Чемпионлар лигасининг 3-тур учрашувларидан сўнг турнир жадвали қандай кўринишда?

УЕФА Чемпионлар лигасининг 3-тур баҳслари ҳам ўз ниҳоясига етди. 2 кун ичида бир нечта муҳим тўқнашувлардан сўнг турнир жадвали кескин ўзгарди. 

Унга кўра, Англиянинг икки клуби етакчилик қилишмоқда. "Астон Вилла" ва "Ливерпуль" клублари 3 турда 100 фоизлик натижа билан турнир жадвалининг юқори ўрнида боришмоқда. 3-ўринда эса яна бир инглиз клуби "Манчестер Cити" 7 очко билан рақибларини таъқиб қилмоқда. "Монако", "Брест", "Байер", "Интер", "Спортинг" ва "Арсенал" клубларида ҳам 7 очкодан мавжуд. 

"Барселона", "Боруссия Д", "Реал", "Бенфика", "Ювентус", "Лилль", ва "Фейеноорд" жамоалари эса 3 турда 2та ғалаба ва 1 та мағлубият билан 6 очкодан тўплаб кейинги поғоналарда келишмоқда. 
 
Франциянинг ПСЖ клуби эса учта учрашувдан сўнг 4 очко жамғариб турнир жадвалининг 19-ўринида кетмоқда. 1-турда Загребнинг "Динамо" дарвозасига нақд 9 та гол уриб ғалаба қозонган "Бавария" эса навбатдаги 2 та баҳсда "Астон Вилла" ва "Барселона"га аламли мағлуб бўлиб, 3 очко билан 24-ўринни эгалламоқда. 

"Милан" ва "Атлетико Мадрид" клублари эса 3 та учрашувдан сўнг 3 очко жамғариб, 25 ва 27-ўринларини банд қилишмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, турнир жадвалининг 1-ўринидан 8-ўринигача бўлган клублар тўғридан тўғри плей-офф босқичига йўл олишади. 9-ўриндан 24-ўринлардаги жамоалар эса саралаш орқали 8 таси кейинги босқичга йўл олади. 4-тур баҳслари эса 5 ноябрь куни "ПСВ" ва "Жирона" клублари ўртасидаги тўқнашув билан старт олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!