида ишладик. Агар улар ишонмаса ва ҳаракатлари нотўғри бўлганида натижа бўлмасди. Шунинг учун уларга катта раҳмат.

- Адашмасам, бу сизнинг мураббийлик фаолиятингизда хориждаги дастлабки чемпионлигингиз бўлди. Бу ўзига яраша аҳамиятли...

- Ҳа, мураббийлик фаолиятимда бу хориждаги биринчи чемпионлигим бўлди. Олдин Ҳиндистон ёшлар термаси билан ишлаган пайтимда иккита жамоам – U16 ва U20 ёшли жамоаларимиз Осиё чемпионатида чорак финалгача етиб боргандилар ва бу энг яхши натижа бўлганди. Кейин 2012 йилда айнан шу “Абдиш-Ота” клуби билан Қирғизистон Кубогини ютгандик. Чемпионлик – бу биринчи марта.

ислом аҳмедов2_2

- Жамоангиз ОФК Кубоги гуруҳ босқичидаги иштирокини давом эттиряпти. Чемпионликдан кейин футболчиларда руҳланиш қандай? ОФК Кубогида асосий вазифа нима? Сизни кейинги қадамларингиз қанақа бўлади?

- ОФК Кубоги доирасида “Олтин Аср”га қарши биринчи ўйинни ютганимиздан кейин раҳбарият янги вазифа қўйди. Гуруҳдан чиқиб, иложи борича финалга етиб боришни мақсад қилишди. Ҳозирча биринчи қадам гуруҳдан чиқиш. Жамоа раҳбарлари ўйинимизни кўриб энди катта вазифа қўйишяпти. Менга айтишяптики, жамоа чиройли ва сифатли ўйин кўрсатяпти. Ният қиламизки, “Абдиш-Ота” гуруҳдан чиқиб финалгача етиб боришни исташяпти ва бундай ўйинимиз билан шундай мақсадга эришимизга ишонишяпти. Ишонч жуда муҳим.

- Натижалар клуб раҳбарияти ва мухлисларини қониқтиряпти. Энди сиз билан тузилган шартнома узайтириладими?

- Раҳбарият билан гаплашганман ва бу ерда 14 декабргача ишлаб тураман. Ўша куни ОФК гуруҳ босқичидаги охирги ўйинимиз бор. Келажак тўғрисида ҳали гаплашгандик, бунга вақт ҳам бўлмади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!