Даврон Файзиев: Рақибдан кўпроқ ҳужум қилиб, аламли мағлубиятга учрадик...
Кеча Суперлиганинг 15-туридан ўрин олган “Локомотив” – “Динамо” (2:0) учрашувидан кейин самарқандликлар бош мураббийи Даврон Файзиев ўзининг ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.
- Бугун аламли мағлубиятга учрадик. Вазиятлардан фойдалана олмадик. "Локомотив"дан қўрқиб ўйнаганимиз йўқ. Менимча яратилган вазиятлар борасида биз рақибдан устунроқ бўлдик ҳам. Иккинчи бўлимнинг ўзини олсак, "Локомотив"дан кўра кўпроқ ҳужум қилдик. Агарда биз вазиятларимиздан фойдаланганимизда ўйин тақдири бошқачароқ кечарди. Аммо мағлубиятни тан олиш - мардларнинг иши. Ҳар бир мураббийнинг ўйинларда ўзига ҳос эътирозлари бўлади. 1:0 ва 2:0нинг фарқи йўқ. Йигитларга сўнгги дақиқаларда босим қилишини талаб қилдим. Балки гол уриб, ҳисобни тенглаштиришимиз мумкин ҳам эди. Йигитлар ўтган ўйинга қараганда яхшироқ ўйин кўрсатишди. Агарда "Бунёдкор"га қарши ўйинда ҳам шундай иштиёқ билан ўйнашганида натижа бошқачароқ бўларди. "Бунёдкор" ва "Локомотив" мамлакатимизнинг энг номдор жамоаларидан бири. Йигитларда ҳаяжон бўлиши табиий. Ишлашда давом этамиз.
- Биринчи даврада жамоа "Локомотив"ни ютганди. Бугунги ўйиндаги мағлубиятнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
- "Локомотив" Самарқандда бундан-да яхшироқ ўйнаганди. Балки бугун "Локо" ғалабага қаттиқ ишонишгани сабабли шундай ўйин кўрсатишганди. Ўшандаги ўйинда эса улар менда яхшироқ таасуротлар қолдиришганди. Йигитларга ўйин Тошкентда бўлиши таъсир ўтказганди. Аммо ҳеч ким хатодан кафолатланмаган.
- “Динамо” Суперлигада кетма-кет уч ўйинда мағлуб бўлди. Бу футболчиларга таъсир ўтказмайдими?
- Албатта, таъсир қилади. Ўйиндан кейин йигитларга шуни айтиб ўтдим. Рухий тушкунликка тушиш керак эмас. Бу футбол, ютган томоннинг рақиби мағлуб бўлади. Бизда шундай даврлар бўлдики, қаторасига 7-8 ўйинда ютқазмадик. Энди биз уйдаги ўйинларда кўпроқ очко олишга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар