"Челси"ни чемпион қилган Канте
Кеча бўлиб ўтган “Манчестер Сити” ва “Челси” клублари ўртасидаги УЕФА Чемпионлар лигаси финалининг ҳақиқий қаҳрамони сўзсиз Нголо Канте бўлди. Финал ҳуштаги чалинганидан сўнг, захирада ўтирган Курт Зума дарҳол майдонга сакраб чиқди ва Нголо Кантени кўтариб олиб, майдон бўйлаб юрди.
Бу мантиқан тўғри. Нголо расман Чемпионлар лигаси финалидаги энг яхши ўйинчи бўлди. Бунгача у "Реал"га қарши бўлиб ўтган ҳар иккала ярим финал баҳсининг ҳам энг яхши футболчиси, деб тан олинган эди. Нголо бу мавсум “Челси”нинг ҳал қилувчи ўйинларида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Шу сабабли, "Челси" мухлислари финалда ҳам Кантага катта умид боғлашган эди.
Финалга икки ҳафтадан кам вақт қолганида, франциялик футболчи "Лестер"га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида жароҳат олди. Ўша ўйиндан сўнг, “аристократлар” бош мураббийи Томас Тухель қуйидаги фикрларни билдириб ўтган эди:
-Умид қиламанки, Нголо билан ортиқча муаммолар юзага келмайди. Бугун биз унинг майдонда йўқлигини сездирмадик, аммо барибир у билан ва у сиз бизда икки хил жамоа бор.
Канте бир ҳафта даволанди ва финалга 3 кун қолганида машғулотларга киришди. У ҳал қилувчи ўйинга қадар оптимал спорт формасига қайта олди.
“Манчестер Сити” ва “Челси” ўртасидаги ягона фарқ бу Нголо Канте”, - дея фикр билдирди голландиялик машҳур футболчи Найжел Де Йонг beIN Sports эфирида.
Барча жамоага шундай ярим ҳимоячи керак. У барча жабҳаларни қамраб олади ва назорат қилади. У ортга қайтиб, “қора ишларни” ҳам қилади ва шу билан бирга ҳужум ташкил этишда ҳам фаоллик кўрсатади. Финалда у “Сити” ярим ҳимоясини “янчиб” ташлади.
Биз финал баҳсидаги барча рақамларга тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз, аммо сиз Канте билан боғлиқ қуйидаги учта рақамга диққат билан эътибор беришингиз шарт:
- 11 та якка курашда ғалаба қозонди ва 10 та вазиятда тўпни рақибдан олиб қўйди;
- Ҳаводаги курашларда 4 марта устун келди. Бу "Челси" футболчилари орасидаги энг яхши натижа ҳисобланади.
Шу ўринда Кантенинг бўйи бор йўғи 168 см эканини эслатиб ўтмоқчимиз.
Нголода ўйинни ўқий олиш даражасини эса 500 фоиз дейиш мумкин.
Мана шундай кўрсатгичлардан кейин ҳам нега Кантенинг фаолият йўлини эсламаслик керак? У финал олдидан у ўз хотиралари билан ўртоқлашди.
“Тўққиз йил олдин мен Булоннинг иккинчи жамоасида ўйнаганман ва Лига 2 да дебют қилганман. Мен футболга чанқоқ ва умид билан тўла эдим. Юқори даражагача қандай масофани босиб ўтишни билмас эдим, шунчаки профессионал бўлишни ва ишлашни хоҳлардим. Ҳаётимда содир бўлган барча воқеаларни ҳисобга олсак, бу ерда "Челси" билан Чемпионлар лигаси финалида ўйнаш ажойиб нарса.
Ҳаммаси аста-секин мавсумдан мавсумга ривожланиб борди. Бу йўлда қувонч ва умидсизлик ёнма-ён эди. Буларнинг барчаси мени футболчи сифатида шакллантирди”, - деди Канте.
Нголо Кантенинг босиб ўтган йўли ҳақида қисқача:
2012 – Лига 2 да тўп сура бошлади;
2014 – “Канн” сафида Лига 1 да дебют қилди;
2015 – “Канн”дан 9 млн евро эвазига “Лестер”га кўчиб ўтди;
2016 – “Лестер” билан АПЛ чемпиони бўлди;
2017 – “Челси” билан чемпиони бўлди;
2018 – Франция терма жамоаси билан Жаҳон чемпиони бўлди;
2019 – “Челси” билан Европа лигасида ғолиб бўлди;
2021 – “Челси” билан Чемпионлар лигасида ғолиб бўлди;
Сўнгги сўз ўрнида шуни айтиш лозимки, агар Канте шу ёз Франция терма жамоаси билан Европа чемпионатида зафар қуча олса, у ҳолда “Олтин тўп” соврини учун курашда шубҳасиз фаворитга айланади.
Фикрлар