“Челси” янги мураббий танлади
“Челси”га яқинда тайинланган бош мураббий Лиам Росеньорнинг ҳам курсими қимирлаб қолган. Англиялик мутахассис ишдан бўшатилган тақдирда клуб раҳбарияти футболчилик даврида “Челси”да ўйнаган ва ҳозир А Серияда “Комо”ни яхши бошқараётган Сеск Фабрегасга мурожаат қилиши мумкин.
Росеньор январь ойида жамоани қабул қилиб олгач, жуда яхши бошлаган, аммо кейинчалик ўйин ва натижалар пасайиб кетди.
Халқаро танаффусга келиб “Челси” барча мусобақаларда кетма-кет тўртта мағлубиятга учради.
Айниқса ҳимоядаги ўйин қониқарсиз, 17 январда “Брентфорд” устидан 2:0 ҳисобидаги ғалабадан бери жамоа дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олмаяпти.
Шу сабаб Росеньор атрофида босим кучаймоқда, агар “Челси” келаси мавсумда Чемпионлар лигасига чиқа олмаса, клуб раҳбарияти мураббийни алмаштиришни жиддий кўриб чиқади.
Givemesport маълумотига кўра, “Челси”га Фабрегас варианти маъқул келмоқда. Чунки испаниялик мутахассис клуб фалсафасини яхши билади. У “Челси”да 4,5 мавсум ўйнаган.
Бундан ташқари, яна бир муҳим омил шундан иборатки, Фабрегас ёшлар билан ишлашни билади, ҳозирги жамоасининг ўртача ёши 25 ёшдан сал юқори.
Talksport нашри маълумотига кўра, “аристократлар” нишонида Филипе Луис, Оливер Гласнер ва Хави каби мутахассислар ҳам бор.
Фикрлар