Cуперлига. 22-турнинг энг яхшилари кимлар?
Суперлигамизда 22-тур якунланди. 7 та жуфтликда турлича натижалар кузатилди. Шунга яраша беллашув қаҳрамонлари ҳам кўзга ташланди. Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.
“Сурхон” – “Локомотив” – 2:1. Энг яхши футболчи: Абдуғофур Ҳайдаров
“Сурхон” иродали ғалабани қўлга киритди. Мағлубиятга учраётган маҳалида “Сурхон”нинг иқтидорли футболчиси Абдуғофур Ҳайдаров ўз голи билан учрашувда бурилиш ясай олди. Якунда эса жамоаси ғалаба қозонди ва ушбу йигит энг яхши ўйинчига айланди. Охирги пайтларда Абдуғофур Ҳайдаров ҳақида илиқ фикрлар эшитиляпти.
“Навбаҳор” – “Металлург” – 1:0. Энг яхши футболчи: Руслан Жиянов
Наманганликлар ўз майдонида жуда қийин ғалабани қўлга киритишди. Шу билан бирга ҳақиқий ирода ва матонат ҳам кўрсатишди. Чунки “Навбаҳор” бир футболчи кам бўлиб қолганида ҳам ортга чекинмади ва ғалаба келтирувчи голни уришга эришдилар. Шу куни Руслан Жиянов ўзининг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказишга муваффақ бўлди.
“Қизилқум” – “Пахтакор” – 2:0. Энг яхши футболчи: Муҳаммадали Ғиёсов
“Қизилқум” клуби Қаршида “Пахтакор”ни қабул қилди ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Рости, навоийликларнинг ушбу ғалабасини кутмаганлар кўп бўлди. Лекин “Қизилқум” “Пахтакор”га қарши ёқимсиз сериясига нуқта қўйди. Чунки жамоа 2001 йилдан бери “Пахтакор”ни мағлубиятга учрата олмай келаётганди. Ниҳоят, бу сафар чек қўйилди. Муҳаммадали Ғиёсовнинг 89-дақиқада жамоасининг иккинчи голини киритгани “Қизилқум”нинг ғалабасини мустаҳкамлади. Бу футболчи учрашув мобайнида кучли рақибига қарши ажойиб ўйин намойиш этди. Унинг келажаги чиндан ҳам порлоқ.
“Андижон” – “Олимпик” – 1:0. Энг яхши футболчи: Владимир Бубанья
“Бургутлар” Суперлиганинг 22-турига келиб иккинчи даврадаги дастлабки ғалабасини қўлга киритди. Жамоанинг сербиялик ҳимоячиси, тажрибали футболчи Владимир Бубанья энг яхши футболчи бўлди ва бунга у тўла муносиб эди. Ҳимояда ишончли ўйин кўрсатишидан ташқари стандарт вазиятларда ҳужумда ҳам жуда хавфли бўлди ва гол урилишида ҳам Владимирнинг ҳиссаси бўлди.
“Бунёдкор” – “Сўғдиёна” – 1:1. Энг яхши футболчи: Луис Качорри
Ўтган турда ғалаба қозонган “Бунёдкор” бу гал ўз уйида “Сўғдиёна”га қарши учрашувнинг охирги дақиқаларида ғалабани қўлдан чиқарди. Захирадан майдонга тушган италиялик ҳужумчи Луис Качорри яна гол урди. У ўтган турда ҳам захридан майдонга тушиб гол урганди ва энг яхши футболчи номига эришганди. Качорри “Сўғдиёна” билан баҳсда ҳам ўзини кўрсатди.
ОКМК – “Нефтчи” – 1:2. Энг яхши футболчи: Анвар Ғофуров
“Нефтчи” Олмалиқда жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. Учрашувда дастлабки гол муаллифига айланган “Нефтчи” сардори Анвар Ғофуров беллашувнинг энг яхши футболчисига айланди. У ўтган турда “Навбаҳор”га қарши баҳсда ҳам энг яхши ўйинчи номига сазовор бўлганди. Бу сафар ҳам меҳнаткаш футболчи меҳнатларига яраша энг зўри деб топилди ва жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди.
“Динамо” – “Насаф” – 1:2. Энг яхши футболчи: Абдувоҳид Неъматов
22-турни якунлаб берувчи мазкур ўйин тур безагига айланди. “Динамо” чемпионлик остонасида турган “Насаф”га жуда жиддий қаршилик кўрсатди. Абрамов жамоаси 1:0 ҳисобида олдинда бораётганида иккинчи голни ҳам киритишди. Бироқ Кожонинг голи офсайд туфайли бекор қилинди. Учрашув охирларида эса “Насаф” характер кўрсатди. “Аждарлар” нафақат мағлубиятдан қутулди, балки ғалабани ҳам илиб кетдилар. Қўшиб берилган дақиқаларда “Динамо” дарвозасига пенальти белгиланди ва бу вазифани “Насаф” посбони Абдувоҳид Неъматов аниқ бажариб, жамоасининг ғалабасини таъминлаган ҳолда чемпионлик деярли таъминлади. Бу Неъматовни дарвозабон сифатида жорий мавсумдаги иккинчи голига айланди. Якунда Абдувоҳид учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар