Даврон Файзиев: "Балки ёмон ўйнаб туриб натижага эришиш керакмикин, билмай қолдим"

“Қўқон-1912” – АГМК (0:0) ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида қўқонликлар бош мураббийи Даврон Файзиев қатнашди.

- Нима дейишим мумкин? Ҳозир бирор фикр билдиришда асабий ҳолатимда қийинроқ. Ўйин шиддатли, жуда қизиқарли бўлди. Ўйинни голлар безаб бермади. Тан олиш керак, учрашувнинг охирги 10 дақиқасида АГМК жамоаси захира ўйинчиларининг ҳисобига темпни ушлаб туришди. Бизда захира ўриндиғимиз торлиги учун қийинчиликка дуч келдик. Ҳозирги кунда ҳар бир очко бизга олтинга тенг бўляпти. Яратилган вазиятлардан фойдаланиш керак. Мураббий сифатида бор тажрибамни ишга солиб футболчиларга кўрсатма беряпман. Майдонда нимадир етишмаяпти. Бу бизнинг қаторасига еттинчи дуранггимиз бўлди. 7 та дуранг ўйнагандан кўра 4 та ғалаба қозониб, 3 та ютқазиш ёки буни акси бўлса ҳам майли эди, шунда очколаримиз кўпроқ бўлиши мумкин эди. Бу – футбол, унда ҳар хил ҳолатларга тайёр туриш керак. Бугун Йосович билан Тошмирзаев сариқ карточкалари 4 та етгани учун ўйинни ўтказиб юборишди. Таркиб тузишда ёки захирадан футболчиларни чиқаришга қийналдик. Бугун йигитлар ҳар бир жамоа билан футбол ўйнаш мумкинлигини яна исботлашди. Мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатяпмиз. Балки ёмон ўйнаб туриб натижага эришиш керакмикин, билмай қолдим. Бугун голли имкониятларимиз АГМКга нисбатан кўпроқ бўлди. Адолатли натижа деб ҳисоблайман.

- 4 нафар етакчи сафга қайтса, қийинчиликдан чиқиб кетиш мумкинми?

- Мерзляков ҳали тўлиқ тайёр эмас. Билол билан Йосович кейинги учрашувда майдонга тушишади. Норматов билан Хожимирзаев жароҳатда. Улар яқин икки турда бизга ёрдам бера олмайдилар. Мурод Комилов эса ёшлар терма жамоасидан бугун қайтиб келди. Ёшлар мана шундай ўйинлар орқали ўсишга эришади. Ёшлар шу каби учрашувлардан фойдаланишлари керак.

- Жамоа хавфли “зона”га тушиб қолди. Очко олиш керак бўлган ўйинда Андрей Сидоровни олдинга қўйсангиз бўлмасмиди?

- АГМКга қарши ҳимоячини ўйиндан олиб таваккалчиликка қўл уриш оғир бўларди. АГМК 4-3-3 тактикасида ўйнаётганди. Шунинг учун таваккал қилиб бўлмасди. Биринчи ўринда дарвозамизни қуруқ сақлаб қолдик. Хавфли “зона”га келсак, тўғри жамоамиз шу ерда турибди. Олдимизда ўйинларимиз бор. Умид қиламанки, барчамиз биргаликда бу вазиятдан чиқиб кетамиз. Ҳар турда клублар ўринлари алмашиб турибди. Кимдир очко йўқотяпти, кимдир тўплаяпти. Барибир чемпионат ўзига яраша қизиқ ўтяпти. Қўрққан ўрмонга бормайди. Бизда энг асосийси, аҳил оиламиз бор.

- Бугун ёш футболчи захирадан майдонга тушиб Суперлигада дебютида иштирок этди. Бу ҳақида фикрингиз?

- Жавоҳир Сидиқов энди жароҳатидан қутулиб чиқди. Ўзини бироз ноқулай ҳис қилаётгани учун таваккалчиликка қўл урдим. Азиз ёмон бола эмас. Машғулотларда яхши ҳаракат қиляпти. Барибир биринчи ўйинида ҳаяжон ва босим бўлди. Бундан кейин ҳам ёшларга эътибор беришга ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!