Дилшод Жўраев: "Фузайловнинг ўйинини "Манчестер Сити" ўйин услуби билан таққосласа бўлади"

  • 22 январь, 23:21
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

Янги мавсумни расман Суперлигада ўтказиши тасдиқланган “Хоразм” клуби Тошкентда тайёргарлик ишларини олиб боряпти.

Қолаверса, таркибни сезиларли даражада кучайтириш борасида ҳама жиддий ҳаракатлар қилиняпти.

Ўтган мавсумни “Локомотив”да ўтказган ярим ҳимоячи Дилшод Жўраев янги мавсумни “Хоразм”да бошлайди. У клуб етакчиси бўлиши катта эҳтимол. Футболчининг Sports.uz сайтига берган интервьюсини ўқишингиз мумкин.

- Сиз айни пайтда "Хоразм"дасиз. Ушбу клубни таклифини қабул қилишда иккиланмадингизми ва сабаби нимада?

- Йўқ, иккиланмадим. Бу жамоага келадиган бўлсак, у ердаги футболчилар билан ака-укадекмиз. Илгари “Бухоро”да бир нечтаси билан бирга тўп сурганмиз. Ажойиб йигитлар. Раҳбарият ва мураббийни ҳам яхши билганим учун ва шунингдек, футболдан ҳам кўра, уларни биринчи навбатда инсонийлик жиҳатларини ўзим учун футболдан устун деб биламан. Шу факторларни ҳисобга олганда “Хоразм”ни танладим.  

- Урганчликлар Суперлигада иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Бу хурсандчиликни жамоа қандай қабул қилди?

- Суперлигада иштирок этишини интизорлик билан кутдик ва бу амалга ошди. Унинг самараси сифатида ва фурсатдан фойдаланган ҳолда “Хоразм” раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Нимагаки, бунинг замирида жуда катта меҳнат ётибди. Аввало, буни “Хоразм” раҳбариятининг ютуғи деб ўйлайман. Бундан ташқари, футболчилар учун ҳам катта хурсандчилик бўлди.

- Янги мавсумни "Хоразм"да бошлашингиз аниқ бўлдими ва бош мураббий Ҳаким Фузайловни машғулот услублари қандай экан?

- Худо хоҳласа, деярли аниқ бўлди. Фақат шу кунларда шартнома имзолаш масаласи қолган, холос. Ҳаким Фузайловнинг ўйин услубига келсак, қисқа қилиб айтганда, “Манчестер Сити” ўйин услуби билан таққосласа бўлади. Ҳужумкор футбол намойиш этади. Насиб қилса, 2025 йилги мавсумда барчасига ўзинглар гувоҳ бўласизлар. Яхши ниятлар билан бошлаймиз.

- Албатта, "Хоразм"га янги мавсумда осон бўлмайди. Таркиб шакллантирилиши лозим. Бу борада ишлар қандай кечяпти?

- Албатта, тўғри айтдингиз. Янги мавсум чиндан ҳам “Хоразм” учун осон бўлмайди. Негаки, барибир про лигадан чиққан жамоа. Селекция ишларига бироз кеч қолдик. Шунинг ҳисобига ҳам раҳбарият ва мураббийлар жамоани шакллантиришга максимум ҳаракат қилишяпти. Янги мавсумда “Хоразм” билан чемпионатда муносиб қатнашишга ҳаракат қиламиз.

- Тайёргарлик йиғинида эътибор нимага қаратилмоқда?

- Ҳозирги кунда машғулотларда жисмоний ҳолатга эътибор қаратилмоқда. Мавсумга яхши формада кириб бориш учун мураббийларимиз оғир юкламалар бериб боряпти. Бу албатта чемпионат мобайнида асқотади, деган умиддаман. Мавсумгача барибир енгил эмас, оғир машғулотлар бўлади. Ўйин кунлари ҳам жисмоний юкламаларни оляпмиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!