"Бухоро" - "Хоразм" ўйини масаласидаги тўхталиш Лига томонидан алоҳида ўрганилади

Пролига 17-туридан олган "Бухоро" — "Хоразм" учрашуви белгиланган вақтдан 1 соат ўтиб старт олди. Мазкур қарорни Лига қабул қилди. 

Суперлига ва Пролига регламентининг 16.20-бандига кўра, тез тиббий ёрдам машиналари ёки хавфсизлик учун жавобгар органларнинг кечикиши оқибатида учрашув ўз вақтида старт олмаса, Лига комиссари 30 дақиқадан кейин мезбон клубга нисбатан техник мағлубият ёзишга ҳақли бўлади. 

Шунингдек, мазкур регламентнинг 4.4-бандига кўра расмий учрашувдан бир кун аввал мезбон клуб Лига комиссарига стадионнинг ўйинга тайёрлиги тўғрисида далолатнома тақдим этади. Лига комиссари мазкур далолатномасиз учрашувни ўтказмасликка ҳақли. 

Кўриниб турибдики, ҳар қандай ҳолатда якуний қарор комиссар — Лига томонидан қабул қилинади. Хабарингиз бор, Бухоро шаҳридаги стадионнинг бузилиши оқибатида "Бухоро" футбол клуби ўз уй учрашувларини бошқа ареналарда ўтказишга мажбур бўлмоқда. Бунинг учун клуб стадионлар билан уч тарафлама шартнома тузади. Шартномада эса учрашувни ташкил этиш билан боғлиқ шартлар батафсил кўрсатилган. 

Бугун бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашув юзасидан айрим муаммолар "Бухоро" футбол клуби билан бевосита боғлиқ бўлмагани туфайли тушунмовчилик келиб чиққан. Лига мазкур ҳолатни инобатга олиб, "Бухоро" футбол клубига техник мағлубият ёзмасликка қарор қилди. "Хоразм" футбол клуби раҳбарияти эса аксинча, учрашувни ўтказмай туриб, комиссардан техник ғалаба талаб қилишда давом этган. Ваҳоланки, 17:25 га қадар хавфсизлик учун жавобгар ходимлар ва тез тиббий ёрдам машинаси стадионда бўлган. 

Мазкур ҳолатларни инобатга олиб, Лига спорт принципларини ҳимоя қилишни, ғолибни ўзаро ўйинда аниқлашни афзал билди. Мазкур қарор ижроси бажарилмаса, "Хоразм" футбол клубига нисбатан чора кўрилиши тўғрисида клуб раҳбарияти огоҳлантирилди. 

Бугунги учрашув масаласини Лига кейинроқ атрофлича ўрганиб чиқиб, тегишли хулосалар чиқаради. Спорт принципини биринчи ўринда кўрмай, айрим шахсларнинг учрашув комиссарининг фаолиятига аралашишга бўлган уринишлари аниқланса, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади. Шунингдек, учрашувни ўтказиш юзасидан масъулиятсизлик қилган шахслар масаласига ҳам атрофлича эътибор қаратилади. Бунда комиссарнинг учрашувдан кейинги расмий билдиргиси асос бўлиб хизмат қилади. 

Маълумот учун, Лига комиссари ҳар қандай ҳолатда ҳам учрашувни ўтказиш учун максимал даражада ҳаракат қилиниши белгилаб қўйилган. "Дўстлик" стадионида прожекторлар билан боғлиқ муаммо мавжуд эмас. Учрашув акти билан боғлиқ бугунги ҳолатда техник мағлубият ёзиш "Бухоро" клубига нисбатан ноҳақлик бўлиши инобатга олиниб, Лига учрашувни ўтказиш юзасидан қарор қабул қилди. Регламент ва комиссар талабига бўлган беписандлик масаласи эса атрофлича кўриб чиқилади.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!