"Бунёдкор-W" бош мураббийи: "Барча футбол ишқибозлари аёллар футболи ҳам томошабоп эканлигига гувоҳ бўлишади"

Бугун Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионда аёллар футболи бўйича Ўзбекистон кубоги финали олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманнинг иккинчи қисмида “Бунёдкор-W” жамоаси бош мураббийи Элмира Гуламова ҳамда Илвина Аблякимова ва Зарина Саидова иштирок этди.

Гуламова: "Авваламбор, барча қаршилик мухлисларни “Насаф” жамоасининг Ўзбекистон кубогини қўлга киритгани, “Севинч” жамоасининг эса мамлакат чемпиони бўлгани билан табриклайман.

Ҳаммамиз тушуниб турибмиз. Эртага финал. Бунгача Жиззахда чемпионатнинг оғир ўйинини ўтказдик. Афсуски, “Сўғдиёна-W” билан бўлган учрашувда кичик ҳисобда имкониятни бой бердик.

Албатта, ўтган ўйинни таҳлил қилдик ва тегишли хулосамизни чиқардик. Шунингдек “Севинч” билан ўтказилган ўйинларни ҳам таҳлил қилдик ва мана Қаршига келдик.

Умид қиламанки, эртага барча футбол ишқибозлари аёллар футболи ҳам томошабоп эканлигига гувоҳ бўлишади. Чунки, мамлакатимизнинг икки этакчи жамоаси эртага финалда майдонга тушади. Эртага мухлислар қизиқарли ўйин гувоҳи бўлишади".

Аблякимова: "Финалга яхши тайёргарлик кўрдик. Жанговар кайфиятдамиз. Эртага кубок учун майдонга тушамиз".

Саидова: "Жамоадошларимнинг кайфияти аъло, биз эртага бор кучимизни ишга соламиз".

Гуламова: "Биз ўтган ўйинни бой бердик ва чемпионлик учун курашдан чиқиб кетдик. Футбол ютуқлар билан, мағлубиятлар билан бирга юради. Аммо кайфиятимизни туширмаймиз. Ўтган мағлубиятни унутиб, эртага майдонга тушамиз.

Ҳар бир мураббийда ўйин вазиятига қараб, вариантлари бўлади. Эртага албатта ўйинни боришига қараб, вариантларимизни ишга соламиз. Мен 2018-йилдан буён жамоада бош мураббийман, ҳеч бир йил йўқки, “Бунёдкор-W” жамоаси мавсумни совринсиз якунламаган. Ўтган муддатда икки марта чемпион бўлдик, икки марта кубок соҳиби ва икки марта Суперкубокка эгалик қилдик.

Бу йил биз учун муваффақиятсиз йил бўлди. Чунки, асосий мақсадимиз чемпион бўлиш эди. Мен шахсан афсусдаман, бу мақсадимизга эриша олмадик. Аммо жамоамиз футболчиларидан миннатдорман, улар бор кучларини беришди", - деди бош мураббий.

 

 

Эслатиб ўтамиз, “Бунёдкор-W” ҳамда “Севинч” жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон кубоги финали эртага “Марказий” стадионда соат 16:00 да старт олади.

 

Манба: ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!