Дибала яна сафдан чиқди
“Рома” ҳужумчиси Пауло Дибала А Сериянинг 20-туридан ўрин олган "Милан"га қарши ўйинда майдонга туша олмайди.
Клуб матбуот хизматининг хабар беришича, аргентиналик футболчи кеча "Лацио"га қарши ўтган ўйинда жароҳат олган. Дибала сон мушакларидаги муаммо туфайли танаффусда майдонни тарк этишга мажбур бўлган эди. Бундан аввалроқ у худди шундай жароҳат туфайли декабрь ойида бир неча ҳафта машғулотларни ўтказиб юборишга мажбур бўлган.
Il Corriere dello Sport нашри хабарига кўра, Дибала бугун ёки эртага Тригорияда қўшимча синовлардан ўтади, бироқ у “Сан-Сиро”да бўладиган ўйинни ўтказиб юбориши ва бир муддат майдонга туша олмаслиги кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Милан” ва “Рома” ўртасидаги баҳс 14 январдан 15 январга ўтар кечаси Тошкент вақти билан соат 00:45 да бошланади.
Фикрлар