"Бухоро" – "Олимпик" учрашувидаги пенальти нотўғри белгилангани эълон қилинди!
Бироз аввал ўз ниҳоясига етган Суперлига 19-тури доирасидаги “Бухоро” – “Олимпик” баҳсининг 100-дақиқасида “Бухоро” жарима майдончаси ичида меҳмонлар аъзоси йиқилгач, учрашув бош ҳаками Комилжон Расулов 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Шундан сўнг, учрашув ВАР ҳакамлари уни монитор ёнига чақирди ва такрорларни кўриб чиқишга чорлади. Бош ҳакам эса такрорлардан сўнг ҳам қарорини ўзгартирмагач, пеналти барибир белгиланди.
Натижада, ўйин тақдирини ҳал қилган ушбу баҳсли вазият бўйича Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг фавқулодда йиғилиши ташкил қилинди ва мутахассисларнинг умумий хулосаси олинди. Қуйида ушбу хулоса ва қарорни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Мазкур вазиятда биринчи бўлиб “Бухоро” ҳимоячиси тўпга ўйнаган. Маълумки, бу каби ҳолатларда гарчи рақиб футболчисига нисбатан бироз қўполлик содир этилса ҳам, ҳимояланаётган жамоа аъзоси тўпга ўйнаган бўлса, пеналти белгиланмайди. Шу қоидаларга асосланган ҳолда, экспертлар бир овоздан пеналтининг нотўғри белгиланганини қайд этишди.
Мазкур вазият иши ЎФА ҳакамлар қўмитасига оширилди ва тез орада қўмита хулосаси ҳам тақдим этилади. Шунингдек, бу ҳолат ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекциясида ҳам кўриб чиқилади.
Комментарии