"Динамо" раҳбариятида ўзгариш. Жамоанинг собиқ футболчиси бош директор этиб тайинланди!
Бугун, 15 декабр куни «Динамо» ПФК қароргоҳида йиғилиш ўтказилиб, унда ташкилий масала кўрилди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев ва мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда жамоа аъзолари иштирок этган йиғилишда «Динамо» клубининг 2023 йилги мавсумни муваффақиятли якунлагани эътироф этилиб, 2023 йилги мавсумда жамоадан самарқандлик мухлисларнинг умид катта экани таъкидланди.
Йиғилишда сўнгги уч йил давомида «Динамо» ПФК бош директори лавозимида ишлаб келган Учқун Қобилов «Про» лицензияси учун ўқиши сабабли ўз аризасига кўра, лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Унинг ўрнига клуб ҳомийси ҳамда вилоят раҳбарияти таклифи билан Дилшод Шарофутдинов «Динамо» ПФК бош директори сифатида расман таништирилди.
38 ёшли мутахассис ўз вақтида «Динамо», «Пахтакор», «Навбаҳор» клублари шарафини муносиб ҳимоя қилиб, сўнгги йилларда жамоада ёрдамчи мураббий сифатида фаолият юритаётган эди.
Йиғилиш якунида вилоят раҳбарияти ва клуб ҳомийлари Дилшод Шарофутдиновга катта масъулият юкланганини маълум қилиб, Самарқанд футболини биргаликда янги даражага олиб чиқиш, клуб бош мураббийи Вадим Абрамов билан ҳамжиҳатликда янги мавсумга пухта тайёргарлик кўришни ташкил этиш йўлида омад тилаб қолишди.
"Динамо" матбуот хизмати.
Фикрлар