"Бунёдкор"даги "Месси", энг кўп чемпион бўлган Гочгулиев, Осиёни "портлатган" Ривалдо ва 44 ёшида ҳам фаолиятини якунламаган Холматов
Ўзбекистон чемпионатида жуда кўплаб хорижлик иқтидор эгалари тўп сурган. Биз эса эътиборингизга уларнинг айримлари ҳақида маълумотларни ҳавола этмоқчимиз.
Гочгули Гочгулиев 1977 йил Туркманистоннинг Балканобод шаҳрида туғилган.
Амплуаси - ҳимоячи
Албатта, Гочгули Гочгулиев Ўзбекистон чемпионатларида ўз ўрнига ва ўйинига эга легионерлардан бири эди. Қўшни Туркманистондан бўлган бу йигит фаолиятини 1994 йил “Аркач” клубида бошлаган. Кейинчалик эса “Небитчи” (1995), “Бюзмейин” (1996), “Копетдаг” (1997-2001) ва “Дагдан” (1997-2001) каби маҳаллий жамоаларда тўп сурган.
Гочгули 2001 йил Қозоғистоннинг “Иртиш” клубига кўчиб ўтди ва шу тариқа унинг хориждаги фаолияти бошланди. У ерда бир мавсум тўп сурди ва шундан сўнг 2002 йил “Пахтакор”га келди. “Шерлар” сафида 80 та ўйинда иштирок этиб, рақиблари дарвозасига 26 та гол урди ва қаторасига 4 мавсум Ўзбекистон чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди. Кейин эса, яна Қозоғистонга йўл олди. 2006 йилги мавсумда “Қайрат” сафида ҳаракат қилган Гочгули бор йўғи 12 та ўйинда майдонга тушди холос.
2007 йилда уни яна Ўзбекистонга таклиф қилишди. Ўша пайтда ярқ этиб порлаб чиқаётган “Бунёдкор” ўз сафига кучли ўйинчиларни ва легионерларни жамлаётган эди. Табиийки, “Пахтакор” сафида ўзини кўрсатган Гочгулиев ҳам “қалдирғочлар”нинг эътиборидан четда қолмади. У бу жамоада ҳам фақат олтин медалларга эга чиқди. 2007, 2008, 2009 ва 2010 йилги мавсумлар Ўзбекистон Олий лигасида “Бунёдкор” чемпионликни ҳеч кимга бермади. Туркманистонлик легионер эса ушбу давр ичида жами 31 та ўйинда майдонга тушди ҳамда ўз ҳисобига 7 та гол ёздириб қўйишга эришди.
Гочгули Гочгулиев фаолиятининг сўнгги йилларини ўз юртида “Гара алтин” клуби (2011-2012) сафида ўтказди. У 2012 йил 35 ёшида бутсаларини михга илди.
Гочгулиев Ўзбекистон чемпионатлиради нақд 7 марта (2002, 2003, 2004, 2005, 2008, 2009, 2010) ғалаба қозонган ва бу борада энг яхши кўрсатгичга эга легионер ҳисобланади. У Туркманистон терма жамоаси сафида 26 та ўйинда иштирок этган ва 1 та гол урган.
Гочгулиев ҳозирда Ашхабоднинг “Олтин Асир” клубида мураббий сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Боян Миладинович 1982 йил 24 апрель куни Сербиянинг Крушевац шаҳрида дунёга келган.
Амплуаси - ҳимоячи
Боян ўзининг профессионал футболчилик фаолиятини 2000 йилда маҳаллий “Напредак” клубида бошлаган. Кетма-кет 3 мавсум ушбу жамоа шарафини ҳимоя қилган Миладинович 56 та ўйинда майдонга тушди ва 1 та гол урди. 2001 йил ижара асосида “Траял” клубида ҳам ўйнаб қайтди. У ерда 27 та ўйинда 2 та гол урди.
Миладинович 22 ёшида Сербиянинг энг номдор жамоаси - “Црвена Звезда” сафига кўчиб ўтди. Афсуски, унинг бу ерда ишлари юришмади. У 2004-2008 йиллар давомида бор йўғи 24 та баҳсда майдонга тушди холос. Шундан сўнг у яна қадрдон “Напредак” клубига қайтди ва бир мавсум шу ерда ўйнади.
Миладиновичнинг хориждаги фаолияти Ўзбекистондан бошланди. У 2009 йил “Пахтакор” сафига келиб қўшилди. У “шерлар” сафида ҳатто сардорлик даражасига ҳам чиқди ҳамда 2012, 2014 йилларда Ўзбекистон чемпионлигини ва 2009 йилда мамлакат кубогини қўлга киритди.
Бояннинг Тошкентдаги эртаги 2015 йилда ўз ниҳоясига етди. У шу йили Малайзиянинг “Фелда Юнайтед” клубига кўчиб ўтди. У ерда бир мавсум ўйнагач, яна “Напредак”ка қайтди ва 2016 йилдан буён шу жамоада тўп суриб келмоқда.
Ривалдо Витор Борба Феррейра - 1972 йил Бразилиянинг Паулиста шаҳрида туғилган.
Амплуаси - ҳужумчи.
Ривалдо - бу футбол тарихида умрбод сақланиб қоладиган исмлардан бири. У нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиё қитъасида тўп сурган энг машҳур легионер, десак асло муболаға бўлмайди.
Футбол оламининг ёрқин юлдузи ўзининг катта футболдаги илк қадамини 1991 йил маҳаллий “Санта-Круз” жамоасида қўйган. Кейин эса “Можи-Мирин” (1992-1993), “Коринтианс” (1993-1994) ва “Палмейрас” (1994-1996) каби Бразилиянинг гранд клубларида ўйнади.
Ривалдонинг хориждаги фаолияти 1996 йил “Депортиво”га кўчиб ўтиши билан бошланди. У Ла-Корунья шаҳри жамоаси шарафини бор йўғи 1 мавсум ҳимоя қилди холос. 41 та ўйинда 21 та гол урган ҳужумчини 1997 йилда “Барселона” ўз сафига қўшиб олди. У каталонияликлар таркибида нақд 5 мавсум ҳаракат қилди ва ушбу вақт ичида 157 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблари дарвозасига 86 та гол урди.
2002 йилда Испаниядаги миссиясини якунлагач, Италияга йўл олди ва у ерда бир мавсум “Милан” шарафини ҳимоя қилди. Афсуски, у ерда Ривалдонинг ишлари юришмади. У шу йили А Сериянинг энг ёмон ўйинчиси, деб топилди.
Шундан сўнг, Ривалдо яна ўз ватанига қайтиб кетди ва 2004 йилда “Крузейро” клубида тўп сурди. Шу йилнинг ўзида уни яна Европага чорлашди. Аниқроғи, у Грециянинг энг машҳур жамоаси - “Олимпиакос”га кўчиб ўтди. У ерда 3 мавсум ўйнади ва 70 та ўйинда 36 та гол урди. Сўнгра, 2007 йил Грециянинг бошқа бир жамоаси - АЕК сафига ўтди. Ушбу клубда 29 та ўйинда 8 та гол урди.
2008 йилда Осиё футболида катта “портлаш” содир бўлди. Ривалдо шу йили Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби билан шартнома имзолади. “Қалдирғочлар” сафида 2010 йилгача фаолият олиб борган Ривалдо ушбу вақт ичида 61 та ўйинда майдонга тушди ва рақиблари дарвозасига 37 та гол уришга эришди. Ҳатто, 2009 йилги мавсумда Олий лигада 20 та гол уриб, мавсумнинг энг яхши тўпурари, деган номга сазовор бўлди. 2008, 2009, ҳамда 2010 йилларда Ривалдо “Бунёдкор” таркибида Ўзбекистон чемпионига айланди. 2008 йилда эса Ўзбекистон кубогини қўлга киритди.
Ривалдо 2010 йилда “Бунёдкор” билан хайрлашди ва Бразилияга жўнаб кетди. У ватанида “Можи-Мирин” (2011, 2014, 2015), “Сан-Паулу” (2011) ва “Сан-Каэтано” (2013) клубларида ўйнади. Орада бир мавсум Анголанинг “Кабушкорп” (2012) клубида ҳам тўп суриб қайтди.
Афсонавий Ривалдо 2015 йил 43 ёшида футболчилик фаолиятини якунлаган.
У Бразилия терма жамоаси сафида 74 та ўйинда иштирок этган ҳамда ўз ҳисобига 34 та гол ёздириб қўйишга эришган. 2002 йилда эса терма жамоаси билан жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.
Ривалдо 1999 йил дунёнинг энг яхши футболчиси, деб топилган ва “Олтин тўп”га сазовор бўлган. У ФИФА талқинига кўра, футбол тарихидаги энг яхши 100 та футболчи қаторига киради.
Луис Карлос Насименто Жуниор (Луизао) 1987 йил Бразилиянинг Варжен-Алта шаҳрида таваллуд топган.
Амплуаси - ҳимоячи.
Ўзбек футболи мухлислари учун яхши таниш бўлган яна бир бразилиялик футболчи бу Луизао номи билан танилган Луис Карлос Насименто Жуниор ҳисобланади.
“Крузейро” клуби тарбияланувчиси бўлган Луизао профессионал футболдаги илк қадамларини ҳам айнан шу жамоа сафида қўйган.
Унинг хориж чемпионатлардаги фаолияти 2007 йилда Швейцариянинг “Люцерн” клубига кўчиб ўтиш билан бошланган. Аммо, у ушбу жамоа сафида бирорта ҳам ўйинда майдонга тушмаган. Швейцарияликлар уни дастлаб Бразилиянинг “Васко да Гама” клубига ижарага беришган. 2007 йилги мавсумни шу ерда ўтказган Луизао 2008 йил “Бунёдкор”га кўчиб ўтади. “Қалдирғочлар” сафида икки мавсум ҳаракат қилгач, яна “Крузейро”сига қайтиб кетади. 2010-2014 йилларда Бразилиянинг “Баия” , “Насьонал-МГ”, “Сеара” ва “Кабуфриенсе” клубларида ўйнайди.
2015 йилдан буён эса Бразилиянинг нуфузи жиҳатдан 4-дивизиони ҳисобланган Бразилия Д Сериясида иштирок этувчи АБС клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Луизао 2008-2009 йилларда “Бунёдкор” сафида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган.
Акмал Холматов 1976 йил Тожикистонда туғилган.
Амплуаси - ҳужумкор ярим ҳимоячи.
Акмал Холматовни ўзбек ва тожик футболини бирлаштирган чинакам чарм тўп устаси, десак асло муболаға бўлмайди. Деярли бутун фаолиятини Ўзбекистонда ўтказган футболчи ҳақида қанча кўп гапирсак шунча оз.
Акмал профессионал фаолиятини 1993 йил Турсунзода шаҳрининг “Регар-ТадАЗ” жамоасида бошлаган. У ерда 1996 йилга қадар ҳаракат қилди ва Фарғонанинг “Нефтчи” клубига кўчиб ўтди. Ушбу жамоа Холматовнинг фаолиятида туб бурилиш ясаган, десак ҳеч ким қарши бўлмаса керак. Боиси, у ҳақиқий истеъдодли футболчи сифатида айнан “Нефтчи” таркибидаги ўйинлари орқали эътироф этилди. Фарғоналиклар сафида нақд 11 йил ўйнаган Холматов ушбу давр ичида 301 та ўйинда майдонга тушди ва рақиблари дарвозасига 69 та гол уришга эришди.
“Нефтчи” таркибидаги ёрқин ўйинлари боис 2008 йилда мамлакатнинг энг номдор жамоаси - “Пахтакор” уни ўз сафига қўшиб олди. “Шерлар” либосида 31 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урган Акмал 2010 йилда Эрон чемпионатига йўл олди. У ерда 2 йил Хамадоннинг ПАС жамоаси шарафини ҳимоя қилди. 29 та ўйинда 2 та гол уриб, Эрондан қайтиб келган Холматовни чемпионлик учун курашга қўшилган Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси ўз сафига жалб этди. У “темирйўлчилар” шарафини 2012-2014 йилларда ҳимоя қилди ва 44 та ўйинда 12 та гол урди.
Акмал 2014-2015 йилларда яна “Нефтчи”да кўриниш берди ва фарғоналиклар сафида тўп сурди. 2016 йил ватанига қайтди ва Душанбенинг “Истиқлол” жамоасида ўйнади. Аммо, унинг Тожикистондаги ишлари юришмади - 4 та ўйин, 2 та гол. У шу йилнинг ўзида яна “Нефтчи”га қайтди. Кейинчалик “Шўртан”, “Ифтихор” ва “Раш-Милк” каби Про-лига клубларида ўйнади.
Ҳозирда 44 ёшли Акмал Холматов айнан қайси жамоа аъзоси экани ёки футболчилик фаолиятини якунлагани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.
Сато Минори 1991 йил Япониянинг Гумма шаҳрида туғилган.
Амплуаси - ярим ҳимоячи.
Сато ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг кўнглидан жой олган легионерлардан бири ҳисобланади. Гавда жиҳатидан кичик бўлгани учун айримлар уни “Бунёдкорнинг Мессиси” деб ҳам аташарди.
Сато ўзининг профессионал фаолиятини 2009 йил маҳаллий “Зеспакусацу Гумма” жамоасида бошлаган. Орадан бир йил ўтиб, яъни 2010 йил АҚШнинг “Индиана Инвейдерс” клубига кўчиб ўтади. У ердан эса Мексиканинг “Пуэбла” жамоасига таклиф этилади. Яқин икки мавсумни океан ортида ўтказган Минорига ниҳоят Европа клубларидан таклиф тушади.
Япониялик футболчи 2010 йил Латвиянинг “Гулбене” жамоасига кўчиб ўтади. У ерда 7 та ўйинда 10 та гол уради ва Латвия Биринчи лигаси чемпионлигини қўлга киритади. Шу тариқа, у тезда мамлакатнинг етакчи жамоаларидан бири - “Вентспилс” эътиборига тушади. 2011 йил “Вентспилс” уни ўз сафига қўшиб олади. Аммо, унинг бу жамоада ишлари юришмайди. 12 та ўйинда майдонга тушиб, бирорта ҳам гол ура олмайди. Шундай бўлсада, ушбу жамоа билан 2011 йил мамлакат кубогини қўлга киритади. Кейин Латвиянинг бошқа бир клуби - “Сконто”га (2011-2012) жалб этилади. У ерда 40 та ўйинда майдонга тушади ва 4 та гол муаллифига айланади.
Минори 2013 йил Беларусь чемпионатига йўл олади. Уни мамлакатнинг номдор жамоаларидан бири ҳисобланган Брестнинг “Динамо” клуби ўз сафига қўшиб олади. У бу жамоада 25 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 2 та гол ёздириб қўяди.
Шундан сўнг, у 2014 йил “Бунёдкор”га келади. Эътиборлиси, Сато “қалдирғочлар” сафида ўйнаган 25-легионер сифатида қайд этилади. У тошкентликлар таркибида 2016 йилгача ўйнайди. Ушбу муддат ичида 70 дан ортиқ ўйинда майдонга тушган Минори 10 та гол уради.
Сато 2017 йилнинг ярмини Қатарнинг “Ал-Муайдар” клубида ўтказади. Кейин эса у яна ўзи учун қадрдон бўлган Латвия чемпионатига йўл олади. У ерда 2018 йилгача “Рига” клуби шарафини ҳимоя қилади. Кейин эса ригаликлар уни Жанубий Кореянинг “Кванжу” жамоасига бир мавсумга ижарага бериб юборишди. 2019 йилда яна “Рига”га қайтиб келган Минори 10 та ўйинда майдонга тушиб, бор йўғи 1 та гол урди.
Сато 2019 йилдан буён Россиянинг “СКА Хабаровск” клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У бу мавсум 6 та ўйинда майдонга тушди.
Фикрлар