Буни Файзуллаевдан ҳеч ким кутмаганди
Россия Премьер-лигасидаги легионерларимиздан бири – “Рубин” шарафини ҳимоя қилаётган Рустам Ашурматов metaratings.ru сайтига интервью берди.
27 ёшли футболчимиз 2023 йилнинг бошидан бери “Рубин” жамоасида тўп тепяпти. Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси бўлган марказий ҳимоячи фаолияти давомида юртимиздан ташқари, маълум муддат Жанубий Кореянинг икки клубида ҳам ўйнаган.
Sports.uz портали ўзбек футболи ишқибозлари эътиборига Рустам Ашурматовнинг интервьюсини ҳавола этади.
– Аббос Файзуллаев ЦСКАдаги илк ўйинларидан Россия Премьер-лигасини ёндиряпти. Экспертлар уни мавсумнинг асосий кашфиёти эканини эътироф этмоқда. Сен унинг “армиячилар” сафида дарров порлашини кутганмидинг?
– Йўқ, у дарров асосий таркибда ўйнаб кетади, деб ўйламаганман. Табиийки, мен уни аввалдан билардим, жуда иқтидорли ўйинчи, лекин шунда ҳам унинг порлаши мен учун кутилмаган ҳолат бўлди. Ҳатто Ўзбекистонда ҳам ҳамма унинг юқори даражага жуда тез чиқа олганидан ҳайратланяпти.
– ЦСКАда Аббоснинг трансфери бир неча ой ичида ўзини бир неча карра оқлади. Бундан кейин Россия клублари Ўзбекистон ўйинчиларини катта эътибор билан кузатади, деб ўйлайсанми?
– Россия клублари скаутлари анчадан бери ҳаммани кузатиб бормоқда. Бу Элдор Шомуродов “Ростов”да ўзини кўрсатганидан кейин бошланган. Ўшандаёқ кўпчиликка эътибор қаратишган. “Рубин” бир йил олдин Умарали Раҳмоналиевни олди. Ўшанда у 19 ёш эди. Лекин Аббоснинг муваффақиятидан кейин Россиядан янада кўп скаутлар бутун мамлакатимиз бўйлаб ўйинчи қидира бошлайди.
– Файзуллаев оддий ҳаётда қандай йигит?
– У камтар ва жуда яхши бола. Буни Россияда ҳам эътироф этишяпти. Бу биз учун ҳам муҳим. Чунки ҳамма Ўзбекистондан яхши тарбия кўрган ёшлар етишиб чиқаётганини кўради. Файзуллаев терма жамоада кўпроқ, мен, Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров билан вақт ўтказади ва ҳурмат билан муомала қилади.
“Рубин”да Раҳмоналиев худди шундай. Чунки тарбиямизда катталарга ҳурмат биринчи ўринда туради.
– Аббос “Пахтакор”даги ўйинларидан кейин юқори босқичга осонгина ўта олишини кўрсатди. У Европада ҳам ўзини шу даражада ёрқин кўрсата оладими?
– Ҳа, бунга шубҳам йўқ. Лекин кетишига ҳали эрта. Россияда камида бир йил ўйнаши керак. Ҳозир энг муҳими – шошилмаслик. Агар ҳаммаси ташлаб, Европага кетса, қийналади. Барибир ҳали яна ўсиши керак, ўрганадиганлари бор. Кейинроқ эса, Европада муваффақиятли фаолият юритиши мумкин.
– Сен Аббос яна бир йил қолсин деяпсан. Балки Россия Премьер-Лигаси ва ЦСКА афсонасига айланар?
– Файзуллаев бу ерда узоқ қолади, деб ўйламайман. У Европада ўйнаўни истаяпти. У эндигина 20 ёшга тўлди. Лекин у Европага кетишдан олдин Россияда ўз даражасини анча кўтариб олиш имкониятига эга.
Фикрлар