"Бухоро" трансферларни амалга оширса ҳам, натижалар қониқарсиз. Бунинг сабаби нимада? - Улуғбек Бақоевдан жавоб

Суперлиганинг 21-туридан ўрин олган “Бухоро” – “Навбаҳор” (0:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди. Бу ҳақда "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати хабар берди.

- Ҳисоб ҳаммасини айтиб турибди. Рақибга барча жабҳаларда мағлуб бўлдик. Хатоларимизни таҳлил қилиб, кейинги ўйинларга яхшироқ тайёргарлик кўрамиз. Наманганликларни эса ғалаба табриклайман.

- “Бухоро” охирги 5 дақиқада ўз дарвозасидан 2 та тўп ўтказиб юборди...

- Вазиятни ўнглаш учун олдинга чиқдик. Рақиб сафида кучли ижрочилар бор ва улар бизни жазолашди. Бунақаси футболда бўлиб туради.

- Ҳумоюнмирзо Иминов ўзини кўрсата олмагани учун алмаштирилдими?

- Нафақат Иминов, балки бутун жамоа ўз даражасида ўйнай олмади. Шу сабабли ўзгаришларни амалга оширдик.

- Биринчи даврада ғалаба учун жамоага маҳоратли футболчилар етишмаяпти, деган эдингиз, иккинчи даврада бир неча тажрибали футболчиларни таркибга қўшиб олдингиз. Аммо қониқарсиз натижалар давом этмоқда. Бунинг сабаби нимада?

- Регламент бўйича 5 нафар футболчини ўз сафимизга қўша олардик. Имкониятимиз борича йигитларни чақирдик. Тажрибали ўйинчиларнинг катта қисмида шартнома бор. Бир - икки нафар тажрибали футболчиларни таркибга жалб қила олдик, бироқ майдонда 11 нафар ўйинчи ўйнайди. Келаси баҳсларда юқори даража кўрсатиб, ғалаба қозонамиз, деб ўйлаймиз.

- Жамоангизда Суперлигада жон сақлаб қолиш учун имконият борми?

- Имконият доимо бўлади.

- Мухлисларга айтадиган сўзларингиз борми?

- Шундай оғир дамларда бизни қўллаб-қувватлаётганликлари учун ишқибозларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Имкони борича ҳаракат қиляпмиз. Рақобатбардош, медаллар учун курашадиган жамоани қисқа вақт ичида қуриб бўлмайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
салахидин
09/10/2023 13:56
Тренер айбдор
Абдухаликов Мухаммад
09/10/2023 13:53
Бухоро да яхши мураббий бор ташкилотчи рахбар етишмаяпти