“Челси” етакчиси “Реал” трансфери ҳақида баёнот берди
“Челси” ярим ҳимоячиси Энцо Фернандес Мадриднинг “Реал” клубига эҳтимолий ўтиши ҳақидаги маълумотларга изоҳ берди.
Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо маълумот чиқарди.
Аргентина терма жамоаси аъзоси трансфер бўйича ҳозирча ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаётганини айтди.
- Йўқ, ростини айтсам, ҳеч нарса йўқ. Гап-сўз ҳам йўқ. Ҳозир биз “Челси” ва мавсумнинг қолган ўйинларига эътибор қаратганмиз, жаҳон чемпионатидан кейин эса кўрамиз, - деди Энцо Фернандес.
Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида ўйинчига бир неча топ-клублар, жумладан “Реал” ҳам қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар чиққан эди. Манбаларга кўра, мадридликлар 25 ёшли футболчини марказий чизиқни кучайтириш учун номзодлардан бири сифатида кўриб чиқмоқда.
“Қироллик клуби” Фернандесни қўлга киритиш учун эҳтимолий келишув вариантларини, жумладан ўйинчи алмашиш ва қўшимча тўлов билан қилиш йўлларини ҳам ўрганмоқда.
Шунингдек, “Челси”нинг натижалари ва жамоанинг еврокубоклардаги беқарор ўйинлари футболчининг позициясига таъсир қилган бўлиши мумкинлиги таъкидланган. Хусусан, Чемпионлар лигаси 1/8 финалида ПСЖдан икки ўйин натижасига кўра 2:8 ҳисобидаги мағлубият унинг кетиши ҳақидаги муҳокамаларни кучайтирган омиллардан бири сифатида кўрилган.
Энцо Фернандес 2023 йилнинг январидан буён “Челси” сафида ўйнаб келмоқда. Шу вақт ичида у барча мусобақаларда 160 та ўйин ўтказиб, 28 та гол урди ва 29 та голли узатма берди.
“Челси” таркибида у 2025 йилги ФИФА клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби бўлди ва 2024-2025 мавсумида УЕФА Конференциялар лигасини ютиб олди.
Аргентина терма жамоаси сафида эса Энцо Фернандес 2022 йилги жаҳон чемпиони, икки карра Америка Кубоги ғолиби ва 2022 йилги Финалиссима соҳиби ҳисобланади. Шунингдек 2022 йилги жаҳон чемпионатининг энг яхши ёш ўйинчиси, деб топилган.
Фикрлар