Даврон Файзиев: "Тўғри, охирги 10 дақиқада дуранг учун ўйнадик"
Суперлиганинг 17-турида “Металлург” –“Қўқон-1912” (0:0) ўртасидаги учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Даврон Файзиев саволларга жавоб қайтарди.
- Аввало, Ўзбекистон халқини Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами билан табриклайман. 17-турнинг охирги ўйинини якунлаб бердик. Бугун қўл остимда 4-ўйинни ўтказган бўлсак, балки жамоам биринчи бўлимда энг ёмон ўйинни намойиш этган бўлиши мумкин. Иккинчи бўлимда гувоҳи бўлганларингдек, охиригача қизиқарли кечди. Ютқазиш ҳам, ютиш ҳам мумкин эди. Лекин дуранг адолатли натижа бўлди, деб ўйлайман. Иккала жамоада ҳам 100 фоизли имкониятлар бўлди. Охирги нуқтани қўядиган ўйинчи топилмади. Қисқаси, иккала жамоа ҳам ютқазишни хоҳламади. Клубларнинг майдонга ғалаба учун тушганлиги билиниб турди. Бизга кўпроқ керак эди. Ўз йўлимизда юришни давом эттирамиз. Лекин охирги учрашувларда ғалабага яқин келиб дуранг қайд этиш ким учундир қониқарлидир, ким учундир қониқарли эмасдир. Мен учун мураббий сифатида қониқарсиз. Бугун камчиликларимиз кўзга кўринди.
- Жамоада етакчиларнинг жароҳат сабабли майдонда йўқлиги яққол сезиляпти. 10 кунлик танаффусда уларнинг сафга қайтиш имконияти борми?
- Олдинги учрашувларда Андрей Сидоров, Анвар Ҳожимирзаев ва Жавоҳир Сидиқовлар масаласида йўқотишларга дуч келдик. Уларнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилдик, барибир ўрни билинди. 9 сентябрь куни АГМК билан бўладиган ўйинга ўйлайманки, Сидиқов билан Сидоров қайтишади. Ҳожимирзаевга яна бироз вақт керак. Шифокорларимиз яна 15 кунлар атрофида уни умумий машғулотга чиқиш имкониятини кам деб айтишди.
- Сизнинг бошқарувингиздаги “Қўқон-1912” яхши таассурот қолдириб келаётганди. Ўзингиз айтганингиздек, бугун биринчи бўлимда жамоангизни таниб бўлмади. Бунга нима сабаб?
- Тўғрисини айтганда, тайёргарлигимиз бироз нотўғри бўлди. Муаммоларимиз ўзимизга яраша етарли бўлди. Аммо буни рўкач қилишни хоҳламайман. Бу фақат ички муаммоимиз ва озроқ шунинг таъсири бўлди. Тошкентда тайёргарлик кўрдик, масалан майдон томонлама қийналдик. Футболчиларни тиклашда ҳам анча қийинчиликларга дуч келдик. Яширишнинг ҳожати йўқ, бизда бироз витаминизациялар ҳам йўқ бўлди, деб айтсам тўғри бўлади. Тўғри, биринчи бўлимда бошқарувимдаги энг ёмон ўйинни ўтказдик, буни тан олиш керак. Иккинчи бўлимда ўйин анча тенглашди. Ўйинчиларни алмаштиришда ҳам шошилинч қарор қабул қилмадик. Захирамизда ўйинни кучайтирадиган футболчи кам эди. Бугунги баҳсда кўпроқ ҳимоя орқали ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик. Ўз имкониятларимизни кутдик, вазиятлар бўлди, афсуски амалга ошмади.
- Ўйин охирларида жамоангиз очиқчасига дуранг учун ўйнади. Нима учун?
- Биз учун ҳар бир очкоимиз олтинга тенг. Тўғри айтяпсиз, охирги 10 дақиқада биз бир очко учун ҳаракат қилдик. Буни ўзим ҳам ўйин давомида йигитларга уқтирдим. Балки биз мураббийлар ва клуб раҳбарлари футболчиларга озроқ босим ўтказаётган бўлишимиз мумкин. Чунки бизга ғалаба керак. Учрашувдан олдин йигитларга бир марта бўлса ҳам нолга ўйнанглар, олдинда албатта гол уриш учун имконият бўлади, деб кўрсатма бергандик. Мана, гол ўтказмадик, аммо ўзимиз ҳам гол ура олмаяпмиз. Шунинг учун охирги 10 дақиқада ҳеч иккиланмасдан дуранг учун ҳаракат қилдик.
Фикрлар