Ҳасанов ва Содиқов “Брага”да “нон” топа оладими?
Ўзбек футболининг янги авлоди – Садриддин Ҳасанов ва Сайфиддин Содиқовнинг Португалиянинг “Брага” клуби тизимига қабул қилингани кейинги пайтда кўп муҳокама қилинмоқда.
Eurasia Football нашри бу трансфер борасида таҳлилий мақола эълон қилди. Sports.uz портали ушбу таҳлилий материалда ёш ўйинчиларимиздан “Брага”да нималар талаб қилиниши ҳақидаги қисмини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилади.
Асосий жамоага йўл очиқми?
“Брага” ҳақиқатан ҳам ёш футболчиларни ривожлантиришни яхши билади. Клуб академияси мунтазам равишда Португалия футбол федерациясининг энг юқори сертификатини олади. U19 жамоаси мамлакат чемпиони бўлган ва УЕФА Ёшлар лигасида муваффақиятли иштирок этган, U23 жамоаси эса кетма-кет бир неча марта Taça Revelação турнири финалига чиққан.
Бироқ кучли академия унинг энг яхши тарбияланувчилари автоматик равишда асосий жамоага ўтишини англатмайди. Ҳар йили биринчи жамоада имкониятни бир неча тарбияланувчи олади, аммо одатда, фақат бир ёки икки нафари мустаҳкам ўрнашиб қолади. Баъзида эса ҳеч ким қолмайди.
2024/25 йилги мавсумда “Брага B”дан бир нечта футболчи асосий жамоада дебют қилди, аммо улар орасида фақат Франсишку Чиссумба сезиларли роль ўйнаб, юқори даражада 18 та учрашувда қатнашди.
Бундан ҳам муваффақиятли авлодлар бўлган. 2021/22 йилги мавсумда аввал ўринбосарлар жамоасида ўйнаган ўн нафар футболчи асосий жамоа сафида майдонга тушиш имконига эга бўлган. Улар орасида Витинья ва Родригу Гомеш ҳам бор эди. Аммо бундай мавсумлар қоидадан кўра кўпроқ истисно ҳисобланади.
Альваро Жалонинг мисоли ҳам жуда аҳамиятли. Испанияда туғилган футболчи “Брага” ёшлар тизимига келган, ўринбосарлар таркиби орқали асосий жамоагача етиб борган ва кейинчалик бонуслардан ташқари 15 миллион евро эвазига “Атлетик” клубига трансфер қилинган.
Бу маълумотлар тизим ишлашини ва самарали эканини тасдиқлайди. Бироқ академияга кириш билан муваффақиятли карьера ўртасида ҳали ҳам жуда катта масофа бор. Футболчилар ўз режаларини амалга ошириш учун жуда катта меҳнат қилишларига тўғри келади.
“Брага”да легионерлар ҳам бегона эмас!
Ҳасанов ва Содиқов чет эл фуқаролиги туфайли қийинчиликка дуч келмайди. “Брага” асосий жамоасида легионерлар кўпчиликни ташкил этади, ёшлар жамоаларида эса уларнинг улуши тахминан учдан бир қисмга тенг.
Ўзбекистонликлар ёпиқ португал муҳитига тушганми йўқ, аммо легионерлик мақоми ҳам ҳеч кимга устунлик бермайди.
Мавсумолди йиғинига киришган U23 гуруҳида турли мамлакатлардан келган ва халқаро тажрибага эга футболчилар бор. Фақат ҳужум чизиғининг ўзида саккиз нафар футболчи рўйхатдан ўтган. Шунинг учун Ҳасанов ва Содиқов ҳозирнинг ўзидаёқ аниқ ўйин дақиқалари учун кураш олиб боришларига тўғри келади.
Бироқ кўплаб мутахассислар ўзбек футболчиларига характер хусусиятлари сабаб Европага мослашиш қийин кечишини таъкидлайди. Кўп ҳолларда Ўзбекистондан чиққан футболчилар жуда тортинчоқ ва камгап бўлади. Аммо йигитларнинг иккаласи бирга кетгани уларнинг янги муҳитга тезроқ мослашишига ёрдам бериши керак.
- Уларнинг бирга кетгани яхши бўлди: бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Агар Ҳасанов талабларни тўғри қабул қилса ва ўйин амалиётига эга бўлса, унинг Европада яхши футболчи бўлиб етишиши учун барча имкониятлар мавжуд, - деб ҳисоблайди Европа футболини ичидан биладиган Илёс Зейтуллаев.
Шу билан бирга, Зейтуллаев жисмоний тайёргарликни кучайтириш зарурлигини ҳам таъкидлади.
- Бу ерда гап умумий чидамлилик ҳақида эмас, балки портловчи куч, қудрат ва интенсивлик ҳақида кетмоқда. Европада буни ривожлантириш мумкин, аммо у бошқа даражага чиққанини тушуниши, мураббийларга ишониши ва интизом билан зарур ишларни бажариши керак, - деб ҳисоблайди “Бунёдкор” мураббийи.
Сергей Арсланов эса биринчи ўринга техника эмас, балки характерни қўяди.
- Европада мутлақо бошқа шароит, талаблар, анъаналар ва ҳаёт тарзи мавжуд. Ватанда эса оила, дўстлар ва танишлар ёнингизда бўлади, шунинг учун футболчи маълум бир қулайлик ҳудудида яшайди. Бошқа мамлакатда эса кўп нарса фақат унинг ўзига боғлиқ бўлади, - дейди Арслонов.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, футболчилар тил тўсиғини енгиб ўтишлари, бошқача муҳитга кўникишлари ва жиддий рақобатга бардош беришлари ва синовлардан кучлироқ бўлиб ўтишлари лозим.
Трансфер қачон ўзини оқлайди?
“Брага”га кўчиб ўтишнинг ўзиёқ яхши карьеравий қарор бўлиб кўринади. Клубда замонавий инфратузилма, кучли академия ва ёш футболчилар билан ишлашнинг аниқ модели мавжуд.
Бироқ бу қадамга баҳо беришда клуб номи эмас, балки футболчиларнинг кейинги ривожланиши асосий мезон бўлади.
Агар Ҳасанов ва Содиқов мунтазам равишда U23 жамоасида ўйнаб, кейинчалик “Брага B”гача етиб борса, бу ўтиш ўзини оқлаган ҳисобланади. Агар улар ёшлар таркибининг чуқур захирасида қолиб кетиб, ўйин амалиётисиз қолса, машҳур номнинг ўзи фойда келтирмайди.
- Бу ёшда энг муҳими – ўйнаш. Агар футболчи U23, ёшлар ёки иккинчи жамоада ўйин амалиётига эга бўлса, бу фойдали. У ерда тактик ва жисмоний тайёргарликнинг бошқача даражаси мавжуд, - деб таъкидлайди Илёс Зейтуллаев.
Шу билан бирга, мутахассис айрим ҳолатларда Ўзбекистон чемпионатида катталар футболида мунтазам ўйнаш, Португалиянинг қуйи дивизионларида аниқ истиқболсиз юришдан кўра фойдалироқ бўлиши мумкинлигини ҳам тан олади.
Ҳозирча Ҳасанов ва Содиқов фақат имкониятга эга бўлишди, холос. “Брага” уларда замонавий футболда қадрланадиган сифатлар – тезлик, жасорат, дриблинг ва ностандарт ҳаракат қилиш қобилиятини кўрди.
Энди эса улар бу сифатлар Европа интенсивлигига, рақобатига ва катталар футболи талабларига бардош бера олишини исботлашлари керак.

Фикрлар