Даврон Файзиев: "Ғалабадан кейин ҳамма хато унутилади"
“Қўқон-1912” – “Сўғдиёна” (2:1) ўртасидаги учрашувдан кейин қўқонликлар бош мураббийи Даврон Файзиев матбуот анжуманида қатнашди.
- Узоқ кутилган ғалабани қўқонлик мухлисларга ва Фарғоанада ўтказилган футболимизнинг 110 йиллик юбилейига бағишлайман. Ўйин тўғрисида айтадиган бўлсам, учрашувдан аввал бизда бир қатор катта йўқотишлар бор эди. Лекин йигитлар бугун ажойиб ўйин кўрсатишди. Ҳисоб 1:1 бўлиб турганида иккала жамоада вазиятлар бўлди. Ким гол урса ютиб кетиши мумкин эди. “Сўғдиёна”да ҳам имконият юзага келди. Аммо омад бизга кулиб боқди. Сўнгги сонияларда гол уриб ғалабага эришдик. Бизга ишонган барчага ва раҳбарларимизга ҳам бағишлаймиз. Бизга охиригача ишониб, қўллаб-қувватлаган ишқибозларимизга ҳам атаймиз. Келгусида “Сўғдиёна” жамоасига омад тилайман. Иккала жамоа бир хил вазиятда эди. “Сўғдиёна”да ҳам биздаги ҳолат – мағлубиятлардан кейинги руҳий тушкунлик кузатилаётганди. Таркиб томонлама бизга нисбатан “Сўғдиёна”да камроқ эди. Жамоамизда Иван Йосович, Александр Мерзляков, Жавоҳир Сидиқов, Сардор Азимов...Санасак кўп. Захирамиздан жароҳат олганларни чиқаришга мажбур бўлдик. Учрашув давомида хатолар кузатилди. Ғалабадан кейин ҳамма хато унутилади. Учрашув қизиқарли ўтди ва мухлисларимизга ёқди, деб ўйлайман.
- Ҳужумчи Шохназар Норбеков ўрнига ҳимоячининг майдонга туширилиши тушунарсиз бўлди...
- Ҳисобдан келиб чиққан ҳолда ўзгаришни амалга оширдик. 38-39 температура бўлишига қарамай, Норбеков ва Ҳасанов майдонга чиқиб, шунчалик ғалабага ҳисса қўшишганидан раҳмат айтаман. Йўқотишларимиз мавсум охирида катта таъсир кўрсатиб турганди. Энди ишонч пайдо бўляпти. Алмаштирган бўлсак, ғалаба қозондик ва буни тўғри десак бўлади. “Сўғдиёна” ёмон ўйин кўрсатмади. Бизни тактик томонлама қарши ҳужумларда “ушлашга” ҳаракат қилди. Голли вазиятлар иккала жамоада тенг яратилди, деб айта оламан. Норхоновни зарбаси гол бўлганида биз мағлуб бўлардик. Дурангга яқин бўлиб турган вазиятда ғалабани илиб кетдик. Жуда хурсандман. Ўзгаришлар ўзини оқлади, деб ҳисоблайман.
- “Қўқон-1912” жамоаси 12-ўринни эгаллаб плей-оффда ўйнайдиган бўлса, яқин Яйпанда ўйнаш қулайми ёки Бухородами?
- Ҳозир бу тўғрисида ўйлашга ва фикр билдиришга ожизман. Олдимизга қўйилган мақсадга интиламиз, қолгани Аллоҳдан. Узоқ кутдик, меҳнат қилдик. Қайси жамоа тўғри келишидан қатъий назар барибир ўйнаймиз. Ҳозир рақиб танлайдиган ҳолатда эмасмиз, десам тўғрироқ бўлади.
- Йосович ва Сидиқовнинг ҳолати борасида маълумот берсангиз.
- Йосович менимча мавсум охиригача ёрдам бера олмайди. Сидиқовни “Пахтакор” билан учрашувда таваккалчиликка йўл қўйиб туширдим ва буни ўз бўйнимга оламан. Биринчи бўлимдан сўнг Жавоҳирни алмаштиришим керак эди. У жароҳатини яна янгилаб олди. Ўзи жароҳати бўлса ҳам жамоам учун ёрдам бераман деганида ҳам мени уни жароҳатини била туриб майдонга туширганим менинг хатоим бўлса керак, деб ўйлайман. Агар “Пахтакор” билан ўйинда уни мажбуран бўлса ҳам алмаштирганимда балки жароҳатини янгилаб олмаган бўларди. Умид қиламанки, кейинги учрашувларда бизга ёрдам беради. Ҳозирги ҳолатда анча яхши томонга ўзгарган. Жавоҳир ўйин ташкил қилишда ҳам фаол. Бундай футболчини ҳар бир мураббий ўз таркибини кўришни хоҳласа керак. Дилшод Раҳматуллаев температурада ётибди. Ҳатто ўйинга ҳам кела олгани йўқ. Бундай олиб қараганда, бизда 13-14 нафар футболчи қолганди. Сардор Етовқўзиев бугун дебют ўйинини ўтказди. Майли, ёмон эмас. Хатолар бўлади. Аммо қачондир ишонч билдиришимиз керак эди. Ўйинни кучайтирадиган Тошмирзаев бор эди, уни захирадан ушладик. Мажбурий ўзгариш қилишга мажбур бўлдик. Жамшид Ҳасанов юқори температурадан кейин, бизга бўлди, ўйнай олмайман деганидан сўнг алмаштирдик. Хатолар бўлди, бироқ хатолар вақтида бартараф этилди. Шундан хурсандман. Мендан энг яхши футболчи ким деб сўрасанглар, дарвозабонимизни айтган бўлардим. Ютгандан кейин ҳаммани зўр деб айтишим мумкин, битта танлаш имкони бўлса, 3 кишини танлайман. Дарвзабон, Холмуҳаммедов ёки Рустамовни танлашим мумкин. Гол урган ўйинчимиз қаҳрамон, унга бундан-да, юқори даражани бериш мумкин.
Фикрлар