Бухоро ва Яйпандаги ўйинлар ҳам “Андижон”нинг натижасига соя сола олмади

22-24 сентябрь ҳамда 9-10 ноябрь кунлари Суперлигада 19-тур баҳслари ўтказилди. Натижалар билан сайтимиз орқали хабар бериб бордик.

Ушбу турда бир қатор қизиқарли ўйинлар, ўзига хос қарама-қаршиликлар кузатилди.

ФИФА кунлари ва Осиё Чемпионлар лигасида қатнашган футболчилари бор клублар салбий натижалар қайд этди. “Навбаҳор” водий дербисида “Андижон”га охирги дақиқаларда имкониятни бой берди. “Насаф” кутилмаганда “Бунёдкор”дан енгилди. “Пахтакор” пенальти эвазига мағлубиятдан қутилиб қолди.

“Сурхон” кўп дам олиб юборди шекилли, очко кўпроқ зарур бўлган “Қизилқум” 3 очкони илиб кетди. “Металлург” эса Тошкент вилояти қарама-қаршилигида яна ОКМКни доғда қолдирди.

19-турда иккита ўйин 9-10 ноябрда ўтказилди. Олимпия терма жамоамиз Хитойдаги Осиё ўйинларида қатнашгани учун “Олимпик”нинг ўйини қолдирилганди. “Турон” - “Нефтчи” ўртасидаги Фарғона вилояти дербиси Қозондаги тадбир туфайли бошқа санага сурилганди.

photo_2023-09-27_22-24-14

Яйпанликлар водий дербисида вилоятнинг бош жамоасига йирик 0:3ҳисобида таслим бўлди. Бу орқали Ёрқин Назаров жамоаси бир оёғи билан Про лигага тушди. Эртаси куни Суперлигани тарк этиши деярли аниқ бўлаётган “Бухоро” ўз уйида “Олимпик”дан енгилди. Охирги дақиқаларда қўйилган пенальти (ҳакамнинг нотўғри қарори сабаб) бухороликларни муддатидан аввал Про Лигага тушиб кетишига олиб келди.

Энди эса турга оид қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз. Яъни анъанамизга содиқ қолган ҳолда тур мухлислари статистикаси билан таништирамиз.

19-турда стадионларимизга жами 28952 томошабин ташриф буюрди. Бу ҳар бир беллашувга ўртача 4136ни ташкил қилади.

Энг кўп мухлис Андижонда. “Андижон” - “Навбаҳор” ўртасидаги ўйинни 15231 томошабин аренадан кузатганди. Бу ўйиннинг аҳамияти анча юқори эди. Чунки Андижонга яқиндагина шов-шув кўтарган “Навбаҳор” келганди. Шу боис стадионга кўплаб мухлислар ташриф буюрди.

11

“Насаф” - “Бунёдкор” ўртасидаги турнинг марказий учрашувларидан бирига 4905 ишқибоз ташриф буюрди. Жамоаларнинг ўзаро ҳисоб-китоби бор эди. Аммо якунда “қалдирғочлар” пайт пойлаб охирги дақиқаларга яқин гол уриб, ортга ғалаба билан қайтишни уддалади. Ваҳоланки, Рўзиқул Бердиев жамоаси ОЧЛдаги ғалабадан яхши кайфиятда экани сабаб учрашувни ижобий натижа билан якунлаши кутилганди. Бироқ…

Кўплаб қизиқиш ва воқеаларга сабаб бўлган “Сўғдиёна” - “Пахтакор” беллашувини 2594 ишқибоз кузатди холос. Иван Бошкович яхши жамоа шакллантираётган бир паллада унга мухлислар томонидан жавоб ҳам бўлиши керак, назаримизда.

Энг кам томошабин пойтахтда. Тошкентнинг “ўгай” клуби “Сурхон”нинг “Қизилқум”га қарши учрашувига 681 киши стадионга келди.

Қуйида Суперлиганинг ушбу турига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан танишинг (мухлислар сони ПФЛ сайтидан олинди):

“Андижон” - “Навбаҳор” 2:1. 15231 томошабин

“Насаф” - “Бунёдкор” 0:1. 4905 томошабин

“Сўғдиёна” - “Пахтакор” 1:1. 2594 томошабин

ОКМК - “Металлург” 2:4. 2345 томошабин

“Турон” - “Нефтчи” 0:3. 1951 томошабин

“Бухоро” - “Олимпик” 0:1. 1245 томошабин

“Сурхон” - “Қизилқум” 1:2. 681 томошабин

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Жабборов Ахмаджон
11/11/2023 11:19
Энди буҳоро кимдан ҳафа бўлиши керак. Бундай ёлланган ҳаеамларни каата супурги олиб уларни ҳомийлари билан бирга футболдан супириб ташлаш керак. Эсиз буҳоро ҳакам орқали қурбон қилинди.