“Челси” гигант ўйинчини нишонга олди
“Челси” келаси мавсум олдидан таркибини кучайтириш мақсадида янги марказий ҳимоячи қидиришда давом этмоқда. Журналист Саймон Жонсоннинг хабар беришича, лондонликлар ҳозирча икки номзод профилини ўрганмоқда.
Биринчи навбатда, “Челси” мутасаддилари “Кристал Пэлас” ҳимоячиси Максанс Лакруани нишонга олган эди. Энди трансфер рўйхатига “Комо” футболчиси Хакобо Рамон ҳам киритилди.
Хабарларга кўра, “Челси” Максанс Лакруа учун тахминан 50 миллион фунт стерлинг таклиф қилишга тайёр. Бироқ клуб шу билан чекланиб қолмоқчи эмас.
Мадриднинг “Реал” академияси тарбияланувчиси Хакобо Рамон ҳам навбатдаги трансфер мақсади ҳисобланади. Шу билан бирга, “Комо” ҳам “Челси” марказий ҳимоячиси Трево Чалобага қизиқмоқда ва клублар ўзаро алмашинув вариантини ҳам кўриб чиқиши мумкин.
Бўйи 195 сантиметрни ташкил қиладиган Рамон ўтган мавсум «Комо» сафида 37 та учрашувда майдонга тушиб, жамоага бош мураббий Сеск Фабрегас қўл остида Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритишга ёрдам берди.
«Реал» 21 ёшли баҳайбат ҳимоячини қайта сотиб олиш ҳуқуқини сақлаб қолган. Шунингдек, мадридликлар унинг кейинги трансферидан тушадиган маблағнинг 50 фоизини ҳам олади.
Хакобо Рамон «Реал» асосий жамоасида бир нечта ўйин ўтказгач, 2,5 миллион евро эвазига «Комо»га ўтган эди.
Унинг асосий устунликлари сифатида бўйининг баландлиги туфайли ҳаводаги курашлардаги ишончли ҳаракатлари, ҳужумларни бошлашдаги аниқ узатмалари ва рақиб босими остида ҳам хотиржам ҳаракат қилиши қайд этилмоқда.

Фикрлар