Даврон Файзиев - Купернинг хатоси, компенсация қандай ҳал этилгани, уни ёмонлашга даражаси етмаслиги ҳақида гапирди
“SPORTS.uz ҳафтаси” кўрсатувининг охирги сонида асосан Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купернинг истеъфоси, у йўқ қўйган хато, ушбу мутахассис юртимизда нега самарали фаолият юрита олмагани борасида таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев ЎФА вакили ва мухлис сифатида фикр билдирди.
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси Фаластинга ютқазиб қўйганидан кейин Эктор Купер катта босим остида қолди. Мухлислар, мутахассислар, футбол оммаси терма жамоанинг ўйини чиқмаётгани учун мураббийни сабабчи қилиб кўрсатишди. Қайсидир маънода мағлубиятлар учун мураббий жавобгар. Кўпчилик Купернинг услуби бизга мос эмас деган фикрни илгари сурди. Бундан ташқари бу хорижлик мураббий, шартнома асосида ишлайди ҳамда маълум бир вақт юртида, бизнинг давлатимизда бўлади. Яъни доимий равишда ҳар битта футболчини кузатиб бориш, назорат қилиш имконияти унда камроқ. Мана шу факторлар унинг фаолиятига тўсқинлик қилди, дея эътироф этилди. Ўз навбатида айтиб ўтишим мумкинки, ҳақиқатдан ҳам сабаблар шу.
ЎФА ҳамма сабабларни ўрганиб чиқди. Маълум вақт барчаси сарҳисоб қилинди. Нафақат бу ўйин, аввалги учрашувлар, Купернинг ишлашидан тортиб статистикалар ўрганилди. Футболчилар, мутахассислар билан суҳбат ўтказилди. Мураббийнинг ўзи билан кўп бор учрашилди. ЎФА раҳбарияти томонидан аргентиналик мураббийга келажакни қандай кўряпсиз? деган саволлар бўлди. Якунда эса шунча кун давом этилган музокараларга нуқта қўйилди...
Шунақанги деталлар борки, уни ЎФА раҳбарияти Купер билан юзма-юз гаплашди. Бу пуллик масалалар, компенсация. Ҳамма тушуниб турибди, мураббий муддатидан аввал кетяптими, унга товон пули тўлаш керак. Эктор Купер билан дўстона хайрлашилди. Томонлар бир-бирига омад тилашди. Ўйлайманки, бу масала ижобий ҳал этилди.
Булар ЎФА вакили сифатида билдирган фикрларим. Энди бевосита мухлис бўлиб: ўйлашимча, Эктор Купер Ўзбекистон футболи тарихидаги энг яхши мураббийлардан бири эди. Тажрибали, катта турнирларни кўрган, даражаси жуда юқори, юлдузлар билан ишлаган, ҳар хил вазиятларга тушиб қолган – ҳамма факторларни инобатга олганда энг яхшиси эди. Қайсидир маънода Осиё кубогида у жамоа билан бирлашиб, нимагадир эришаётганди. Балки Австралия билан беллашувда пенальтидан ютганимизда ҳаммаси бошқача кечиб, у фаолиятини давом эттираётган бўлиши мумкин эди. Бироқ битта қоқилишдан кейин ўйинимиз пасайиб кетди. Бу – Купер ёмон мураббий дегани эмас. У ҳали ҳамон яхши мутахассислигича қолмоқда. Шунчаки у бизнинг жамоа билан керакли нуқталарни топа олмади. Осиё футболи жуда ҳам ўзига хос. Аргентиналик мураббий тажрибаларини ишга солганда ҳам умуман кутмаган жамоалар кутилмаган ўйин намойиш этиши мумкин. Масалан, рақибнинг бундан аввалги 4 ўйинини кузатганингиздан сўнг 5-беллашувда жамоа умуман бошқача ҳаракат қилиши мумкин. Купер эса Осиё, ўзбек футболининг ичида бўлиши керак эди. Бизда ҳам футболчиларнинг кўпи кайфият. Мана шу жиҳатлар ишни давом эттиришда унга ҳалақит берди.
Бу мураббий ҳақида негатив фикр билдира олмайман. Купер ёмон мураббий дейишга менинг даражам етмайди. У топ-мураббий! Биз мураббий ва футболчилар ўртасидаги боғлиқликни кўрмадик. Аммо кетгани плюс бўлганига қўшиламан. Чунки терма жамоамизга катта ўзгариш керак эди. Борган сари рейтингларда тушиб кетяпмиз, жамоа сўниб боряпти. Ўйинчиларнинг кўзи ёниб турадиган ҳолат йўқолиб бораётганди, - деди Даврон Файзиев “SPORTS.uz ҳафтаси” кўрсатувида.
Фикрлар
КелгусидаУФА томонидан тренер танлаш шартнома тузишда ватан манфаатидан келиб чикиб ёндащилади деб умид киламиз.
Угри битта гумон мингта деганларидек тахминимча Купперни УЗБ. да ишлаши кимларгадур (асосий фигуралардан бирига) ёкмаган куринади.
Навбатдаги Яман ва Сингапур б/н буладиган учрашувларда термамиз 180* градусга узгариб йирик хисобда галабаларга эришиб яна уз мавкеини тиклаб мени фикримни исботлашларига шубхам йук ва яна ким кахрамон албатта Абрамов.
Аслида Абрамов ва термамиз канчалик кучлилигини сунгги (агар чика олсак) боскичда билиб оламиз.