Дилшод Жўраев: "Унчалик шошмай турибман"

“Бухоро” учун 2023  йил омадсиз ўтди ва Суперлигани тарк этди. Шу боис шартномаси тугаган аксар футболчилар клуб билан хайрлашишмоқда. Уларнинг орасида жамоа сардори сифатида тўп сурган Дилшод Жўраев ҳам бор. Қуйида ушбу ўйинчи билан суҳбатни ўқишингиз мумкин.

- Ўтган мавсумни “Бухоро”да ўтказдингиз. Афсуски, жамоа Суперлигани тарк этди. Клубнинг муваффақиятсизлиги ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Ҳаммани янги 2024 йил билан табриклайман. Янги йил барчага омадли бўлсин. “Бухоро”га келсак, жамоа учун мавсум жуда оғир ўтди. Паст-баландликлар ва хатолар кўп бўлди. Шу нарсалар охири ўз сўзини айтди. Ҳар бир клубга вақт керак. Бирданига бирор нимага эришиб бўлмайди. Бошида ёмон бошламагандик. Лекин дастлабки 3 та турдан кейин бош мураббийни ишдан бўшатишди ва ўрнига бошқаси келди. “Бухоро”да структура нотўғри бўлди.

жураев

- Фаолиятингизда адашмасам, ҳали сиз ўйнаган клуб билан лигани тарк этмагандингиз...

- Бундай бўлишини ўйламагандим. Ҳар сафаргидек яхши ният билан келгандим. Бу мен учун катта мактаб бўлди. Шу нарса ҳали ҳаётимда асқотади. 2023 йил мен учун тажриба бўлди. Айниқса, кейинчалик мураббий сифатида ишлайдиган бўлсам ҳам бу нарсалар менга анча ёрдам беради.

- “Бухоро” билан шартномангиз тугади ва клубдан кетдингиз. 2024 йилни Дилшод Жўраев қайси жамоада давом эттиради, деган савол бор. Бунга қандай жавоб берган бўлардингиз?

- “Бухоро” жамоасига, раҳбарият, мураббийлар ва мухлисларга миннатдорлигимни билдирмоқчиман. “Бухоро”нинг ишқибозлари жуда ажойиб. Улар яхши жамоа шаклланишига муносиб. Дамда эдик, энди югуришни бошладик. Бизда трансфер ойнаси февраль ойи охирларида ёпилиши ҳисобига унчалик шошмай турибман. Айрим клублардан таклиф бўлиб турибди. Рости, хорижда тўп суришим ҳам мумкин. Россия биринчи дивизиони ёки Туркия чемпионатига йўл олишим ҳеч гап эмас. Ўзимга тажриба бўлиши учун ҳам шундай ҳолат бўлиши мумкин. Бу борада агентлар иш олиб боришяпти. Ризқимиз қаерда бўлса, ўша ерда бўламиз.

жураев1_2

- “Бухоро”даги муваффақиятсизлик сизга таъсир ўтказмадими?

- “Бухоро” футболчилари учун мавсум оғир ўтди. Ютқазаверганингиздан кейин барибир кайфият тушади. Лекин биз жамоадошларимиз билан майдонга тушиб фақат ғалабалар учун ўйнадик. Айтганимдек, структура нотўғри бўлди. Жамоани мавсумга бошқа мураббий тайёрлаганди. Чемпионат бошлангач, кўп ўтмай, бош мураббий ўзгарди. Тактика ва мураббийлар ўртасидаги фарқ ер билан осмонча. Шуни ҳисобига футболчиларга ҳам мослашиш қийин кечди.

- “Бухоро”ни муваффақиятсиз иштирокида ҳакамларни ҳам таъсири борми?

- Инсон борки хато қилади. Айблаш осон. Инсон аввало хатони ўзидан қидириши керак. Беайб Парвардигор! Ҳар бир инсон хато қилиши мумкин. “Бухоро” жамоасини бундай аҳволга тушишига кўплаб сабаблар бор. Ҳамма нарса мукаммал қилинса, ҳар бир қийинчиликни енгиб ўтса бўлади.

жураев3

- Клуб футболчилар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилдими?

- 90 фоизга ҳисоб-китоб қилишган. Битта ойлик қолган, уни ҳам шу кунларда беришса керак.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!