Даврон Файзиев: "Ҳеч қайси жиҳатда "Қизилқум" устунлик қилди, дея олмайман"

Навоийда “Қизилқум” ҳамда “Қўқон-1912” (1:1) клублари ўртасидаги учрашувдан кейин меҳмон жамоа бош мураббийи Даврон Файзиев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Нима дейишим мумкин? Ўйин қизиқарли, шиддатли курашлар остида ўтди. Учрашувга келсак, ютишимиз ҳам, мағлубиятга учрашимиз ҳам мумкин эди. Биринчи бўлимда ўйлаган режаларимиз амалга ошди. Гол урдик, ҳаммаси режамиз асосида давом этаётганди. Лекин, барибир “Қизилқум” жамоаси ўз майдонида ўйнаяпти. Шунинг учун шиддаткорликни оширди. Бизга етакчи ўйинчиларимизнинг йўқлиги бироз билинди. Буни ўйиннинг натижасига рўкач қилмоқчи эмасман. Қисқа қилиб айтганда, қизиқарли курашларга бой ўтди. Аммо бугун бизга ғалаба кўпроқ зарур эди. Хатога йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ эди. Лекин бу футбол ва хатодан иборат. Дарҳол учрашувдан кейин бирор-бир жиддий фикр билдиришга ҳам ожизман. Ўйинларни таҳлил қиламиз. Кўриб чиқиб хатолар устида ишлаймиз.

- “Қўқон-1912” жамоаси бугун кўпроқ қарши ҳужумларда тезкор ўйнади. Аммо ўша қарши ҳужумларни якунлашда жамоа камчиликдек бўлиб қолди...

- Тўғри таъкидлаб ўтяпсиз, қарши ҳужумларимиз хавфли бўлди. Аммо ижобий якунлаш коэиффициентимиз паст бўлди. Балки маҳорат, балки руҳий босим бироз халақит қилган бўлиши мумкин. Руҳий босим – бу бизга раҳбарият ёки мухлислар тарафидан эмас, балки турнир жадвалидаги ҳолатимиздан келиб чиқиб бизга ғалаба кераклиги учун кўпроқ натижага эътибор бериб ўйнадик. Хато, камчиликларимиз бор. Бунинг устида ишлаймиз.

- Норбековнинг ўйини ҳақида нима дея оласиз?

- Норбековни бугун ўйини чиқмади, эмас. У биз ўйлаган режа бўйича ҳаракат қилди. Майдондаги эркинлигини бироз таъқиқлаб қўйгандик. “Қизилқум” ўз уйида ўйнагани учун барибир кўпроқ олдинга ҳаракат қиларди. Норбековга кўпроқ бўш ҳудудлар керак. Унда ўзини эркинроқ ҳис қилса, ҳамма нарсани ўхшаши мумкин. Бугун ҳам имконияти бўлмади эмас, бўлди. Фақат фойдаланишда совуққонлик етишмади. Аммо унга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ.

- “Қўқон-1912” сафарда бир очкони қўлга киритди. Нима деб ўйлайсиз, ушбу бир очко ғалабага тенг бўлдими ёки керакли очколар йўқотилдими?

- Ўйиндан келиб чиқиб айтсак, Навоий шаҳрига фақат ғалаба учун келгандик. Кузатаётган бўлсангиз, охирги пайтларда кўп дуранг ўйнаб, керакли очколарни йўқотдик. Адашмасам, чемпионатда 10-дурангни ўйнадик. Бу жуда кўп деб ўйлайман. Худодан шу насиб қилган экан. Бир очко биз учун қимматли ёки қимматли эмаслигини чемпионат якунланганда сарҳисоб қилсак тўғри бўлади.

- Кубок мусобақасидаги “Қизилқум” билан ҳозирги “Қизилқум”ни фарқи қандай?

- Ҳеч қандай фарқ сезганим йўқ. “Қизилқум”да тажрибали футболчилар йиғилган. Темурхўха Абдуҳолиқов ўйинга катта таъсир қилди. Балки Абдуҳолиқов бўлмаганида балки “Қизилқум”ни ўйини қовушмаган бўлиши ҳам мумкин эди. Санжар Шоаҳмедов, Файзулло Қамбаров ёки бошқаларни санаб ўтишим мумкин. Барибир тажриба ўз сўзини айтди. Бизнинг жамоамиз олдида тажрибалироқлиги кўриниб турибди. Буни ҳамжиҳатликда, аҳил оила бўлиб енгиш мумкин. “Қизилқум” жамоасидан кўпроқ югурсак шунда натижага эришимимиз мумкин, деб таъкидлаб ўтгандим. Бугун ҳеч қайси жиҳатда “Қизилқум” устунлик қилди, деб айта олмайман. Ўйин тенг курашлар остида ўтди. Энг қизиқ чемпионатимиз бу йил ўтаётган бўлиши аниқ, баъзи-бир камчиликлар ҳисобга олинмаса! Мухлисларимизга олис йўл босиб бизни стадионда қўллаб турганлари учун катта раҳмат айтаман.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!