«Челси» «Аталанта» ҳимоячисини сотиб олмоқчи
«Челси» 18 ёшли «Аталанта» ҳимоячиси Онест Аханорни сотиб олишни истамоқда, унинг трансфер қиймати 30 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
«Аталанта» клубига тегишли марказий ҳимоячи Онест Аханорга Англия премьер-лигасининг етакчи жамоаларидан бири жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда футбол бўйича машҳур инсайдер Фабрицио Романо ижтимоий тармоқларда хабар берди.
Манба маълумотига кўра, 18 ёшли футболчини ўз сафига қўшиб олишни Лондоннинг «Челси» жамоаси истамоқда. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, «Аталанта» ёзги трансфер ойнаси давомида Аханор бўйича келиб тушган икки таклифни рад этган.
Ёш ҳимоячи ўтган йил ёзидан буён «Аталанта» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг Италия клуби билан амалдаги шартномаси 2028 йил ёзигача мўлжалланган. Муттахассислар Аханорнинг трансфер қийматини тахминан 30 миллион евро атрофида баҳоламоқда.

Изоҳлар (0)