
Ди Мария Европа билан хайрлашди
Анхель Ди Мария расман Европадаги фаолиятини якунлади ва ватанига қайтмоқда — у 37 ёшида "Росарио Сентрал" клубига қайтиб бормоқда. Аргентиналик вингер айнан шу жамоада катта футболга қадам қўйган ва икки йил ўйнаганидан сўнг 2007 йилда "Бенфика"га йўл олган эди.
У Европадаги 18 йиллик фаолияти давомида "Реал", "Манчестер Юнайтед", ПСЖ, "Ювентус" ва сўнгги икки йилда яна "Бенфика" сафида тўп тепди. Ди Мария ўзининг хайрлашув хабарида шундай деб ёзди:
"Бугун уйга қайтиш вақти келди. Менинг Европадаги фаолиятим якунланди. Кўп йиллар давомида турли жамоаларда ўйнадим ва жуда кўп унутилмас хотираларга эга бўлдим.
Ушбу 18 йил ичида нафақат гўзал шаҳарларда яшадим, балки ажойиб жамоаларда, ажойиб инсонлар билан бирга бўлдим. Ҳаётимда доим сақлаб қоладиган дўстлар орттирдим. Юқотишлар, кўз ёшлар, ғазаб, кейин яна туриб кетишлар — буларнинг барчаси менинг ўсишим ва шаклланишимнинг бир қисми бўлди.
Мен ўйнаган ҳар бир клубга миннатдорчилик билдирмоқчиман — "Бенфика", "Реал", МЮ, ПСЖ ва "Ювентус"га. Улар менга футболчи ва инсон сифатида ўсиш имконини берди.
Жамоа футболчилари, ошпазлар, тиббиёт ходимлари, инвентар жавобгарлари – кўзга кўринмайдиган, лекин керакли инсонлар – уларни ҳеч қачон унутмайман.
Мен 2007 йилда жуда ёш, оилам билан, қўрқув ва ишончсизлик билан келган эдим. Энди эса мен катта муҳаббат ила ўралган инсонман — ота-онам, хотиним ва қизларим билан.
Рахмат, Португалия, Испания, Англия, Франция ва Италия — эшикларингизни очганингиз учун.
Хайр, Европа..." - деб хайрлашди аргентиналик футболчи.
Комментарии