Cуперлигада супер тур! Якунда пешқадам очко йўқотадими?!
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Суперлигасининг сўнгги турида чемпион номи ҳал бўлади. 12 ноябрь куни Тошкентнинг "Пахтакор", Қаршининг "Насаф" ва Наманганнинг "Навбаҳор" клублари ҳал қилувчи "жанг"га киради. Хўш, якуний турда кимнинг имконияти қандай?
"Навбаҳор" - АГМК: Хотиржам "кончилар" олтин учун "қон" тўкишга тайёр "лочинлар"га қарши!
Имкониятлар: 60 - 40
Намангандаги баҳс Самвел Бабаян шогирдлари учун мавсумдаги сўнггиси бўлибгина қолмай, тарихий натижага айланиб кетиши мумкин. Айни дамда "лочинлар" ва турнир пешқадами саналган "Пахтакор" ўртасида 1 очко фарқ бор. Агар тошкентликлар дербида очко йўқотса, "Навбаҳор"нинг ғалабаси уларнинг Суперлига ғолибига айланишига имкон беради. Шу фактор сабабли Наманганда мезбонлар ғалаба учун катта куч билан олдинга ташланиши аниқ. АГМКда эса барчаси ўзгача. Миржалол Қосимв шогирдлари сўнгги турга қадар 4-ўринни суғурталаб қўйди. Қўшимчасига, Намангандаги ғалаба ҳам уларни 3-ўринга кўтарилиши учун кифоя қилмайди. Шундай экан, икки хил руҳий ҳолатдаги жамоалар тўқнашувига гувоҳ бўламиз. Агар таркиб ва мухлислар омили биринчи планга кўтарилса, "Навбаҳор" 3 очко учун асосий даъвогар. Шунга қарамай, айнан шу ҳеч қандай босимсиз тўп сурадиган АГМК учун қўл келиши мумкин. Бу икки хил реакция бериши мумкин бўлган омиллар, аммо ижрочилар борасида бирозгина устунлик "лочинлар" томонидадек кўринмоқда. Бабаян шогирдлари бу ўйиннинг қадрини жуда яхши билган ҳолда, майдонда 3 очко учун илк дақиқалардан юқори прессингга мурожаат этиши мумкин. Жорий мавсумдаги сўнгги ўйинда кичик фарқ билан "Навбаҳор"нинг имкониятлари юқори баҳоланишини сабаби ҳам шу аслида.
"Олимпик" - "Насаф" : Тахтдан тушган "аждарлар" Кападзенинг жаҳл отига минган "олимпиячилари"га қарши!
Имкониятлар: 45:55
Қаршида "Нефтчи"дан учралган аламли мағлубиятдан сўнг "Насаф" чуқур шок ҳолатига тушиб қолди. Бердиев шогирдлари чемпионат якунланишига бир тур қолганда пешқадамликни бой бериб, 3-поғонагача пастлади. "Аждарлар" ўз тарихида чемпионликка бу қадар яқин келмагани боис мағлубият икки ҳисса аламли бўлгани аниқ. Энди, "Насаф" сўнгги турда ғалаба қозонган тақдирда ҳам "Пахтакор" ва "Навбаҳор"нинг омадсиз учрашув ўтказишига умид қилишга мажбур. Тушкун кайфиятдаги жамоа сўнгги турда босимсиз ҳаракат қилишга одатланган "Олимпик"ни Тошкентда енгишига тўғри келади. Кападзе шогирдларида вазият аъло даражада, деб бўлмайди. АГМКдан қабул қилиб олинган аламли мағлубият жамоа имижига путур етказгани турган гап. Шунга қарамай, "Олимпик" "Насаф"дан фарқли ўлароқ, мавсумни кўтаринки кайфиятда якунлаш учун руҳан яхшироқ тайёргарликка эга. Қаршидаги 2:2ни ёдга олган ҳолда, бу баҳсда ҳам голлар шоусини кўришимиз эҳтимоли юқори. Учрашувда "Насаф" ном жиҳатдан фаворитдек кўрингани билан, барчаси "аждарлар" учун омадсиз якунлаши ҳеч гап эмас. "Олимпик" анчагина шаклланган жамоага айланиб бўлди. Боз устига, Кападзе шогирдлари ўз уйида яхши ўйнай оладиганлар сирасига киради. "Насаф"га осон бўлмайди, аммо улар баҳснинг фаворити бўлиб қолаверади.
"Бунёдкор" - "Пахтакор" : Бошковичнинг қайсар болалари "шерлар"ни тўхтатишга ҳаракат қилади!
Имкониятлар: 45:55
"Тошкент дербиси"нинг қадри жуда баланд. Ўртага олтин медаллар тикилган. Ёдингизда бўлса, "қалдирғочлар" аввалига "Навбаҳор"ни енгиб, уларни турнир жадвалидаги пешқадамликдан маҳрум қилган бўлса, кўп ўтмай "Насаф"ни муҳим 2 очкодан мосуво қилганди. Энди, Бошкович шогирдлари "Пахтакор"нинг оёғидан чалиб қолиш имкониятига эга. Биринчи даврада бу ишни "Бунёдкор" меҳмонда (2:3) уддалагани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Жамоа постини Иван Бошкович эгаллагач, "Бунёдкор" ўйин томонидан анчагина ўсгани рост. "Пахтакор" эса мавсумни жуда ёмон бошлади. Ҳозир Максим Шацкихда мавсумни қутқариб қолиш имконияти мавжуд. "Бунёдкор" устидан қозониладиган эҳтимолий ғалаба "шерлар"ни мамлакат чемпионига айлантиради. Баҳснинг қадри жуда ва жуда баланд. Имкониятлар борасида "шанс" бироз "Пахтакор"да кўпроқдек кўрингани билан, "Бунёдкор" сюрприз тайёрлаган бўлиши аниқ. "Тошкент дербиси" 26-турниг марказий ўйини бўлибгина қолмай, жорий мавсум финишига айланади. Ижрочилар борасида "шерлар" кучлироқ кўриниши мумкин, аммо "қалдирғочлар"нинг яхлит меҳанизмга айланиб бораётган ўйин услуби дербида қўл келиши аниқ.
Я . У
Фикрлар