“Челси”га ўтганим маъқул
Франция чемпионатида порлай бошлаган “Ренн” ҳимоячиси Жереми Жаке Европанинг бир қатор гранд клублари назарига тушган ва трансфер рўйхатларига киритилмоқда.
Ўзига турли жамоалардан қизиқиш бўлаётганига қарамай, Жаке Англия Премьер-лигаси вакилларидан “Челси”га кўчиб ўтишга мойиллик билдирди.
Sky Sports хабарига кўра, “Челси” январь ойидаёқ Жакени сотиб олиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда, аммо “Ренн” етакчи ўйинчиларидан бирини мавсум охиригача сақлаб қолиш ниятидан қайтмаяпти.
Жакега қизиқиш билдирган бошқа клублар орасида “Ливерпуль” ва “Бавария” каби амалдаги чемпионлар ҳам бор, аммо 20 ёшли француз “Ренн” раҳбариятига фақат “Челси”га ўтишни хоҳлашини аниқ билдирган.
“Челси”нинг янги бош мураббийи Лиам Росеньор Жаке ҳақида юқори фикрда. Бу мутахассис собиқ клуби “Страсбург”да ишлаган пайтда Франция чемпонати давомида Жакенинг ўйинларини бевосита кузатган.
Ҳозир “Ренн” Жакени 56 миллион фунтга баҳоламоқда, аммо “Челси” бунча маблағ тўлашга тайёр эмас ва икки захира вариантини ҳам кўзда тутмоқда. Агар “аристократлар” францияликларни нархни пасайтириш ва ўйинчини январда қўйиб юборишга кўндира олмаса, эътиборини “Борнмут”дан Маркос Сенеси ва “Комо”дан Хакобо Рамонни олишга қаратади.
Фикрлар