"Челси" Маркус Рэшфордни ижарага олиш вариантини кўриб чиқмоқда
Лондоннинг “Челси” клуби “Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Маркус Рэшфорд учун курашга қўшилди. Ўтган мавсумда 28 ёшли англиялик вингер ижара асосида Каталониянинг “Барселона” жамоасида тўп сурган эди. “Кўклар”нинг қизиқиши ҳақидаги хабарни TEAMtalk нашри инсайдер Саймон Филлипсга таяниб ёзмоқда.
Манба маълумотига кўра, лондонликлар раҳбарияти футболчининг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олиш вариантни мутлақо кўриб чиқмаяпти. “Челси” фақат ижара шартномасига рози. Бундай ёндашув клубнинг мураккаб молиявий ҳолати билан изоҳланмоқда: эҳтимолий келишув доирасида лондонликлар футболчининг ҳафталик маошини тўлиқ ўз зиммасига олиши керак бўлади. Рэшфорд ҳозирда ҳафтасига 325 минг фунт стерлинг (тақрибан 377 минг евро) иш ҳақи олади. Бундай шароитда “кўклар” қўшимча бонуслар ёки трансфер учун алоҳида тўлов қилиш ниятида эмас.
Ўтган мавсумда Рэшфорд Каталонияда яхши натижалар қайд этди: у барча расмий мусобақаларда жами 49 ўйинда майдонга тушди. Ҳужумчи ҳисобида 14 та гол ва 14 та голли узатма мавжуд. Эслатиб ўтамиз, англиялик футболчининг “Манчестер Юнайтед” билан амалдаги шартномаси узоқ муддатли бўлиб, 2028 йил ёзига қадар мўлжалланган.

Фикрлар